Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:23

Гулнора Каримовани ким қандай мақтаган эди?


Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов ва Гулнора Каримова
Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов ва Гулнора Каримова

Таниқли ўзбек рассоми¸ ҳали Гулнора Каримова қудратда пайтида унинг журнал муқовасидаги сурати ўрнига маймун расмини чизиб, Венеция биенналесида эълон қилган 69 яшар Вячеслав Охунов Озодлик билан суҳбатда “Гулнора Каримованинг маддоҳлари қаерга кетди?” деган саволни кўндаланг қўйди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасининг "Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар"и билан танишган рассом “Айни айбловлар экспертлар ҳамда хорижий ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан илгари сурилганида, бундан атиги бир йил муқаддам ҳам ўзбекистонлик таниқли артист, бастакор ва санъат арбоблари президент қизини ҳимоя қилган эди, бугун эса нега улар жим?” деб хайрон бўлди Озодлик билан суҳбатда.

"Гулнорага мафтун бўлиб, билмасдан мақтаб қўйибман"

Вячеслав Охуновнинг бу саволи ортидан, Озодлик мухбири ўз вақтида Гулнора Каримова тадбирларида фаол қатнашган Ўзбекистон халқ артисти билан суҳбатлашди. (Халқ артисти Гулнора Каримовани мадҳ қилганидан уялгани боис исми очиқланишини истамади)

Суҳбатдош ўз сўзини “агар отамнинг ўлишини билганимда, чакса кепакка сотардим”, деган мақол билан бошлади. Унга кўра¸ ўз вақтида Гулнора Каримованинг оддий одамларга кўмак бергани¸ оғир касалларга ëрдам берганлигини кўриб туриб ҳаяжон остида уни мақтаган:

- Тўлқинланиб кетиб куйлаганман. Гулноранинг фаришта эканлигига ишонганман. Халқ ўз қахрамонини тўкис кўргиси келади. Мен ўз вақтида Гулнорани қаҳрамон қилганимдан уяламан. Лекин мен унинг ëмон тарафини билмаганим учун мақтаганман¸ деди исми айтилишини истамаган халқ артисти.

"Улар ўзларини овсарликка солмоқда"

Бу гапга жавобан таниқли рассом Вячеслав Охунов “Гулнорани билмасдан мақтаб қўйибман деган маддоҳлар яна ëлғон гапирмоқда”, дея таъкидлади.

- Аҳмоқми улар? Нимадан ҳабари йўқ экан? Ҳамма¸ ҳамма нарсани билган эдилар. Шунчаки, булар унвон¸эътироф учун маддоҳлик йўлини танлашган эди. Бугун улар ўзларини овсарликка солишмоқда. Гулнора тадбиркорларнинг бизнесини тортиб олаëтгани¸ одамларнинг қўлини қайриб олиб кетаëтгани¸ солинаëтган ўлпонлар ҳақида бутун Тошкент гапирарди. Билиб билмаганга солмоқда бу яловчилар”.

Ўзбек рассоми Гулнора Каримовани маймун шаклида тасвирлаган эди
Ўзбек рассоми Гулнора Каримовани маймун шаклида тасвирлаган эди

Тармоқ ҳам ҳимоя қилмай қўйди

Гулнора Каримова “исталмаган шахсга айланган” 2014 йилда ижтимоий тармоқларда #ГулиВеры (Гулига ишонувчилар маъносида) деб танилган гуруҳларнинг ўн минглаб аъзолари “Гулнора Каримова учун жонимиз фидо!” деб чиққан эди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Каримова қамоққа олингани борасидаги ҳабарномаси ортидан бу гуруҳ фаоллари билан боғланишга уринишимиз бесамар бўлди.

Гулнора Каримова ҳимоячилари орасида Фонд Форум ташкилотининг собиқ матбуот котиби Динора Дўлтаева ҳам бор эди.

Шу кунларда янги ташкил қилинган “Ўзбекистон ëшлар иттифоқи ” матбуот котиби вазифасида ишлаëтган Дўлтаева Гулнора Каримова борасида изоҳ бермади.

Динора Дўлтаева Гулнора Каримова ëнида
Динора Дўлтаева Гулнора Каримова ëнида

Озодлик ўз саволини бошлаши биланоқ Дўлтаева No comment, деб телефонни қўйиб қўйди.

Маликанинг узуми

Ижтимоий тармоқларда Гулнора Каримовани ҳимоя қилувчилар қумга сингган сув каби ғойиб бўлгани кузатилса-да, “Гулноранинг ўрнида сиз бўлганингизда айни ишни қилардингиз”, дея оқлашга уринаëтганлар ҳам бор.

Улар 2013 йили Дубайдаги концерти пайтида “Гулисан” қўшиғини тақдим қилган халқ артисти Юлдуз Усмонованинг фикрини такрорлашмоқда.

Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонова Гулнора Каримовага бағишланган “Гулисан”, деган қўшиқ тақдимотида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизининг саноқсиз бойликлари билан қизиққан журналистларни танқид ҳам қилиб ўтган эди:

- Сизларни нима ишларинг бор уни пули қаердан келгани ҳақида?! Малика-ку у ахир¸ узумини енглар, боғини суриштирманглар¸- деган эди Юлдуз Усмонова.

Бугун бу гапларни, балки, "Ўзбекистон Бош прокуратурасига қарата айтарсиз?" дея юридик дипломга эга бўлган Юлдуз Усмоновага савол беришга чоғландик.

Юлдуз Усмонованинг маъмури қўшиқчининг Озодлик саволларига жавоб бера олмаслигини айтди.

Юлдуз Усмонова
Юлдуз Усмонова

Остида тама яширинган маддоҳлик тарихи

Интернетдаги Youtube.com порталига юкланган видеотасвирда Юлдуз Усмонова 2013 йилда Гулнора Каримовага таъзим қилаëтган онлари акс этган.

Youtube.com порталидаги тасвирда Юлдуз Усмонова президентнинг қизига миннатдорлик маърузасини рус тилида бошлаб, ўзбекча давом эттирган эди:

- И хочу сказать, жудаям кўпчилигинглар гап орқали биласизлар, холос. (Гулнора Каримова ҳақида айтиляпти - таҳр.) Ўзи мана шунақанги бир садда қиз. (содда қиз демоқчи - таҳр.) Бир одамни атрофига пластилинга ўхшаб ëпиштириб, бир нарсалааа қиб ташлайди... Отангга балли қиз бу. Чунки қатта бўсаям, ўзини атласини тошийди. Қатта бўсаям ўзбеклигини оборади. Шунинг учун Оллоҳдан юққани рост бўлсин! (Нима юққани ҳақида аниқлама йўқ - таҳр.) Ҳаммамизнинг йўлимизни рост қилсин! (Обид Асомов тарафга қараб қўяди - таҳр.) Халқнинг йўли очилсин! Мана шунақанги қизларимизниям йўли очиқ бўлсин, деган эди юрист дипломига эга собиқ депутат, халқ артисти Юлдуз Усмонова. (Матнда хонанданинг сўзлашув услуби айни ҳолида сақланди - таҳр.)

Ана шундан кейин Юлдуз Усмонова Гулнора Каримовага бағишланган “Гулисан” қўшиғини яна бир бор ижро қилган эди :

Қордан қўрқмас чучмома,

Гуллайверсанг қишда ҳам,

Қишнинг Гулисан.

Ҳар кўнгилга йўл топиб,

Исëнини ололсанг,

Кўнгил Гулисан.

Озодликнинг 2013 йилги "Қурултой" эшиттиришида қатнашган Ғуломжон Ëқубов ҳам Гулнора Каримованинг маданиятга қўшган улкан ҳиссаси ҳақида таъкидлаган эди:

- Гулнора – дипломат! Гулнора – тадбиркор! Гулнора – дизайнер-модельер! Гулнора – қўшиқчи! Гулнора – саҳоватпеша! Гулнора ижодкорларни қўллаб қувватлашни ҳам қойиллатади! Э, қойилман! Аёл боши билан шунча талантга эга эканига қойилман, - деган эди Ғуломжон Ëқубов.

