Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 14:17

Стив Свердлов: Ўзбекистонга киритилишим тўғрисидаги баёнот мен учун янгилик бўлди


Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик радиоси студиясида.

Human Rights Watch (HRW) ҳуқуқни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти делегациясига 7 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистонга киришга рухсат берилди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюсселда ўтган “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгаши якунларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Брюсселда ўтган “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгаши якунларига бағишланган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтди.

Унга кўра, Human Rights Watch (HRW) ҳуқуқни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти делегацияси август ойида Ўзбекистонга келади. HRW делегациясига ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов раҳбарлик қилади. Комилов ташқи ишлар вазирлиги бу масалада ташкилотнинг ижрочи директори Кеннет Рот билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини айтди.

Абдулазиз Комилов: “Шунга ўхшаш бошқа ташкилотлар ҳам бизга келадилар, улар билан ҳамкорлик қиламиз, бизда кун тартибидан чиқаришга ёки яширишга ҳаракат қиладиган нарса йўқ”, деб билдирди.

Стив Свердлов Озодлик радиосига берган суҳбатида Абдулазиз Комиловнинг бу баёноти ўзи ва ташкилот учун янгилик бўлганини айтди.

Свердловнинг билдиришича, ташкилот Ўзбекистонга киришга рухсат берилишини сўраб Тошкентга мурожаат қилган, лекин ҳозирча бу мурожаатга расмий жавоб олинмаган эди.

-Биз Ўзбекистонда халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимояси ва жамоат ташкилотлари учун майдон кенгайтирилаётгани тўғрисидаги ҳар қандай билдирувларни қўллаб-қувватлаймиз. Лекин биз ҳозирча Абдулазиз Комилов сўзларининг расмий тасдиғини кутмоқдамиз. Шу билан бир қаторда бу каби баёнотларнинг берилиши Ўзбекистонда “музларни эритиш” каби муҳим жараённи бошлашга уриниш бўлаётганидан дарак беради. Ўзбекистонга БМТнинг инсон ҳуқуқлари Олий Комиссарининг ташриф қилгани, ҳозирча қоғозда бўлса ҳам суд ислоҳотини ўтказишга ҳаракат бўлаётгани бизни қувонтирмай қўймайди, -деди Стив Свердлов.

Human Rights Watch вакили ўз ташкилоти Тошкентни “зудликда сиёсий маҳбусларни, жумладан, қамоқда оғир аҳволда қолаётган журналистлар Дилмурод Саййид ва Солижон Абдураҳмонов озод этишга чақиришда давом этиши”ни таъкидлади.

Свердлов “Мустақиллик куни муносабати билан президент Мирзиёвда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари борасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариши учун яна бир имконият пайдо бўлади ва у сиёсий маҳбусларни зудликда озод этишига умид қиламиз”, деб айтди.

Айни пайтда Комилов Брюсселдаги матбуот анжуманида “ҳуқуқ ҳимоячиларининг келиши Ўзбекистон уларнинг барча талаблари ва шартларини қабул қилишини англатмайди. Муносабатлар ҳар томонлама бўлиши лозим ва қандайдир масалалар бўйича манфаатларимиз тўғри келмай қолса, бу ҳар қандай ҳамкорлик тўхтатилишини англатмаслиги лозим”, деб билдирган.

17 июль куни Абдулазиз Комилов “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Брюсселга борган эди.

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Ислом Каримов вафотидан сўнг ўтказилган энг юқори даражали сиëсий сўзлашувларда Ўзбекистондаги демократия¸ инсон ҳақлари вазияти муҳокама қилинди, шунингдек, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга оид келишувга ҳам эришилди.

Human Rights Watchнинг Тошкентдаги ваколатхонаси 1996 йилда очилган ва шундан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб, таҳлил қилиб борган эди.

2005 йил Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкент бу ташкилот фаолиятига ўта тоқатсиз бўлди ва ташкилотнинг икки вакили Олег Воронцов ва Стив Свердловга акредитация бермади.

2010 йилнинг декабр ойида эса Адлия вазирлиги ваколатхонани ёпиш тўғрисидаги ариза билан Олий судга мурожаат қилди.

2011 йилнинг 9 июлида Олий суд НRW ташкилотининг Тошкентдаги идорасини тугатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG