Линклар

Шошилинч хабар
18 сентябр 2020, Тошкент вақти: 16:09

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистон Афғонистонда темир йўл қуриш лойиҳасидаги иштирокини давом эттиради

Ўзбекистон Афғонистон ҳудудида темир йўл қуриш лойиҳасидаги шитирокини давом эттиради. Бу ҳақда Sputnik "Ўзбекистон темир йуллари" ширкати раисининг ўринбосари Даврон Деҳқоновга таянган ҳолда 9 август куни хабар берди.

Расмийнинг айтишича, "Ўзбекистон Темир йўллари" ширкати Афғонистонда 2010 йилда "Ҳайратон — Мозори Шариф" йўналишида 100 километрли темир йўл бўлагини қурган.

Деҳқонов Ўзбекистоннинг Афғонистонда темир йўл қуриш лойиҳасидаги иштирокини давом эттириши стратегик аҳамиятга эга эканини айтар экан, мазкур лойиҳа “Афғонистон ва Покистон ҳудудлари орқали Эроннинг Бендар-Аббас портига чиқиш имконини беради”, деб билдирди.

Келажакда амалга ошириладиган лойиҳада “Ҳайратон — Мозори Шариф" йўлини Шиберган ва Маймана орқали Ҳиротга узайтириш назарда тутилмоқда. Бу эса Афғонистон шимолида транспорт йўлагининг яратилишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон ва Афғонистон ушбу йилда транспорт йўлаги ҳисобидан ўзаро савдо айланмасини 1 миллиард долларга еткизишни режалаштирган.

Кун янгиликлари

Автомобилда мусиқани баланд овозда қўйганлар жаримага тортилиши мумкин

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги “аҳоли пунктида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралари овозини баланд қилиб фойдаланганлик” учун қўшимча жавобгарликка тортишни таклиф қилмоқда.

Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 18 сентябрь куни regulation.gov.uz порталида ёйинланган.

Лойиҳада 127-моддада кўзда тутилган жарима миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан (223 минг сўм) уч бараварига (669 минг сўм) ошириш таклиф қилинган.

Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиш зарурати ўлароқ ИИВ Ўзбекистон ҳудудида автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши билан бир қаторда айрим ҳайдовчилар томонидан аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларидан овозини баланд қилиб фойдаланиши ҳоллари ҳам учраётгани, бундай ҳаракатлар фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталиги бузилишига сабаб бўлаётганини келтирган.

Лойиҳа муҳокамаси шу йил 3 октябригача давом этади.

Урганчда Малайзия университетининг филиали очилмоқда

Урганч.

Ўзбекистон ҳукуматининг жорий йил 17 сентябридаги қарори билан Хоразм вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Урганч шаҳрида халқаро “Binary” университети ташкил этилди. Мазкур олий таълим муассасаси Малайзиянинг “Binary” университети филиали ҳисобланади.

ЎзА хабарига кўра, филиал нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади ва у ерда ўқиш инглиз, рус ва ўзбек тилларида тўлов-шартнома асосида амалга оширилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон ва Малайзияда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилиши айтилмоқда.

Самарадан яна 900 муҳожир 19 сентябрда Ўзбекистонга олиб кетилади

Самарадаги муҳожирлар (журналист Людмила Мельниченко фотоси).

Самара вилоятининг Кинель туманида йиғилиб қолган 4 мингдан ортиқ ўзбекистонлик муҳожирнинг 900 нафарга яқини 19 сентябрь куни махсус поездда Ўзбекистонга олиб кетилади. Бу ҳақда Самара вилоят ҳукуматига таянган ҳолда ТАСС хабар берди.

Расман билдирилишича, Ўзбекистон расмийлари 12 ва 14 сентябрь кунлари поездларда 1,5 минг чоғли муҳожирни олиб чиқиб кетган. Биргина сентябрь ойида бу ердан 4 минг муҳожир Ўзбекистонга олиб кетилган. Самара вилоятидан эса жами 8,5 минг муҳожир Тошкент томонидан олиб чиқиб кетилган.

"Кинель туманидаги вақтинчалик яшаш пунктида Ўзбекистон Республикасинининг 4282 фуқароси тўпланиб қолди. Чодир шаҳарчада маъмурий ва тиббий хизмат кўрсатиш палаткалари ҳам бор, бу ерга сув етказиб бериш, озиқ-овқат ва бошқа керакли маҳсулотларини сотиш ташкил этилди”,-дейилади хабарда.

Самара қилоят ҳукумати муҳожирлар яшаётган мазкур лагерда тартибсизликлар ва қонунбузарликлар кузатилмаётганини таъкидлади.

Тошкентда Minerva World of Knowledge халқаро университети қурилиши бошланди

Лойиҳанинг умумий қиймати 500 миллион доллар. Тошкент шаҳар ҳокимли матбуот хизмати фотоси.

Тошкентнинг Сергели туманида 17 сентябрь куни Minerva World of Knowledge халқаро университети қурилиши учун тамал тоши қўйилди. Университетда 10 000 дан зиёд талаба ўқиши мўлжалланмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

Тамал тоши қўйиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, "Minerva World of Knowledge" лойиҳа раҳбари Мурали Лал Жалан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Расман билдирилишича, асосий бино 2021 йилнинг сентябрида қуриб битказилади ва кейин 5 йил давомида бошқа кампуслари, спорт мажмуаси, кутубхонаси ва талабалар турар жойлари бунёд этилади.

29 август куни Ҳиндистоннинг Minerva World of Knowledge ширкати Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан университет қуриш бўйича инвестиция келишувини имзолаган эди.

Умумий қиймати 500 миллион долларлик мазкур лойиҳа доирасида университетдан ташқари касалхона, меҳмонхона ва кўп қаватли уйлар қуриш ҳам режалаштирилган.

Камбағалликни қисқартириш илмий маркази ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг билдиришича, 583 мингта камбағал оила аниқланган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти негизида Ўзбекистонда “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ўрганиш” илмий маркази ташкил этилади.

Мазкур марказни ташкил этилиши тўғрисида Вазирлар маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича 2020-2021 йиллардаги амалий ҳаракатлар режаси”да қайд этилди.

Таъкидланишича, илмий марказ 2020 йилнинг октябригача ташкил этилиши лозим. Марказ фаолияти давлат бюджетидан молиялаштирилади.

Марказ камбағалликни қисқартириш масаласида илмий-услубий ва илмий-тадқиқот ишлари базасини такомиллаштириш, туманлар, шаҳарлар миқёсида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Ҳаракатлар режасида билдирилишича, уйма-уй ўтказилган ўрганишлар натижасида 583 мингта моддий ёрдамга муҳтож камбағал оила аниқланган.

“Уларни қашшоқликдан чиқариш ва бандлигини таъминлаш бўйича мақсадли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бошланди”,-дейилади ҳаракатлар режасида.

Хорижлик сайёҳлар Ўзбекистонга 1 октябрдан гуруҳ бўлиб келиши мумкин

Самарқанддаги туристлар.

Республика аэропортларида, темир йўл станцияларида ва чегара пунктларида шахслар ва транспорт воситаларини ҳаракатланишига рухсат берилаётганлиги муносабати билан халқаро туризмни ташкил этишга нисбатан қўлланилган чекловлар бекор қилинди.

Расмий маълумотда билдирилишича, туристик фирмалар сайёҳлар гуруҳини 5 кишидан кам ва 15 кишидан ортиқ бўлмаган ҳолда шакллантириши лозим. Сайёҳлар Covid-19ни ҳам қамраб оладиган тўлиқ суғуртаси бўлиши шарти билан Ўзбекистонга киритилади.

Туристик фирмалар туристларни ПЗР тест текширувидан ўтказилишини таъминлаши лозим. Бунда ПЗР тест текшируви натижаси манфий бўлган туристларга нисбатан 14 кунлик карантинда сақлаш бўйича чеклов қўлланилмайди, улар Ўзбекистонга киришда коронавирусга текширилмайди.

Турист Ўзбекистонга кириб келган вақтда унда коронавирус аломатлари бўлса, у ўтказиш пунктида ўз ҳисобидан коронавирусга ПЗР ёки экспресс-тест ёхуд антиген текширувидан ўтиши лозим.

Тест мусбат чиқса, сайёҳ ўз ҳисобидан карантинга олиниб, даволанишдан ўтади ёки ўз мамлакатига қайтади.

Хорижий туристлар Ўзбекистонда мавжуд карантин чекловлари ва санитария талабларига қатъий риоя этган ҳолда ҳаракатланишлари лозим.

Бу борадаги талаблар бажарилиши туристик фирмалар зиммасига юклатилди.

Ўзбекистонда коронавирусдан 11 ёшли бола вафот этди. У коронавируснинг энг ёш қурбони бўлди

17 сентябрь куни мамлакатда 599 кишида коронавирус аниқланди, 618 нафар бемор тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 17 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшаган 11 ёшли М.У., исмли ўғил бола коронавирусдан вафот этди. У Ўзбекистонда коронавируснинг энг ёш қурбони бўлди. Бунга қадар Ўзбекистонда балоғатга етмаган болаларнинг коронавирусдан ўлгани қайд этилмаган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 11 ёшли боланинг вафоти ҳақида батафсил маълумот бермаган.

Вазирликнинг 18 сентябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида Тошкент шаҳрида 3 нафар, Тошкент вилоятида 3 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 415 кишига етди. Вафот этганларнинг 291 нафари Тошкент шаҳридан, 59 нафари Тошкент вилоятидан.

17 сентябрь куни мамлакатда 599 кишида коронавирус аниқланди, 618 нафар бемор тузалди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 49 761 нафар бемордан 46 092 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 254 нафар бемордан 478 нафари оғир, 269 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ўзбекистон 1 октябрдан чегараларини тўлиқ очмоқда

Ўзбекистондаги чегара пунктларидан бири.

Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, жорий йил 1 октябридан Ўзбекистонга авиация, темир йўл ва автойўл ўтказиш пунктлари орқали кириб-чиқишга рухсат берилди. Шу тариқа, аввал жорий қилинган чекловлар бекор қилинади.

Қарор билан масъул идораларга чет давлатлар мутасадди идоралари билан музокаралар ўтказиб, барча турдаги халқаро қатновлар (авиа, темир йўл, автобус қатновлари) сонини кўпайтириш бўйича топшириқ берилган.

Қайд этилишича, янаги ойдан бошлаб, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон билан чегарада жойлашган автойўл ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кираётган шахслар коронавирусга ПЗР ёки экспресс-тест ёхуд антиген текширувидан ўтган ҳолда 14 кунга меҳмонхона ёки уй карантинига юборилади.

Сўнгги 14 кун давомида “яшил” давлатда (Хитой, Таиланд, Малайзия, Жанубий Корея, Грузия, Венгрия, Финландия, Латвия, Австрия ва Япония) бўлиб турган шахслар Ўзбекистон ҳудудига тўғридан тўғри киритилади.

“Сариқ” (Озарбайжон, Беларус, БАА ва Европа Иттифоқи давлатлари - Буюк Британия ва Испания бундан мустасно) ҳамда “қизил” давлатлардан (қолган барча давлатлар) кириб келаётган шахслар эса сўнгги 72 соат давомидаги коронавирусга ПЗР тести натижалари манфий чиққани тўғрисида маълумотнома тақдим этган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига киритилади.

Сенат аъзоси карантин қоидаларини бузган артистларнинг жарима билан қутулиб кетаётганидан норози

Сенатор Бахтиёр Сайфуллаев (senat.uz сайтидан олинган фотосурат).

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев тўйларига 30 нафардан кўп меҳмон чақирган санъаткорларнинг жарима билан қутулиб кетаётганидан норозилик билдирди. Бу норозилик унинг Сенат сайтида ёйинланган мақоласида акс этган.

Албатта, ёшларимизни янги оила остонасига қадам қўйганликлари билан табриклайман. Аммо коронавирус балоси ҳали ўз таъсир кучини кўрсатиб, кундан-кунга касалланиш ортиб бораётган бир вақтда махсус комиссия талабларига зид равишда 30 кишидан ортиқ меҳмонларни йиғиб, карантин тартиб қоидаларга риоя этмаслик ва охир-оқибат яқинларимизнинг соғлиғини, ҳаётини хавф остига қўйиш тўғрими?”, дея савол ташлаган сенатор.

Мақолада муаллиф “Браво” жамоаси вакили Аҳмад Темиров ҳамда хонанда Воҳиджон Исоқовларнинг никоҳ тўйлари тасвирланган видео ва фотолавҳалар тарқалаётганига эътибор қаратган.

Аҳмад Темиров, Воҳиджон Исоқов ўрнатилган тартибда жаримага тортилганидан хабаримиз бор, бироқ бундай хатти-ҳаракатлар “тартиб қоидаларга зид равишда мана шундай тўй ўтказиб, белгиланган жаримани тўлаб кетиш билан осонгина қутулиш мумкин” деган нотўғри хулосалар шаклланшига сабаб бўлиши ёмон. Қолаверса, бундай тадбирлар касаллик тарқалишига олиб келмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди”, дейилади мақолада.

Сенатор фикрича, “халқ кўз ўнгида юрган, санъат оламига дахлдор одам бошқалардан кўра маданиятлироқ бўлиши, ёшларга ўрнак кўрсатиши керак”.

Бу каби кўра-била туриб тартиб-қоидани менсимай бузганлар фақатгина маълум бир миқдорда жарима тўлаш билан қутулиши етарли эмасдек, назаримда. Жамият қоидаларига, инсонлар ҳаётига бунчалар беписандалик билан қараш кўринмас душман билан олишиб жонларини фидо қилган юзлаб шифокору-ҳарбийларимиз, юртдошларимиз хотираси ва меҳнатларига нисбатан ҳам ҳурматсизлик деб баҳолашга лойиқ”, деб ёзган Б. Сайфуллаев.

У мазкур ҳолатлар бўйича Маданият вазирлигига сенатор сўрови юборилгани ва бу масала Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинганини қўшимча қилган.

Аввал маданият вазири лавозимида ишлаган Бахтиёр Сайфуллаев президент Ш. Мирзиёев томонидан тайинланган сенаторлардан биридир. У аввал ҳам тўйларни дабдаба билан ўтказилишига қарши танқидий чиқишлар қилган.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси: Ўзбекистон иккинчи тўлқинга тайёр

Ўзбекистон коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқинига тайёр. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова 17 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Мулозимага кўра, айни вақтда Ўзбекистонда 3 500 нафар беморга врачлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

“Ҳозирда COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун 114 та муассасада 19346 та ўрин ташкил этилган. Яна 10 мингга яқин захира шифо ўринларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда”, деган Барно Абдусаматова.

Коронавирусга қарши кураш штаби вакиласи шу кунда мамлакатда касалхоналар салоҳиятли кадрлар ва зарур моддий техника база билан таъминлангани, барча шифохоналар ва мутахассисларнинг ушбу йўналишда тажрибалари борлиги, улар касалликнинг авж олишига йўл қўймаслигини қўшимча қилган.

БП: Дарс пайтида тўсатдан вафот этган жиззахлик ўқувчи ўлими юзасидан суриштирув бошланди

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида жойлашган 11-умумтаълим мактабида ўқув йилининг илк кунида (14 сентябрь) 9-синф ўқувчиси бўлган қиз дарс вақтида тўсатдан вафот этганлиги юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси Телеграмдаги ўз расмий канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўқувчи қизнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Дастлабки маълумотга кўра, марҳуманинг ўлимига ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги тез ва қисқа вақт ичида юзага келганлиги сабаб бўлган”, дейилади БП хабарномасида.

Айтилишича, 3-соатда ҳушидан кетиб қолган ўқувчи қизга шу куни 1-синф ўқувчиларини эмлаш учун мактабга келган “Хаваслик” қишлоқ врачлик пункти врачлари биринчи ёрдамни кўрсатишиб, ўпка-юрак реанимациясини амалга оширишган. Шунингдек, қизга ташқи юрак массажи қилинган ва сунъий нафас берилган. Бироқ бу ҳаракатларнинг ҳеч бири самара бермаган.

Давстатқўм: Ўтган саккиз ойда 193 мингдан зиёд енгил автомобиль ишлаб чиқарилди

Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь-август ойларида 193 минг 180 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу давридагига (172 748 дона) нисбатан 20 минг 432 донага кўпдир. Бу маълумотлар Давлат статистика қўмитасининг “саноат ишлаб чиқариши” бўйича галдаги ҳисоботида акс этган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган саккиз ойи ичида Ўзбекистонда 46 минг 904 дона Nexia T-250, 52 минг 202 дона Cobalt, 35 минг 150 дона Lacetti-Gentra, 35 минг 322 дона Damas, 18 минг 275 дона Spark ҳамда 5 минг 327 дона Labo ишлаб чиқарилган.

Айни пайтда бу йил юк автомобиллари ва трактор ишлаб чиқариш камайгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистонда 2 минг 169 дона юк машинаси (2019 йилнинг шу даврида 3 450 дона) ва 630 дона трактор (2019 йилнинг шу даврида 983 дона) йиғилган.

Самарқандда Тошкент давлат аграр университети филиали очилди

Самарқанд.

Ўзбекистон ҳукуматининг шу йил 16 сентябридаги қарори билан Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Филиалнинг асосий вазифаларидан бири қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, “Ақлли қишлоқ хўжалиги” (Smart agroculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий этиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш экани айтилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, Самарқанддаги филиал ўз фаолиятини 2020/2021 ўқув йилидан бошлайди. Унда бакалавр ва магистрлар тайёрлашнинг таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича қабул квотаси тасдиқланган.

Қабул квотаси бакалавриат таълим йўналишларига жами 475 та (шундан 95 таси давлат гранти, 380 та тўлов-контракт) ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича жами 40 та (давлат гранти) этиб белгиланган.

Аёл эрини қийнаб ўлдирган ички ишлар ходимларини суд залидан озод қилишни сўради

Иллюстратив сурат.

“Чироқчида ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдирилгани айтилган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар — Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловларни кечириб, суд залидан озод қилишни сўради”, -деб хабар берди суд мажлисида қатнашган “Дарё” сайти мухбири 17 сентябрь куни.

Хабарда айтлишича, Гўзал Абдиева судда судланувчиларнинг болалари ва оила аъзоларини “ўйлаган ҳолда” мана шундай қарорга келганини айтган.

“Кўзим олдига шуларнинг фарзандлари келяпти. Уларнинг дадам қачон келади, дадам қачон келади, деган гапи эшитиляпти. Менинг фарзандларим отасини йўқотди. Отасининг меҳрига зор бўлди. Лекин буларнинг фарзандлари отасини кутиб турибди. Ҳозир бу ерда буларнинг оналари қанчалар эзиляпти. Майли, мен Худога солдим, Худо кўрсатсин. Президентимиз қанчадан қанча инсонларни кечиряпти. Наҳотки, мен шу икки инсонни кечиролмасам”,- деб иқтибос келтирган Гўзал Абдиева сўзларидан нашр.

Шундан сўнг Абдиева суддан эри ўлимига сабаб бўлган ички ишлар ходимларини суд залидан озод қилишни сўраган.

Мазкур жараён Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида Ўзбекистон Олий суди судьяси К. Толлибоев раислигида бўлиб ўтмоқда.

Юсуф Абдураҳмонов шу йил январь ойида мол ўғирлашда гумон қилинган ва Чироқчи туман ИИБга олиб келинган. У ИИБ биносида калтакланишлардан вафот этган эди.

Жорий йил 30 майда эса Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимида қийноққа солинган 32 ёшли Алижон Абдукаримов комага тушиб қолгани ва 11 июнь куни вафот этгани хабар қилинганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнда ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Андижон ва Чироқчида фуқаролар ички ишлар идораларидаги қийноқлар ортидан вафот этганини кескин танқид қилди.

Тошкентдаги иккита кафеда бир вақтнинг ўзида ёнғин чиқди

Ўзбекистонлик ўт ўчирувчилар.

Тошкент шаҳрининг Миробод ва Чилонзор туманларидаги иккита кафеда 17 сентябрь куни эрталаб бир вақтнинг ўзида ёнғин юз берди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, ёнғин оқибатида Нукус кўчаси 10-уйда жойлашган “Бухоро” кафесининг ошхонаси ва Бунёдкор шохкўчаси ва Чўпонота кўчаси чоррахасидаги “Bistrof” кафесининг 190 квадрат метри ёниб кетган.

Бу икки кафедаги ёнғинни ўчиришга 8та ўт ўчириш экипажи ва 2та автонарвон “зудликда етиб келган”. Ўт ўчирувчилар ҳаракати оқибатида биноларнинг 430 квадрат метри сақлаб қолинган.

Ёнғинда жабрланганлар тўғрисида маълумот йўқ. Айни пайтда ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.

Ўзбекистонлик муҳожирлар учун Россияда касбга ўргатувчи бепул курслар очилди

Россиядаги ўзбек мигрантлари.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирларни касбга бепул ўқитиш лойиҳаси иш бошлади. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилди.

Расмий хабарда таъкидланишича, лойиҳа Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги "Worldskills Uzbekistan" ассоциацияси, "Worldskills Russia" иттифоқи ва Россия халқлар дўстлиги университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа асосида ўқимоқчи бўлганлар @uzrivoj_bot тизимида ариза қолдириши шарт бўлади.

Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларида лойиҳа доирасида меҳнат мигрантлари учун 1 ойлик (72 соатлик) ва 2 ойлик(144 соатлик) рус тили, ўз касби бўйича малака ошириш ва янги касб ўрганиш курслари ташкил этилади.

“Курсларга ҳар куни қатнаб ўқишга имкони бўлмаганлар учун ўқув марказларида ётоқхона ташкил этилади. Курслар ва ётоқхона бўйича барча харажатлар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади ва меҳнат мигрантлари учун бутунлай бепул”,-дейилади расмий хабарда.

Жанубий Корея билан ҳамкорликда онкология маркази ташкил этилади

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси Цой Чже Ук учрашуви. ССВ матбуот хизмати фотосурати.

Тошкентда Жанубий Корея билан ҳамкорликда юқори технологияга асосланган замонавий онкология тиббиёт маркази бунёд этилади. Бу ҳақда 16 сентябрь куни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси Цой Чже Ук учрашуви чоғида маълум қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, онкология тиббиёт маркази Тошкентда Корея лойиҳаси асосида барпо этилган Болалар миллий тиббиёт маркази жойлашган ҳудудда барпо этилади. Бундан ташқари бу ерда тиббиёт олийгоҳи ҳам ташкил этилади.

“Корея билан ҳамкорликда ташкил этилаётган тиббиёт олий ўқув юрти ва онкология маркази ҳам шу ҳудудда жойлашиб, йирик тиббиёт коплекси ташкил этилиши маълум қилинди. Шу орқали тиббиёт тизимининг ҳам илмини, ҳам амалиётини энг илғор стандартлар даражасига кўтариш кўзланмоқда”,- дейилади расмий хабарда.

Мулоқот давомида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни самарали даволаш ва уларнинг хасталикдан тезроқ фориғ бўлишлари учун юқори тиббий технологиялардан унумли фойдаланишни янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Коронавирусдан вафот этганлар сони 409 кишига етди

Сўнгги бир сутка ичида 6 киши вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 17 сентябрда маълум қилишича, сўнгги бир сутка ичида Тошкент шаҳрида 4 нафар, Тошкент вилоятида 2 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 409 кишига етди. Улардан 288 нафари Тошкентда, 56 нафари Тошкент вилоятида.

16 сентябрь куни Ўзбекистонда 597 кишида коронавирус аниқланди, 416 нафар бемор тузалди. Ҳозиргача вирусга чалинган 49 162 нафар бемордан 45 474 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 92 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 279 нафар бемордан 469 нафари оғир, 259 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Тошкент вилоятининг бош имом-хатиби 44 ёшида вафот этди

Хайруллоҳ домла Турматов.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълум қилди.

1976 йили Ангренда туғилган Хайруллоҳ Турматов, маълумотларга кўра, Тошкент Ислом институти ва Тошкент вилоят педагогика институтини (Тарих-ҳуқуқ факультети) тамомлаган. У турли йилларда Тошкент вилоятидаги "Четсув", "Қорабоғ", “Зангиота” жоме масжидлари имом-хатиби, Ангрен шаҳри бош имом-хатиби ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби вазифаларида фаолият кўрсатган.

Хайруллоҳ домланинг вафотига нима сабаб бўлганига аниқлик киритилган эмас. Бироқ ижтимоий тармоқларда марҳумнинг икки ҳафтадан бери оғир аҳволда касалхонада ётгани айтилмоқда.

Самарада яна 4 мингдан зиёд ўзбекистонлик муҳожир йиғилиб қолди

Самарадаги муҳожирлар (журналист Людмила Мельниченко фотоси).

Россиянинг Самара вилояти Кинель туманида яна 4282 нафар ўзбекистонлик муҳожир йиғилиб қолди, улар чегара ёпиқлиги туфайли юртига кета олмаяптилар. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги Самара вилояти ҳукумати матбуот хизматидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Қайд этилишича, ўзбекистонликлар учун очиқ майдонда чодир лагери қурилган, сув етказиб бериш, озиқ-овқат ва эҳтиёж учун энг зарур моллар савдоси ташкил қилинган ҳамда фуқаролар хавфсизлиги таъминланган.

Ўзбекистон расмийлари 12 ва 14 сентябрь кунлари поездларда 1,5 минг чоғли муҳожирни олиб чиқиб кетган, кейинги поезд эса 19 сентябрь куни етиб келиши кутиляпти.

Лагердаги одамлар яйдоқ ер устига тикилган чодирларда яшамоқда. Маҳаллий аҳоли вакиллари муҳожирлар учун ёрдам ташкил этишган, улар лагерда йиғилганлар учун дори-дармон ва озиқ-овқат, адёл ва иссиқ кийимлар сотиб олиб беришяпти.

Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин Россиядаги муҳожирларнинг кўпи ишсиз ва пулсиз қолган, шу важдан улар ватанларига қайтишга қарор қилишган. Баҳордан бери Россия-Қозоғистон чегарасида уйларига етиб олиш умиди билан ўзбекистонлик, қирғизистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар йиғилиб қоляпти. Аммо улар чегарадан расмийлар Қозоғистон орқали транзит ҳақида келишиб олганларидан кейингина ўтказиляпти.

Аксарият ҳолларда муҳожирлар юртларига гуруҳ-гуруҳ шаклида автобус, учоқ ва поездларда олиб чиқиб кетилмоқда.

Ташкилотларда дезинфекция туннелларидан фойдаланиш тақиқланади

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, ЖССТ тавсиясига асосланган ҳолда Ўзбекистонда дезинфекция туннеллари тақиқланмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев Телеграмдаги ўз канали орқали маълумот тарқатди.

ССВ мулозими қайдича, эндиликда дезинфекция туннеллардан фойдаланиш тўхтатилиб, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, жамоат жойлари, бино ва иншоотларга кириш жойида тана ҳароратини контактсиз ўлчаш, ташриф буюрувчиларни зарур ҳолатларда тиббий ёки бир марталик ниқоблар билан таъминлаш, шунингдек, кириш кисмида ташкил қилиш учун қулай жойда тери учyн антисептик эритмалари бўлган санитайзер-диспансер қурилмалари ўрнатиш амалиёти жорий этилади.

Аввалроқ Озодлик ССВ ташкилотларда ўрнатилган дезинфекция туннелларини самарасиз восита, деб топгани ҳақида хабар қилганди. Айни пайтда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Рустам Икромов 7 сентябрь куни АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда “дезинфекция туннелларни умуман фойдаси бўлмади, деб баҳолаш хато фикр” эканини урғуланган.

Фарғона вилояти ҳокимининг тиббиётчи акаси пневмониядан вафот этди

Авазбек Ғаниев.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг акаси, Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Авазбек Ғаниев 15 сентябрь куни вафот этди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида маълум қилишича, А. Ғаниевнинг вафотига қон босими кескин кўтарилиб кетиши ва мияга қуйилиши сабаб бўлган.

Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмасини 7 йилдан бери бошқариб келган Авазбек Ғаниев коронавирусга чалиниб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида аввалроқ ижтимоий тармоқларда маълумотлар тарқалган эди. Бироқ 8 сентябрь куни Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Фарғона вилояти санитария эпидемиологик осойишталик маркази бу маълумотни рад этиб, “Авазбек Ғаниев пневмония хасталиги ва юқумсиз бўлган бошқа ҳамроҳ касалликлар билан айни кунда Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонасида даволанаётгани”ни билдирган.

Ўқитувчиларида COVID-19 инфекцияси аниқланган икки мактаб карантинга олинди

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 40- ва 262-сонли мактаблар фаолияти эҳтиёткорлик ҳамда хавфсизлик мақсадида Маҳаллий кенгаш қарори билан куни кеча вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Халқ таълими вазирлигига кўра, мазкур мактабларнинг ёпилишига уларда фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларда коронавирус инфекцияси аниқлангани сабаб бўлган.

ЖССТ мазкур вирус 2 йилгача чекинмаслигини прогноз қилганини қайд этган ХТВ ўз хабарномасида “бугун ҳар биримиз ушбу вирус билан яшашга, ҳеч қандай хавотирга тушмасдан ҳаёт тарзимизни давом эттиришга ўрганишимиз лозим”, дея таъкидлаган.

Вазирлик Маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан қабул қилинган мактабларни ёпиш ёҳуд очиш тўғрисидаги қарорлар у ёки бу мактаб жамоаси ва ўқувчилари саломатлигини ўйлаб амалга оширилишини қўшимча қилган.

Шу боис ўқитувчиларимиздан ҳам, ота-оналардан ҳам бундай ҳолатларда ортиқча хавотирга тушмаслик, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда, одатий ҳаёт тарзини давом эттиришларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарномада.

ХТВга кўра, карантинга олинган мактаблар дезинфекция ишлари амалга оширилганидан сўнг Маҳаллий кенгаш депутатлари қарори билан яна ўз фаолиятини тиклайди.

Тошкентда Европа ҳаракатланиш ҳафталиги бошланди

Тошкент кўчаларидан бири (иллюстратив сурат).

Жорий йилнинг 16-22 сентябрь кунлари Ўзбекистонда Европа ҳаракатланиш ҳафталиги ўтказилади. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳафталик доирасида Тошкент аҳолиси #ToshkentVeloUchun ташаббусини қўллаб-қувватлаши, ҳар кунги велосипед йўналишида камида битта кўчани синовдан ўтказиши, бу билан Тошкентнинг вело-харитасини яратишга ёрдам бериши ва совринлар ўйинида қатнашиши мумкин.

Хабарномада Европа ҳаракатланиш ҳафталигида қатнашган иштирокчи автоматик равишда 23 сентябрь куни совринли ютуқлар танловига киритилиши ва учта шаҳар велосипедларидан бирини ютиб олиш имкониятига эга бўлиши айтилган.

Қашқадарёда хориж ширкатларининг сохта акцияларини 9 миллион долларга сотганлар қўлга олинди

Гуруҳ мижозлар сонини орттириш мақсадида йиғилган 9 миллион доллардан 800 мингини одамларга фоиз ҳисобида берган.

Қашқадарёда хорижий ширкатларнинг акцияларини 2 минг нафар одамга 9 миллион долларга сотган Т.Р., раҳбарлигидаги гуруҳ қўлга олинди.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, бир неча фуқаро мурожаатига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент текширув ўтказган. Текширув натижасида Т.Р., ва бошқалар ўзларини гўёки, “N.” хорижий компаниясининг Қашқадарё вилоятидаги расмий вакили сифатида таништириб, 17 та хорижий компаниянинг сохта акцияларини сотиш эвазига 2 минг нафарга яқин фуқародан жами 9 миллион доллар йиғиб олган.

Гуруҳ янада кўпроқ пул жалб этиш ва мижозлар сонини орттириш мақсадида йиғилган 9 миллион доллардан 800 мингини одамларга фоиз ҳисобида берган.

“Бундан ташқари, Т.Р., ўзига 78 минг долларга “Volkswagen”, ўғли А.Н., номига 2 та “Ласетти” русумли автомашинасини ва Қарши шаҳридаги савдо дўконини сотиб олиб, жиноий фаолиятдан олган даромадларни легаллаштирган. Мазкур ҳолат юзасидан Т.Р., ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, -дейилади хабарда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG