Линклар

Gazeta.uz: Айирбошлаш шохобчалари янги курс бўйича валюта сотиб олишни бошлади


Сешанба куни тонгдан Ўзбекистон банкларининг айрибошлаш шохобчалари аҳолидан хорижий валюталарни бир кун муқаддам Марказий банк томонидан белгиланган янги курс бўйича сотиб олишни бошлади.

Бу ҳақда хабар қилган Gazeta.uz сайтига кўра, айрибошлаш шохобчаларида Америка долларининг курси 8000 сўмни ташкил этмоқда.

Валютани сотиш ва сотиб олиш жараёни имкон қадар соддалаштирилган — алмаштирилаётган маблағ миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробари (тахминан 14,977 млн сўм ёки 1900 долларга яқин) миқдоридан ошмаса, фуқародан паспорт талаб қилинмаяпти.

Кун аввалида айрибошлаш шохобчалари қаршисида мижозлар унча кўп кузатилмаган бўлса, кун ярмига келиб кичик навбатлар пайдо бўла бошлади. Аксарият айрибошлаш шохобчаларида фуқароларга янги 50 минг сўмлик банкноталар берилмоқда.

Ҳозирча қаерларда айрибошлаш шохобчалари мавжудлигини осонликча билиш қийин. Банклар филиаллари кўча пештахталари ёки жорий курс қайд этилган кўрсаткичлар билан таъминланмаган. Бироқ банкирлардан бирининг таъкидлашича, бу вақтинчалик.

Навбатларни тартибга солишда банк вакиллари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ёрдам кўрсатмоқда. Улар мижозларнинг саволларига эҳтиёткорлик билан жавоб қайтармоқда. Айрим филиалларда ташриф буюрувчиларга ичимлик суви таклиф қилинмоқда.

Жисмоний шахсларга хорижий валюталарни сотиш аввалгидек тижорат банкларининг конверсион бўлимларида пул маблағларини халқаро тўлов карталарига ўтказиш орқали амалга оширилмоқда.

Конверсион карталардан хорижда фойдаланиш, жумладан банкоматлардан нақд пулларни ечиб олишдаги чекловлар бекор қилинган. Банклардан биридан «Газета.uz"га маълум қилинишича, карта очиш учун комиссион тўлов 35 евродан 100 минг сўмгача камайтирилди, нақд пулни ечиб олиш комиссион тўлови эса 1 фоиз (энг кам комиссия — 4 доллар), карта орқали тўлашда — 0,5 фоиз ва қўшимча 50 цент этиб белгиланди.

XS
SM
MD
LG