Қўшиқчилар меҳрига сазовор бўлган Гулнора Каримованинг ўзи ҳам қўшиқ куйлаб донг чиқармоқчи бўлгани яқин тарих зарварақларига муҳрланган.

Ўзбек шоири Усмон Азимов ўз шеърларини Каримовнинг қизи тилидан қўшиқ бўлиб тўрт тарафга таралаëтганидан хурсандлигини Озодликка билдирган эди.

- Бу қўшиқлар энди озми-кўпми мумтоз хазинага айланиб қолган. Каримовнинг қизлари айтди. Ўзбекча қилиб айтишди. Мен жуда ҳам хурсанд бўлганман, - деган эди Усмон Азим.

Таниқли ўзбек бастакори, Ботир Зокиров, Муҳаббат Шамаева, Наргис Бойҳонова каби ашулачиларга қўшиқ ëзган Дилором Сайдаминова Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовани талантли қиз, деб эътироф қилган эди:

- Гулноранинг диски анча яхши қўшиқлардан иборат. Гулнора Каримова жуда қобилиятли, талантли аëл. Худо сийлаган уни, деб биламан, - деган эди бастакор.

Муашшаҳ ëзган мулла

Гулнорага бағишлаб қасида ëзишда, Халқ артистлари билан беллашаман деб, дин пешволари ҳам ўртага чиққани кузатилган эди.

Ўзбекистон Ислом университиети домласи, диншунос олим Саидабзал Саиджалолов Бобур таваллудига бағишланган тантанада Гулнора Каримовага бағишлаб муашшаҳ жанрида ëзилган ғазалини заррин рамкага солиб тақдим қилган.

Диншунос олим Гулнорага аталган мувашшаҳни Озодлик билан суҳбатда ëддан ўқиб берган эди:

Гўзалликка мудом ошно бўлибсиз¸

Умидбаҳш нигоҳдан кўнгиллар масрур.

Латофат-ла муҳаббатга тўлибсиз¸

Ноëб эҳсонингиз ҳаммага манзур.

Оромбахш сўзингиз ҳар дардга дармон.

Раҳмат дарëсидан бўлинг баҳраманд

Асло дилингизда қолмасин армон.

Бу мисралар ëнбошдан ўқилганида "Гулнора", деган исм кўринади. Ана шундан кейинги 8 сатрда "Каримова" деган сўз ҳам муашшаҳ рамкасига тиқилади.

Бу сатрлардан бирида Гулнора Каримовага қарата шоир: “Раҳнамолик юки тоғдан-да оғир”, дея дардкашлик қилади.

Домла ўз мувашшаҳини Каримовага тақдим қилмоқда
Домла ўз мувашшаҳини Каримовага тақдим қилмоқда

"Гулнора Каримова билан учрашувдан кейинги ҳаяжоним ҳали ҳам босилмади", деган эди диншунос олим Озодлик билан суҳбатда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:00 0:00
Бевосита линк

Замонамиз Нодираси?

Тошкентдаги “Дийдор” театр студияси тақдим қилган “Нодирабегим” спектаклида бош ролни ижро қилган 24 яшар Назокат Нарзиева ўтган йиллардаги суҳбатларимиздан бирида "Гулнора Каримова - замонамиз Нодираси", деб таъкидлаган эди.

- Ташкилотчилиги, халқ билан ишлаши, одамларга ëрдам беришини мисол қилиб оладиган бўлсак, Гулнора Каримовани Нодирабегимга мисол қилиб олишимиз мумкин. Юрт учун ўзини қурбон қилиб ëки юрт учун ҳамма нарсани қилаëтган аëл. Юртимиз учун жонкуярлик қилаëтганини олиб қарашимиз мумкин, - деган эди Нодирабегим роли ижрочиси.

Гулнора иқтидорда турган пайтда бу гапни гапирган суҳбатдош, пировардида уй қамоғига олиниб, жазоланган тарихий шахс Нодирабегим тақдири Гулнора Каримовага насиб қилишини ўйламаган бўлса керак.

Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов Гулнора Каримова васийлик қилган Форум Фонди томонидан ташкил этилган ҳар бир тадбирда фаол иштирокчи ўлароқ қатнашиб келган.

Мурод Ражабов 2013 йили Би-Би-Си ўзбек хизматига берган суҳбатида Гулнора Каримова айтган қўшиқни эшитиб кўзига ëш олганини эътироф қилган эди:

- Энди Гулнорахоннинг оталари ҳақида айтган қўшиқ кўпчилик ёшларимизга ўрнак бўлди. Оталари ҳақида айтибдилар, менинг назаримда, бу жуда ҳам катта гап. Масалан, менга жуда ҳам ёқди, ўша пайтда эшитиб кўзимга ёш келди. Қўшиқнинг ўзи жуда ҳам яхши ёзилган ва Гулнорахоннинг ўзи бу қўшиқни жуда ҳам самимий айтдилар. Энди қай даражада кимга ёқди, кимга ёқмади, мен жуда ҳам яхши қабул қилдим, - дея таъкидлаган эди таниқли актер.

Аммо, сал ўтмай, Гулнора Каримова ҳатто ўз отаси учун исталмаган шахсга айланар экан, бу гапларни айтган Мурод Ражабов ҳам ишдан бўшатилди.

Гулнора Каримова ва Мурод Ражабов
Гулнора Каримова ва Мурод Ражабов

Ягона танқидчи

Ҳозирча, рассом Вячеслав Охунов, мамлакат ичкарисида туриб Гулнора Каримова қудратда турган пайтда танқид қилган ягона ижодкор бўлиб қолмоқда.

Рассом Охунов асари
Рассом Охунов асари

Тошкентда Гулнора Каримова ҳомийлигида ўтган "Art Week Style.uz-2011" санъат ҳафталигига таниқли рассом Вячеслав Охунов ўзига хос тарзда норозилик билдирган эди.

Кўргазма ташкилотчиси Гулнора Каримова истагига зид бўлган бу норозилик тадбири ҳақида рассомнинг ўзи Озодлик билан бугунги суҳбатда эслади:

- Гулнора Каримова билан тўқсонинчи йиллар охирида танишувдим. Олдинига санъатга қизиқадиган самимий аëл сифатида кўринди. Кейин эса, кўз оилдимда бу қиз бойлик ва ҳокимият афюнидан маст бўлди. Бандитга айланди. Шу боис у хоним қатнашган кўргазма очилишида мен кўкрагимга бейжик тақиб олдим. Бу бейжикда инглиз тилида "Мен рассом эмасман. Мени безовта қилманглар" деган ëзув бор эди. Бу ëзув ëнида менинг фотосуратим бор эди”.

Охуновнинг назарида ўзбек замонавий санъати эҳтиëжи учун эмас, балки Президент қизининг хархашаси сифатида юқоридан туширилган буйруқ асосида уюштирилган бундай тадбир ҳақиқий рассом учун ëтдир.

– Мен бу тадбирдаги рассомларга қарата: Болалар мен сизлар билан эмасман. Мен кўкрагимдаги ëзув орқали бундай зона дунëга танилган рассом учун ëт муҳит, деган муждани бердим.

Рассом Вячеслав Охунов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:14 0:00
Бевосита линк

Рассом Охунов ана шундан кейин кўргазмани буткул тарк қилиб кўчага чиққани ва ўзига хос норозилик тадбирини кўчада давом эттирганини эслайди.

- Ўшанда кўргазмага йиғилган ижодкорлар мени тушунишмаган эди¸ балки бугун прокуратура ҳабарномасини ўқиб тушнишган бўлса ажаб эмас¸ дейди ўз вақтида Гулнора Каримова нашр қилган "Белла Терра" журналининг муқовасидаги Гулнора Каримова расмини маймун расми билан алмаштириб, ўзбек санъати ихлосмандларига эстетик-кесатиқ жанри ҳам борлигини эслатган рассом.

XS
SM
MD
LG