Линклар

Шошилинч хабар
29 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:27

Тожикистон манфаатига жосусликда айбланган ўзбекистонлик аёл 10,5 йилга қамалди


Алëна Ким¸ Тожикистон фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб 10¸5 йилга қамалган
Алëна Ким¸ Тожикистон фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб 10¸5 йилга қамалган

Ўзбекистон Ҳарбий суди Сирдарëнинг Ширин шаҳарчасида истиқомат қилган 36 яшар ўзбекистон ватандоши Алëна Кимни Тожикистон манфаатига жосусликда айбдор деб топилиб, 10 йилу олти ойга озодликдан маҳрум қилди.

12 июлда чиқарилган ҳукм ҳақида Озодликка Алёна Кимнинг адвокати ва яқинлари 21 августда маълум қилди.

Судда Алёна Кимни ҳимоя қилган адвокат Надежда Пакнинг Озодликка маълум қилишича¸ ҳимояси остидаги аёл Ўзбекистон жиноят кодексининг 157-моддаси, яъни давлатга хоинлик қилишда айбдор деб топилган ва ҳукм жорий йилнинг 22 июлидан кучга кирган.

Яқинларига кўра, суд жараëни Ўзбекистон давлат сирларига оид бўлгани боис, адвокатга ва Кимнинг яқинларига ҳукм нусхаси ҳозиргача берилмаган.

Судда қатнашган Кимнинг яқинларига кўра¸ маҳкум жосуслик, чет эл давлатига вакилларига давлат сирларини етказиш ва Ўзбекистон Республикасига қарши душманлик фаолияти олиб бориш ва давлат хавфсизлигига зарар етказиш каби эпизодларда айбланган.

Алена Кимнинг опаси Виктория Султонмуродова Озодлик билан суҳбатда синглиси Тожикистонга бориб ишлаб келгани учун “жосус” дея айбланганини айтди.

- Синглим ўтган йилнинг 7 декабрида уйга келмади. У Ширин шаҳридаги касалхонада санитар бўлиб ишлар эди. Эртасига унинг маъмурий ҳуқуқбузар сифатида 10 кунга қамалганини айтишди. Янгиердаги изоляторда экан. 16 декабр куни изолятор полини ювишдан бош тортди деб яна ўн кун қамоққа ҳукм қилинди. Ўша пайтда Сирож деган МХХ зобити синглимни сўроқ қилиб уни устидан жиноий иш очди¸ - дейди Султонмуродова.

Адвокатнинг айтишича¸ ўша вақтда Ўзбекистон Ички ишлар тизимидаги ВОХР (Биноларни сигнализация кўмагида қўриқлаш тизими)да ишлаган Алëна Ким дугонаси ватандошлиги йўқ Зуля Ҳалимова исмли аёл билан 2004 йилдан 2005 йилгача Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги "Очил" ресторанида официант бўлиб ишлагани Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларида шубҳа уйғотган.

Маҳкуманинг опаси Виктория Султонмуродовага кўра¸ ўтган йили Зуля Ҳалимова қўлга олинган пайтда унинг фотоальбомидан Алëна Кимнимнг сурати чиққан:

- Сўроқ пайтида Зуля Ҳалимова синглимга қарши кўрсатма берди. Лекин, шунга қарамай, Ҳалимовани ҳам жосуслик ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айблаб, 12 йилга қамашди¸ - дейди Султонмуродова.

Жосусликда айбланган аëлнинг икки нафар фаразнди бор
Жосусликда айбланган аëлнинг икки нафар фаразнди бор

Ëпиқ жараëн

Ўзбекистон Ҳарбий суди 36 яшар ўзбекистон ватандоши Алëна Ким иши юзасидан Озодлик мухбирига изоҳ бермади.

Ўзини Ҳарбий суд матбуот хизмати ходими, деб таништирган мулозим давлат ва ҳарбий сирларига оид жараëнлар изоҳланмаслигини айтиш билан кифояланди.

Алëна Кимнинг ҳозирги адвокати Надежда Пак ҳам Озодлик мухбири билан узоқ суҳбатлашмасликни маъқул кўрди.

Яқинларининг иддао қилишича Алёна Кимга берилган дастлабки адвокат Суҳроб Воҳидов тергов жараёнида адвокатлик лицензиясидан маҳрум этилган. Бироқ Озодлик Воҳидовнинг ўзи билан боғлана олмади.

Судда гувоҳ сифатида қатнашган Н.Г. исмли сирдарëлик аëл¸ исми сир қолиш шарти билан баъзи тафсилотларни айтиб берди.

Ўзбек тилида ўқиб ëза олмайдиган русийзабон Н.Гниг давосича¸ уни паспорт бўлимига чақириб, Алëна Кимга қарши тайëр ўзбек тилида ëзилган кўрсатмани имзолашни талаб қилишган.

Терговчилар тазйиқи остида ўзи тушунмаган тилдаги бу кўрсатмага қўл қўйганлигини айтган Н.Г суд мажлисида бу кўрсатмадан воз кечганини билдирди.

Алёна Кимнинг туғишган опаси Виктория Султонмуродованинг иддао қилишича¸ синглиси Алëна Ким қийноқлар остида айбига иқрор бўлган.

- Онам 9 август куни Зангиотадаги қамоқхонада синглим билан учрашиб қайтди. Синглим ўзига нисбатан қийноқлар қўллaнганлигини айтиб кўкарган жойларини кўрсатган¸ - деди у.

Бу иддоани Озодлик мустақил манбалардан текшира олмади.

Жосусликда айбланиб ўн ярим йилга кесилган Алена Кимнинг икки фарзанди бор.

Алёна Ким Хўжандда "Очил" ресторанида ишлагани айтилади
Алёна Ким Хўжандда "Очил" ресторанида ишлагани айтилади

Туташ чегараларга эга бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон сўнгги йилларда ўнлаб ватандошларини қўшни давлат фойдасига жосуслик қилганлик айблови билан Озодликдан маҳрум қилди.

2013 йилнинг мартида Сурхондарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан уч аёл Ўзбекистонга қарши жосуслик қилишда айбланиб қўлга олинган эди.

"Ёшлар" телеканали "Жиноят ва Жазо" кўрсатувида иддао қилинишича, бу уч аёл Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятининг энг муҳим иншоотлари, шу жумладан, ҳарбий ва чегара постлари, у ердаги хавфсизлик даражаси ва бу иншоотларда хизмат қилаётганлар ҳақида "маълумот тўплашлари лозим" бўлган.

Тожикистонда ҳам Ўзбекистон фойдасига жосуслик айбловлари билан бир неча киши қамалган.

Шундай маҳкамалардан бири Тожикистон шимолидаги "Востокредмет" ташкилоти масъуллари устидан бўлиб ўтган эди.

XS
SM
MD
LG