Линклар

"КазАвтоПром" қозоқ автомобиль саноати учун Ўзбекистон бозори ёпиқ қолаётганидан норозилик билдирди


Қозоқ автомобил саноати вакиллари Ўзбекистон Қозоғистонда йиғилган автомашиналарни ўз ҳудудида сотиш имкониятидан маҳрум қилаётганидан норозилик билдириб, миллий иқтисодиёт вазири Тимур Сулеймановга очиқ хат йўлладилар. Бу ҳақда Kapital.kz нашри 25 сентябрь куни маълум қилди.

Хабарда айтилишича, 19 сентябрь куни Ўзбекистон ҳукумат порталига "Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш чоралари тўғрисидаги" қонун лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилган.

Лойиҳада Қозоғистонда ишлаб чиқарилган автомобилларга акциз солиғи двигатель ҳажмининг ҳар 1 куб сантиметрига 2,4 доллардан, Россия ва Украина автомобиллари учун акциз миқдори божхона қийматининг 2 фоизи миқдорида белгиланган.

Қозоғистон автомобил ишлаб чиқарувчилар иттифоқи “КазАвтоПром” шундан келиб чиққан ҳолда қозоқ автомобиллари учун Ўзбекистон бозори ёпиқлигича қолишидан норозилик билдирган.

Вазиятни изга солиш учун “КазАвтоПром” миллий иқтисодиёт вазирига Ўзбекистонга нисбатан жавоб чоралари қўллашни ёки Ўзбекистон бозорини қозоқ автомобиль ишлаб чиқарувчилари учун ҳам очиш масаласида музокаралар ўтказишни таклиф қилмоқда.

“Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотлари Қозоғистон чегарасидан ўтаётганда акциз ва бож солиғидан озод этилган. Қозоқ автомобил техникасининг Ўзбекистонга олиб кирилиши кўрсаткичи эса нолга тенг, чунки қатъий божхона тарифларидан иборат тўсиқ мавжуд. Бундай ҳолатни тенг ҳуқуқли савдо ҳамкорларининг ўзаро манфаатли алоқаси, деб атаб бўлмайди”, дейилади “КазАвтоПром” иттифоқининг очиқ хатида.

XS
SM
MD
LG