Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:22

Ўзбекистонда ўзини ҳимоя қилиш учун қурол олиб юришга рухсат берилиши мумкин


Қурол сотилувчи дўкон.
Қурол сотилувчи дўкон.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилган “Қурол тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ватандошларга ўзини ҳимоя қилиши учун қуролга эга бўлиш ҳуқуқи берилиши қайд этилган. Ўзини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудида қуролни ватандошлиги бўлмаган шахслар ва хориж ватандошлари ҳам сотиб олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ўзини ҳимоя қилиш қуроллари. Қуролни кимлар сотиб олиши мумкин?

Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Қурол тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 5-моддаси 3-бандида хусусий шахсларга ўзларини мудофаа қилишлари учун қурол олиб юришга рухсат берилиши қайд этилган.

Лойиҳада айтилишича, ватандошлар, хориж ватандошлари ва ватандошлиги йўқ шахслар ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида газли тўппончалар, газ баллончалари, кўздан ёш оқизувчи ёки безовта қилувчи воситалар, электрошокерлар каби қуролларга эга бўлишлари мумкин.

Бу қуроллар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаб берган меъёрларга жавоб бериши зарур.

Ўзини ҳимоя қилиш қуроллари кўпи билан 10та патронга мослашган бўлиши шартлиги қонун лойиҳасида таъкидланган.

Бундан ташқари юридик шахсларга ва ҳукумат лавозимидаги айрим раҳбарларга ҳам қурол олиб юриш ҳуқуқи берилади.

“Махсус хизмат топшириғига эга юридик шахслар ва қурол олиб юришга ҳақли бўлган давлат органлари раҳбарларининг рўйхати, уларга бериладиган қурол-яроғлар айланмаси, сақлаш, олиб юриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилади”, дейилади қонун лойиҳасида.

Қуролга эга бўлган барча шахслар уни тегишли ташкилотларда рўйхатдан ўтказиши мажбурий ҳисобланади.

Судланганларга қурол олиб юришга рухсат берилмайди

Қонун лойиҳасида ҳимоя қуролларини сотиб олишнинг тартиби ҳам кўрсатилган.

Бунинг учун қурол сотиб олишни истаган шахс 18 ёшга тўлган, яшаш жойидаги ички ишлар органларидан номи аниқ кўрсатилган қуролни сотиб олишга берилган рухсатномага, рухий соғломлиги тўғрисидаги маълумотномага, қуролни сақлаш ва ишлатиш бўйича махсус билим ва кўникмага эга бўлиши шарт.

Ўзини ҳимоя қилиш ва бошқа мақсадлар учун қурол жиноят содир этгани учун судланганларга, жазони ўтаётганларга, доимий яшаш жойига эга бўлмаган одамларга, жиноят иши қўзғатилган шахсларга, бир йил давомида қайта маъмурий жавобгарликка тортилганларга, қонунбузарликлар содир этганларга, жамоат тартибини бузувчиларга, ов қилишнинг тартиб-қоидаларини бузганларга сотилиши тақиқланади.

Хомиладорларга, ногиронларга, ўсмирларга қурол қўллаш тақиқланади

Қонун лойиҳасида ўзини ҳимоя қилаётган одам қуролни ишлатишдан олдин таҳдид қилаётган одамни қуроли борлиги тўғрисида огоҳлантириши лозимлиги таъкидланган.

Бундан тақшари ҳимоя қуролларини ҳомиладор экани аниқ сезилиб турган аёлларга, балоғат ёшига етмагани билиниб турган шахсларга, ногиронларга нисбатан қўллаш тақиқланади.

Бироқ юқорида санаб ўтилган тоифалар томонидан қуролли ҳужум ёки ҳаётга хавф солувчи таҳдидлар бўлган ҳолда, уларга нисбатан ҳам белгиланган чегарадан чиқмаган ҳолда қурол ишлатиш мумкин.

Ўзини ҳимоя қилган одам қуролини ишлатиш чоғида кимгадир жароҳат етказган бўлса, бу ҳақда бир сутка мобайнида ички ишлар органларини огоҳлантириши зарур.

Қонин лойиҳасида қурол сотиб олган шахс қуролни ўн кун ичида тегишли органларда рўйхатдан ўтказиши лозимлиги белгиланган. Лойиҳада қурол олиб юриш ҳуқуқи уч йилга берилиши назарда тутилади.

Мазкур лойиҳа муҳокама натижасида қайта ишланганидан сўнг 2017 йилнинг 1 сентябригача ҳукуматга тақдим этилиши лозим. Шундан сўнг ҳукумат лойиҳани кўриб чиқиш учун Олий Мажлисга жўнатади.

XS
SM
MD
LG