Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:50

Қўшниси нотинч Туркманистон террор хавфидан қўрқмоқда


Жангарилар Афғонистоннинг Туркманистонга чегарадош вилоятларини назорат қилиб турибди ёки тобора фаоллашиб бормоқда. Шу сабабли расмий Ашхобод ўз ҳудудига экстремистик ҳужумлар хавфидан тобора ташвишга тушмоқда. (Архив сурати)
Жангарилар Афғонистоннинг Туркманистонга чегарадош вилоятларини назорат қилиб турибди ёки тобора фаоллашиб бормоқда. Шу сабабли расмий Ашхобод ўз ҳудудига экстремистик ҳужумлар хавфидан тобора ташвишга тушмоқда. (Архив сурати)

Туркманистон маъмурлари сўнгги пайтларда хавфсизликни таъминлаш масаласига одатдагидан кўра кўпроқ эътибор қаратмоқда.

Террор хавфидан хавотир, айниқса, Туркманистон халқаро тадбирга мезбонлик қилишга тайёргарлик кўраётган пайтда яққол кўзга ташланмоқда.

Ҳукуматнинг хавотирга тушишига сабаб бор: Афғонистоннинг ушбу мамлакат билан чегарадош ҳар бир вилоятида уруш бўлмоқда.

Афғонистон маҳаллий ҳокимият идоралари вакилларининг айтишича, маҳаллий ҳарбий қўмондонлар, қишлоқ аҳолиси ва Толибон шарқдаги Жузжон вилоятидан тортиб, Фарёб ва Бадғис вилоятию ғарбдаги Ҳирот вилоятигача бўлган ҳудудлардаги ўнлаб туманларни назорат қилади ёки уларга таъсири бор.

Таъсир кучига эга кишиларни фақат Толибон вакиллари деб бўлмайди.

20 июнь куни Ислом давлати (ИД) экстремистик гуруҳи Жузжон вилоятига қарашли Дарзаб туманини ишғол этганини иддао қилиб чиқди. Ҳукумат ҳам, Толибон вакиллари ҳам ИД Дарзабни қўлга олганини эътироф этди.

Кейинчалик ИД жангарилари ҳам ҳукумат, ҳам Толибон қўшинларининг турли тарафлардан ҳужум қилиши оқибатида у ердан улоқтириб ташланди. Аммо ИД қўшинларининг Афғонистоннинг шимоли-ғарбида мавжудлигини энди рад этиб бўлмайди.

Толибон ва Ўзбекистон ислом ҳаракатининг ИДга содиқликка қасамёд қилган аъзолари 2015 йил охирида Ҳирот вилоятида бўлган қақшатқич жангларда анъанавий Толибон қўшинларидан енгилгандан сўнг ҳудудга сочилиб кетган эди.

ИДнинг Ироқ ва Суриядан қочиб чиқаётган жангарилари Афғонистонга келиши кутилмоқда, кўпчилиги шундай қилди ҳам.

Туркманистон раҳбарияти ИД ёки шунга ўхшаш жангариларнинг хатти-ҳаракатларидан хавотирга тушмаслиги мумкин эмас. Бироқ ҳукумат буни билдирмасликка ҳаракат қилади.

Туркманистон Мудофаа вазирлигининг номи сир қолишини истаган вакилининг Озодлик радиосига айтишича, июнь ойида 4 нафар жангари Ҳирот вилоятидан ушбу мамлакат чегарасини кесиб ўтди ва Афғонистон билан чегарадан унча узоқ бўлмаган Каха туманида қўлга олинди.

ИД жангарилари, айни пайтда Туркманистон ватандошлари бўлган шахслар Мари шаҳрига кетаётгани маълум бўлди. Сўроқ қилинганда, улар дастлаб Туркияга боргани, кейинчалик жанг қилиш учун Ироқ ва Сурияга ўтгани маълум бўлди.

ИД жангарилари Туркманистонга йўл солаётгани тўғрисидаги хабар хавотирли, аммо у туркман ҳокимият вакиллари учун янгилик эмас.

Июнь ойида Озодлик радиосига маълум қилинишича, номи аниқ айтилмаган мамлакат (Туркия бўлиши мумкин) ИДга алоқаси бор 4 нафар туркман ватандошини тутиб олиб, Туркманистоннинг куч ишлатар идоралари қўлига топширган. Уларнинг Туркманистонда террорчилик ҳужумини амалга ошириш режаси бўлгани айтилган.

Июль бошида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат хавфсизлик кенгаши мажлисида “ҳар бир ҳарбий хизматчининг бурчи қонуний ҳукуматни ҳимоялаш ва қонуннинг ҳар қандай бузилишига қарши аёвсиз жанг қилиш” эканини айтди.

Маълумки, Туркманистон – ёпиқ мамлакат ва у ерда нималар бўлаётгани хусусида ахборот олиш ниҳоятда мушкул.

Сентябрь ойида ушбу мамлакат Осиёнинг ёпиқ бинолардаги ва жанговор яккакурашлар бўйича ўйинларига (AIMAG) мезбонлик қилади. Бердимуҳамедовнинг ушбу шуҳратпарастлик лойиҳаси сабабли мамлакатга нафақат чет эллик спортчилар, балки ОАВ вакиллари ва томошабинлар ҳам келади.

Туркманистон ҳокимият идоралари бу тадбирга халқаро ҳамжамият эътиборини жалб қилмоқчи. ИД жангарилари ҳам ушбу ўйинлар вақтида ҳужум қилишни режалаштираётган бўлса ажаб эмас, чунки у Яқин Шарқда мағлубиятга учраётгани сабабли еяётган нонини оқлаш учун бу ерда шов-шув кўрсатишга уриниши табиий.

Туркманистон ҳукумати хавфсизликни таъминлаш учун ҳозирданоқ зарур чораларни кўриб қўйди. Ашхобод шаҳрида бегона кишилар яшашига йўл қўймаслик учун аҳолининг пропискаси бот-бот текшириб турилибди. Бошқа вилоятларнинг автомашиналари пойтахтга киритилмаяпти. AIMAG иншоотларида ишлаётган бошқа ерлик қурувчилар шаҳар ташқарисидан қатнаб ишлаяпти.

Бундан ташқари, Туркманистон ҳукумати аҳоли ўртасида "Ислом давлати" террор гуруҳига ёки унга дахлдор чет эл ташкилотлари билан алоқаси бор кишиларни аниқлаш мақсадида текширувлар ўтказмоқда. Чунки Ироқ ва Сурияда кўплаб туркман ватандошлари жанг қилаётгани энди ҳеч кимга сир эмас. Сурия бош муфтийси Аҳмад Бадриддин Ҳассуннинг айтишича, 360 нафар туркман миллатига мансуб киши бошқа ёлланма аскарлар сафида жанг қилмоқда.

Туркманистон БМТ тан олган бетараф мамлакатдир. Ушбу мақом унинг шу пайтгача можаролардан узоқроқ туришига имкон бериб келди. Бироқ Афғонистонда давлатга қарашли бўлмаган жангари гуруҳлар мавжуд. Шу сабабли бетарафлик энди қалқон бўла олмаслиги мумкин.

Зикр этилган хавотирнинг сабаби шу бўлса керак.

XS
SM
MD
LG