Линклар

2017 йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистонда «ҳалол» стандарти жорий этилади.

Маҳаллий нашрларга кўра, бу ҳақда «Ўзстандарт» агентлиги директор ўринбосари Жамшид Мирсаидов 11 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

«Ҳалол» стандартлари Малайзия ва Туркиядан олиб келиниб, ихтиёрий тарзда жорий қилинади. Айнан «ҳалол» стандартни киритиш бўйича махсус дастур ҳам ишлаб чиқилган. Насиб этса, жорий йилнинг учинчи чорагида мазкур стандартни йўлга қўйиш бўйича қарор қабул қилинади», деган Жамшид Мирсаидов.

Айтилишича, эндиликда «ҳалол» стандартидан фойдаланиш истагида бўлган тадбиркорлар ҳамда ишлаб чиқарувчилар агентликка мурожаат қилишлари мумкин.

«Ҳукумат томонидан «ҳалол» стандартини жорий қилиш бўйича турли таклифлар ва топшириқлар берилган. Тез орада бу қарорнинг қабул қилиниши экспорт салоҳиятининг ўсишига ўз ҳиссасини қўшади. Шунингдек, чет элдан юртимизга келадиган меҳмонлар, айниқса, араб давлатларидан ташриф буюрувчи сайёҳларнинг маҳсулотларимизга бўлган ишончи ортади», дея қўшимча қилган Мирсаидов.

XS
SM
MD
LG