Линклар

Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Бишкекка келди


Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбаев. сурат 2016 йилда Самарқандда олинган.

Президент Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни Қирғизистон вақти билан соат 14да Бишкекка давлат ташрифини амалга ошириш учун келди.

“Манас” аэропортида Миллий гвардия фахрий қоровули тизилиб, Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироатхон Мирзиёевани Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев рафиқаси Раиса Атамбаева билан кутиб олди.

Ўзбекистон президенти сўнгги 17 йилда биринчи марта Қирғизистонга давлат ташрифини амалга оширмоқда. Бундан олдин президент Ислом Каримов 2000 йилда расмий сафар билан Бишкекда бўлган эди.

Мирзиёевнинг 5-6 сентябрь кунларига мўлжалланган давлат ташрифи доирасида икки давлат ўртасидаги чегара масалалари юзасидан оралиқ шартнома имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўтган ҳафтада мазкур шартнома лойиҳаси бўйича томонлар муросага келганларини хабар қилган эди.

Бундан ташқари президентлар икки томонлама ҳамкорлик, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича ҳам музокаралар ўтказади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дипломатик алоқлар 1993 йилнинг 16 февралида ўрнатилган эди. Ўшандан бери икки давлат ўртасида 130га яқин шартномалар ва битимлар имзоланди.

1996 йилнинг 24 декабрида Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Ақаев Тошкентга илк расмий сафар билан бориб, Ислом Каримов билан бирга Ўзбекистон Қирғизистон ўртасидаги Абадий дўстлик шартномасини имзолаган эди.

1999 йилда Ўзбекистон Қирғизистонга виза режимини жорий этган.

Бишкек ва Тошкент ўртасида узоқ йиллардан бери совуқлашиб қолган муносабатлар 2016 йил кузида Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан илиқлаша бошлаган эди.

XS
SM
MD
LG