Линклар

Cенатор: Мансабдорлар депутатлар сўровини кўриб чиқишда сансалорлик қилмоқда


Мансабдор шахслар томонидан депутат сўровларини кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйилмоқда, депутат сўрови бўйича аксар ҳолларда юзаки жавоб берилмоқда (“Халқ сўзи”, 19 июль). Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Муҳаммаджон Мақсудовга кўра, вилоят, шаҳар, туман Кенгашларида у ёки бу қарор қабул қилиниши жараёнида депутатлар қизғин мунозаралар, тортишувлар қилиш ўрнига бир овоздан маъқуллаш ёки “кутиб туриш позицияси”ни афзал кўрмоқда.

“Жойлардаги депутатларимиз сўзи, талаби етарли таъсирга, кучга эга эмаслиги қатор объектив ва субъектив омиллар билан ҳам боғлиқ. Масалан, ҳозирги вақтда вилоят ва туман депутатларининг аксарияти маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари, айниқса, турли давлат тузилмалари раҳбарлари ҳисобланади. Табиий савол туғилади: депутатнинг ўзи ижро ҳокимияти вакили бўлатуриб, маҳаллий ижро органлари фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириши мумкинми? Йўқ, албатта. Чунки маҳаллий ижро органлари раҳбарлари кўзига ёмон кўриниб қолмай, деган андиша билан сайловчилар, электорат манфаатларини фаол ҳимоя қилолмайди”, дейди сенатор М. Мақсудов.

Қайд этилишича, бугунги кунда депутат ва сенаторлар мамлакатдаги сиёсий жараёнда янада фаолроқ бўлиши, иш фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиши лозим.

XS
SM
MD
LG