Ўзбекистон ва Қирғизистончегарасидаги “Дўстлик” чегара - ўтказиш пунктининг ҳеч қандай чекловларсиз борди-келди учун очилиши Қирғизистондан Ўзбекистонга келин бўлиб тушган минглаб аёллар учун “узоқ йиллар кутилган совға” бўлди.
Малика Норматова 1984 йили Жалолобод вилоятидан Андижоннинг Шаҳрихон туманига келин бўлган. Малика чегара очилгани ҳақидаги хабар уни бехад хурсанд қилганини айтдади:
-Худога шукур. Яхши бўпти-я! Қариндош-уруғлар энди бемалол борди-келди қилса бўларкан-да. Майли, шу битта “Дўстлик” очилсаям. Бир ойларда қатнов изига тушиб қолар. Тўлиб турибман, йиғлаяпман, -деди Малика Норматова.
Яна бир суҳбатдошимиз Наргиза Худойқулова. Қўқон шаҳридан. У Ўзбекистон лидери Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизстонга сафари ҳақида эшитиб, яхши янгиликдан умид қилаётгани, шу боис фақат телевизорга термулиб ўтирганини айтди.
Наргиза опанинг қўлида ўзбек паспорти йўқ. “Ўзбекистонда яшайди” деган гувоҳнома билан юради:
- Кечқурун кўрдим. Президентлар учрашаётганини кўриб, роса хурсанд бўлиб йиғладим. Роса соғинганман. Зерикканман. Зўрға юрибман. Кеча эшитганимдан кейин умуман чидамай қолдим... Ош дамлаяпман, келинглар.
Андижон шахрига Ўшдан Совет даврида кўчиб борган Орзиқул Мадалиевнинг қизлари Қирғизистонга турмушга чиқишган. Орзиқул Мадалиев қизларини кўрмаганига етти йилга яқинлаб қолибди. У “Дўстлик” пункти очилгани ҳақидаги хабарни Озодлик мухбиридан эшитди:
-Чегара очилди дейсизми? Йўғе? Яхши бўпти-да!
Наманган вилоятининг Учқўрғон тумани Қирғизстонга яқин. У жойда яшаганлар Ўзбекистон телеканалларидан ташқари Қирғизистоннинг телеканалларини ҳам кўришади.
Учқўрғон туманида яшовчи Ибодатхон 1995 йилда Қирғизистоннинг Новкент туманидан келин бўлиб борган. У икки давлат ўртасидаги яхшиланиб бораётган алоқани телевизордан кўриб, радиодан тинглаб жуда ҳам хурсанд бўлганини айтди:
-Хаммамизга қуллуғ бўлсин! Кеча телевизордан чала эшитгандим. Бугун ўғлим ишдан келиб, “Дўстлик” очилибди, паспорт билан ўтаверса бўларкан, деди. Яхши бўлди. Энг аъло янгилик. Шундай турсин-да энди.
Кейинги суҳбатдошимиз Фарғона шаҳридан. Ёши олтмишдан ўтиб қолган Рамзия Мансурова ҳам Қирғизстондан бир пайтлар келин бўлиб келган. Она юртига узатган қизи эса Бишкекда яшаркан:
-Ҳайрият! Ҳозиргина болам “президентларимиз учрашибди, йўлларни очишворса-я” деганди. Йўл очилган бўлса, Бишкекка бораман, -деди Рамзия Мансурова.
Ўзбекистон президенти Шавкат мирзиёев 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи билан келган эди.
Мирзиёев тшариф доирасида ҳамкасби Алмазбек Атамбаев билан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг 80 фоиздан ортиқроғи аниқланиб бўлингани тўғрисидаги шартномани имзолаган эди.
Мазкур шартнома 5 сентябрда имзолангани ортидан 6 сентябрь куни “Дўстлик” чегара ўтказиш пункти бир неча минг одам иштирокида расман очилди.
Чегаранинг очилиш маросимида Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари иштирок этишди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаралар 25 йилдан бери аниқланмасдан келинаётган, чегара тўғрисидаги музокаралар эса бир неча йил олдин тўхтатиб қўйилганди.
2016 йил кузида Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан чегара музокралари қайта жонланди.
5 сентябрь куни Мирзиёев Ўзбекистон ва Қирғизистон Давлат чегаралари тўғрисидаги шартномани имзолар экан: “Бу кунни ўзбек ва қирғиз халқи 25 йил кутган эди”, деб билдирган.