Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 16:20

Хайрулла Ҳамидовга нисбатан яна бир жиной иш қўзғатилди


Хайрулла Ҳамидов ўз диний маърузалари ва шеърлари билан танилган

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси терговчилари таниқли журналист ва футбол шарҳловчиси 42 яшар Хайрулла Ҳамидовга нисбатан янги жиноий иш қўзғатди. Озодликка бошқарма ходимларидан бири маълум қилган бу хабарни Хайрулла Ҳамидовни яқиндан таниган икки шахс тасдиқлади.

Янги жиной иш

Исми сир қолиш шарти билан Озодлик билан гаплашган Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимининг билдиришича, Хайрулла Ҳамидовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216 моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.

Ушбу модда жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки улар фаолиятида қатнашишни назарда тутади.

Бу сафар иши анча енгил, - деди ички ишлар ходими. - Чунки Хайрулла ҳозирда тергов қилинаётган жиноий гуруҳга у қадар алоқаси йўқ. Фақатгина йигитларнинг таклифи билан бир-икки марта улар дам олиб турадиган саунага борган ва ортиқча, ғайрисиёсий гап-сўз гапирмаган.

Ички ишлар ходимининг маълум қилишича, диний гуруҳга Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи бир неча киши аъзо бўлган ва улар январь ойида ҳибсга олинган.

"Озодлик" Хайрулла Ҳамидовнинг ўзи билан алоқага чиқа олмади.

У телефонини олмаяпти.

Лекин журналистни яхши таниганларга кўра, Хайрулла Ҳамидов Тошкент шаҳар Ички ишлар бўлимига июл ойининг ўрталарида терговга чақирилган:

Хайрулла хотиржам юрипти. Икки ҳафтача олдин бир чақиртириб суҳбатлашишган, иккинчи марта эса ҳибсга олинган шахслар билан юзлаштирилган. Суҳбат пайтида Хайруллага нисбатан хушмуомала бўлишган ва ортиқча савол-сўроқ қилишмаган,“ – деди улардан бири.

Журналист яқинларидан яна бирининг ишонишича, Хайрулла Ҳамидовнинг "иши ими-жимида қолаётганига аввало унинг ўз хоҳиши, ҳеч кимга шикоят қилмагани, ёки шикоят қилса ҳам, биров эшитишмагани сабаб" бўлмоқда.

Ички ишлар ходими Хайрулла Ҳамидовнинг иккинчи бор озодликдан маҳрум этилиш хавфи йўқлигини билдирди.

"Нари борса, судда жарима тўлатишади, биласизку, бўри еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон," - дея ишонч билдирди у.

Ички ишлар ходимининг илова қилишича, ҳозирда тергов иши якунланиб, иш судга оширилган.

"Қора рўйхат"

Хайрулланинг яқинларига кўра, унга нисбатан иккинчи жиноий иш қўзғатилишидан аввал унинг "оқланиши" ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус "қора рўйхати"дан чиқарилиши кутилган эди.

Ҳатто Хайрулла ўзи яшаётган Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги маҳаллада ҳам махсус суҳбатдан ўтказилган:

"Хайрулла суҳбатдан яхши ўтганди. "Қора рўйхат"дан чиқаришлари ҳам юз фоиз тасдиқланганди. Лекин, Чилонзор тумани бўйича назоратдагилар тўпланган йиғилишда Хайруллани ҳеч ким кўрмаган, аниқроғи, ўша судга топширилган иш унинг рўйхатдан чиқишини орқага суриб юборган," - деди Хайрулла Ҳамидов танишларидан бири.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тузиладиган "қора рўйхат"га диний мотивлар билан қамалганлар, тақиқланган диний-экстремистик гуруҳларга алоқадорлар, мойиллик кўрсатганлар ёки адашиб қўшилиб қолган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзолари киритилади.

26 июлда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ходими назоратда бўлган шахслар билан имомлар ва ҳокимликлар вакиллари июл ойи ичида ўтказган суҳбатлар натижасида 4 минг 152 киши "оқланган", яъни "қора рўйхат"дан чиқарилганини айтган эди.

"Одамлар орасида"

Хайрулла Ҳамидов 5 йил умрини панжаралар ортида ўтказди
Хайрулла Ҳамидов 5 йил умрини панжаралар ортида ўтказди

Хайрулла Ҳамидов ўз шеър, эссе ва диний маърузалари билан ўзбекистонликлар орасида яхши танилган.

2000-йиллар охирида унинг аудио ва видео чиқишлари нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам кенг тарқалди.

Хайрулло Ҳамидов ўз чиқишларида диний мавзулар билан бирга, долзарб ижтимоий муаммоларни кўтариши билан ҳам эътибор қозонди.

У асос солган "Одамлар орасида" рўзномаси қисқа вақт ичида Ўзбекистонда энг кўп сотиладиган нашрга айланган, аммо олти ойдан сўнг турли важлар билан ёпиб қўйилганди.

Хайрулла Ҳамидов 2010 йилнинг 27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди ҳукми билан "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

2015 йил 11 февралда, амнистия актига мувофиқ, озодликка чиқарилди.

Хайрулла Ҳамидовнинг шеърлари тўплами 2013 йилда Лондонда ўзбек ва инглиз тилларида чоп қилинган.

Шарҳларни кўринг (6)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG