Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:12

Мактаб, коллеж, лицей, боғча ишчилари ёппасига пахтага чиқарилди (ФОТО)


Пахта теримига ётоққа жўнатилаётган андижонлик ишчи-ходимлари, 17 сентябр, 2017 йил (Озодлик мобил мухбири йўллаган сурат)
Пахта теримига ётоққа жўнатилаётган андижонлик ишчи-ходимлари, 17 сентябр, 2017 йил (Озодлик мобил мухбири йўллаган сурат)

Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Андижон, Тошкент вилоятларида мактаб, коллеж, лицей ўқитувчилари, боғча тарбиячиларининг пахта теримига ётоққа жўнатилаётгани хабар қилинмоқда. Самарқанд ва Фарғона вилоятларидан Озодликка боғланган тадбиркорлар улардан 300-350 минг сўмдан пахта теримига, дея пул йиғилаётганидан арз қилди.

Озодлик мухбири, жумладан, Жиззах вилояти Зомин туманида ёппасига пахтага сафарбар қилинган ўқитувчилардан бири билан суҳбатлашди.

Исмини сир сақлаган ўқитувчи мухбир билан микрофонсиз суҳбатда, ўзи ишлаб турган мактаб ўқитувчилари 10 кишилик гуруҳга бўлиниб, пахта теримига ётоққа жўнатилаётганини айтди.

"Биринчи группа бугун эрталаб жўнаб кетди. 10 кунга ётоқ. Зоминнинг ўзидаги бир неча совхоз ва ёнимиздаги Зафарободдаги совхозларга. 50-55 ёшлар орасидаги аёллар ҳам бор. Бечоралар ўзимиздаги таксичилар билан гаплашишибди - эрталаб олиб боради, кечга олиб келади, 5-10 минг сўм йўлкирага. Йўл пулиям ўзидан", деди исмини ошкор этишни истамаган ўқитувчи.

Унинг айтишича, Зомин туманидаги боғчаларда ҳам ҳар бир гуруҳда биттадан тарбиячи қолдирилган, иккинчи тарбиячи эса 17 сентябрдан пахта теримига чиқарилган.

"Биздан ўз ихтиёримиз билан теримга чиқяпмиз, деган тилхатларни ёздириб олишди, ўтган йилдагидай. Яқиндаям ишчилар мажбур пахтага чиқарилмайди, фалон-фисмадон дейишётганди-ку?! Қани шу гаплар?! Ҳаммаси аввалгидай, ҳеч ўзгариш йўқ", деди зоминлик ўқитувчи.

Унинг айтишича, Зоминда шифохоналар, "Тез тиббий ёрдам" бўлимларидаги тиббий ходимларнинг ярми пахта теримига сафарбар қилинган.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги маҳаллий тадбиркорлардан бири бу вилоятда ҳам мактаб, коллеж, лицей ўқитувчилари, боғча тарбиячилари, шифохона ходимлари 16-17 сентябр кунларидан пахта теримига сафарбар қилинганини айтди.

"Энди камига бозордаги тадбиркорлардан келиб, пул йиғаяпти, ҳокимиятнинг одамлари. Пахта теримига чиқасизлар ёки ҳар бирингиз 300-350 минг сўмдан пул берасизлар, деяпти. Савдони ташлаб боролмаймиз - пул бердик, мажбур. Талашиб-торишиб, 300 минг сўм бервордик, ҳозиргина", деди мухбир билан микрофонсиз гаплашган самарқандлик тадбиркор, исмини айтмаслик шарти билан.

Пахта даласида тушлик қилётган самарқандлик ишчи-ходимлар, 17 сентябр, 2017 йил ( Мобил мухбир йўллаган сурат)
Пахта даласида тушлик қилётган самарқандлик ишчи-ходимлар, 17 сентябр, 2017 йил ( Мобил мухбир йўллаган сурат)

Фарғона вилоятидан ёзган яна бир тадбиркор ҳам буюм бозорларида савдо қилаётган тадбиркорлардан пахта теримига чиқиш, агар чиқолмаса, пул бериш талаб қилинаётгани ҳақида ёзди:

"Фарғона вилояти, Фурқат туманидаги тадбиркорлар пахтага чиқишга мажбурланмоқда. Туман ҳокими, прокурори, милицияси бошлиғи тадбиркорларни солиқ идораси олдига тўплаб, дўқ-пўписа билан: "Ҳамманг пахата чиқасан, давлатга фойданг тегмайди, ҳечйўқ пахта терларинг", деди. Мажбурлади, деб қаерга арз қилсанг, қилавер, дейишяпти", деб ёзди исмини ошкор қилмаётганимиз фарғоналик тадбиркор.

Давлат бюджетига қарам ташкилотлар - таълим масканлари, шифохоналар ходимлари, олий ўқув юртларининг талабалари 16-17 сентябр кунлари пахта теримига жўнатилгани ҳақидаги хабарлар Андижон, Қашқадарё, Тошкент вилоятларидан ҳам келмоқда.

Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг пахта теримига сафарбарлик ҳақидаги буйруғи, 26 август, 2017 йил (Мобил мухбир йўллаган сурат)
Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг пахта теримига сафарбарлик ҳақидаги буйруғи, 26 август, 2017 йил (Мобил мухбир йўллаган сурат)

Бунга қадар Озодлик Самарқанд вилоятидаги 7 та олий ўқув юрти талабалари ва ўқитувчиларини 15 сентябрдан бошлаб 5 кун ичида колонна қилиб пахтага юбориш тўғрисида вилоят ҳокими топшириқ берганини хабар қилган эди. Вилоятда теримчилардан “Ўз ихтиëрим билан пахтага чиқдим”, деган мазмунда тилхат олингани айтилган.​

11 сентябрдан бошлаб, Ўзбекистондаги қатор олийгоҳлар талабаларини пахта теримига жўнатиш бошланган.

Андижон тиббиёт институти биносига ёпиштирилган эълон
Андижон тиббиёт институти биносига ёпиштирилган эълон

Бу йил Ўзбекистон ҳукумати расмийлари пахта теримида мажбурий меҳнат тақиқланишини ваъда қилган эди. Бунинг ортидан Тошкентдаги Халқаро пресс клуб ўтказган йиғилишларда турли вилоятлар ҳокимлари бу йил пахта теримига ҳеч ким мажбуран жалб қилинмаслигини ваъда қилишган.

Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани тўғрисида кўп йиллардан бери халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари хабар бериб келади. Бунинг ортидан дунёнинг 150 дан ортиқ йирик ширкати ўзбек пахтаси ва ундан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG