Линклар

15 декабр 2017, Тошкент вақти: 21:04

Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркка Алишер Усмоновнинг самолётида учиб борди


Мирзиёевни Нью-Йоркда Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм кутиб олди. Сурат president.uz сайтидан олинди

Ўзбекистон Президенти Мирзиёевнинг АҚШга россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг хусусий самолётида учиб боргани айтилмоқда. Ҳаво кемалари парвозини кузатиш имконини берувчи flightradar24 сайтига кўра, радарга Airbus A340-313 самолёти тушган ва у M-IABU коди билан қайд этилган. Бу коддаги учоқ Алишер Усмоновга тегишлидир.

Ҳаво кемаларининг парвоздаги ҳаракатини кузатиб туриш имконини берувчи flightradar24 сайти маълумотларига қараганда, 18 сентябрда Тошкент аэропортидан маҳаллий соат 09:19да ҳавога кўтарилган самолёт 13 соату 5 дақиқа тўхтовсиз учиб, Нью-Йоркнинг JFK аэропортига етиб қўнган.

Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркка БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун борди.

Flightradar24 сайтидан олинган скриншот
Flightradar24 сайтидан олинган скриншот

Flightradar24 қайд этган борт Airbus A340-313 самолёти бўлиб, у M-IABU коди билан қайд этилган.

"M-IABU" кодидаги IABU ҳарфлари "Мен Алишер Бурхонович Усмонов (I'm Alisher Burkhanovich Usmanov) деганини англатади.

Ўзбекистон президенти Нью-Йоркка Алишер Усмоновнинг самолётида борганига Ўзбекистон24 телеканалида эълон қилинган видео ҳам далил бўлиши мумкин.

Видеода Усмоновга тегишли экани айтилган самолётнинг бир қисми кўриниб турибди.

Суратнинг чап томондаги орқа фонда кўринган самолётнинг Алишер Усмоновга тегишли экани тахмин қилинмоқда (Сурат president.uz сайтидан олинди)
Суратнинг чап томондаги орқа фонда кўринган самолётнинг Алишер Усмоновга тегишли экани тахмин қилинмоқда (Сурат president.uz сайтидан олинди)

Телеканал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортда Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм кутиб олгани тўғрисида хабарига илова қилинган суратда Мирзиёев Лэмм билан самолёт фонида тургани акс этган.

Суратдаги самолёт бортининг бўёғи Ўзбекистон президентининг самолётини эмас, балки Алишер Бурхоновнинг самолётини эслатади.

Нархи 350 миллион доллар экани айтилган бу самолёт дунёдаги қимматбаҳо шахсий учоқлардан бири ҳисобланади. Унинг бортига Алишер Усмоновнинг отасининг исми - "Bourkhan" (Бурхон) сўзи ёзилган.

Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни Бишкекка Ўзбекистон президенти самолётида борган эди.
Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни Бишкекка Ўзбекистон президенти самолётида борган эди.

Ҳозирча Ўзбекистон президентининг қандай самолётда боргани, агар Алишер Усмонов самолётида борган бўлса, бунинг сабаблари ҳақида бирор расмий маълумот йўқ.

Ўзбекистон президентининг Нью-Йоркка миллиардер Алишер Усмоновнинг самолётида борган бўлиши эҳтимоли тўғрисида бироз аввал ВВС Ўзбек хизмати ёзган эди.

Би-би-сининг ёзишича, 18 сентябрь куни эфирга узатилган "Ахборот" кўрсатувида Президент Мирзиёевнинг афтидан бир қўриқчиси билан Тошкент аэропортидан чиқиб кетаётгани намойиш қилинган, аммо одатга айланган учоққа чиқиб кетиш кадрлари кўрсатилмаган.

Озодлик бу борада расмий маълумот олишга уринмоқда.

Шавкат Мирзиёев президентликка сайлангач, Алишер Усмонов Ўзбекистонга тез-тез келадиган бўлди. Россия Президенти Владимир Путинга яқин экани айтиладиган Усмонов Ўзбекистон Президенти билан қудачилик ришталарига эга.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG