Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 22:23

Хайрулла Ҳамидов ТВга қайтди


19 август куни таниқли футбол шарҳловчиси ва журналист Хайрулла Ҳамидов яна телевидениега қайтди. Диний айблов билан беш йиллик қамоқ жазосини ўтаб чиққан Хайрулла бир пайтлари Ўзбекистондаги энг машҳур футбол шарҳловчиси саналар эди. 5 август куни Ҳамидовнинг “қора рўйхат”дан чиқарилгани эълон қилинди.

19 август куни Хайрулла Ҳамидов “Спорт” телерадиоканали орқали жонли равишда эфирга узатилган Италия “А” сериясининг янги мавсуми биринчи тури учрашувлари доирасидаги “Ювентус” – “Кальяри” ўйинини шарҳлади. Хайрулла билан бирга телеканал директори Зоҳид Каримов ҳам ўйинни шарҳлаб борди.

Хайрулланинг илк иш куни 19 августдан бошлангани ҳақида ёзди uff.uz нашри:

“Бугун Хайрулла Ҳамидовнинг қайтиши билан боғлиқ расмиятчиликлар амалга оширилди ва тажрибали журналист “Sport” телеканалида иш бошлади”, деб ёзди uff.uz 19 август куни.

Хайрулла Ҳамидов 5 август куни "қора рўйхат"дан чиқарилганидан сўнг, Kun.uz нашрига берган интервьюсида: "Энди ТВ раҳбарияти қўрқмасдан мени ишга чақиришлари мумкин. Шарҳни соғинганман", деганди.

Нафақат шарҳловчи сифатида балки диний мазмундаги маъруза ва шеърлари билан танилган 42 яшар журналист Хайрулла диний мотивдаги айбловлар билан 5 йил қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

У 2010 йилнинг 27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди ҳукми билан "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. 2015 йил 11 февралда, амнистия актига мувофиқ, озодликка чиқарилган.

Хайрулла қамоқдан озодликка чиққан куни яқинлари билан.
Хайрулла қамоқдан озодликка чиққан куни яқинлари билан.

Спорт шарҳловчиси бўлган Хайрулла Ҳамидов ўз шеър, эссе ва диний маърузалари билан ҳам ўзбекистонликлар орасида яхши танилган.

2000-йиллар охирида унинг аудио ва видео чиқишлари нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам кенг тарқалди.

Хайрулло Ҳамидов ўз чиқишларида диний мавзулар билан бирга, долзарб ижтимоий муаммоларни кўтариши билан ҳам эътибор қозонди.

У асос солган "Одамлар орасида" рўзномаси қисқа вақт ичида Ўзбекистонда энг кўп сотиладиган нашрга айланган, аммо олти ойдан сўнг турли важлар билан ёпиб қўйилганди.

Хайрулла Ҳамидовнинг шеърлари тўплами 2013 йилда Лондонда ўзбек ва инглиз тилларида чоп қилинган.

XS
SM
MD
LG