Линклар

Ўзбекистонда қарздорларни электр ва газдан узиш тартиби тасдиқланди


Газ ҳисоблагич, Тошкент

Ўзбекистон ҳукумати қарздорларни электр ва газ тармоқларидан узиш тартибини тасдиқлади.

Podrobno.uz агентлиги хабарига кўра, янги тартибга биноан "Ўзбекэнерго" ва "Ўзтрансгаз" корхоналари электр ва газдан қарздорларнинг рўйхатини тайёрлаб, ҳар ойнинг 11-санасидан бошлаб, кундалик равишда Мажбурий ижро бюрога бериб боради.

Бюро эса, аввалига, қарзини тўлаш учун истеъмолчига 5 кун муддат беради ва огоҳлантиради. Аммо, огоҳлантириш хати юборилгандан 5 кун ўтиб ҳам қарзини тўламаган истеъмолчи тармоқдан узилади.

Хабарда айтилишича, электр ва газдан узилган исътемолчилар ҳақидаги маълумотлар мамлакатда мавжуд ягона электрон ахборот базасига киритилади.

Тармоққа қайта уланишни истаган истеъмолчилар қарзини тўлаши ва бунга қўшимча равишда, қайта уланиш учун белгиланган энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдоридаги тўловни ҳам тўлаши лозим.

Аммо, ҳали бу тартиб тасдиқлангани ҳақидаги хабар берилмасидан туриб, Мажбурий ижро бюроси ​директори Ботир Қудратхўжаев ЎзА билан суҳбатда, электр энергиясидан қарздор бўлган 48 минг 376, табиий газдан қарздор бўлган 22 минг 146 истеъмолчи тармоқдан узилганини айтган.

XS
SM
MD
LG