Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 06:21

Ҳукумат девальвация оқибатларини юмшатиш учун 1 млрд. доллар қарз олмоқчи


Reuters агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон ҳукумати миллий валюта девальвацияси оқибатларини юмшатиш учун Жаҳон банки билан 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Ўзбекистон ҳукумати бу пул билан ўзбек сўмининг кескин девальвациясидан кейин ижтимоий соҳада юзага келган вазиятни юмшатишни режаламоқда.

"Биз Ўзбекистон ҳукумати билан уларнинг мамлакат халқи ҳаётини яхшилаш йўлида қилаётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун яқиндан ҳамкорлик қилаяпмиз. Бизнинг ёрдам шартлари бўйича ҳозир ҳукумат ва Жаҳон Банки ўртасида музоракалар бормоқда", дея банк матбуот котибидан иқтибос келтирди агентлик.

Президент Мирзиёев шу йил 20 сентябр куни АҚШга сафари чоғида Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашган эди.

Сентябр ойида Ўзбекистон ҳукумати бир неча ўн йилдан бери хорижий валюта эркин конвертацияси учун сақланиб келган тўсиқларнинг аксар қисмини бекор қилди.

5 сентябрдан Ўзбекистонда юридик ҳамда жисмоний шахсларга хорижий валютани сотиб олиш ва сотишга рухсат берилди. Ўзбекистон Марказий банки эса миллий валюта – сўмни деярли 2 баробарга қадрсизлантирди. Яъни, 5 сентябргача 1 АҚШ долларининг расмий курси 4210 сўм бўлган бўлса, ўша куни 8100 сўмга чиқарди.

Аввалига, жисмоний шахсларга валютани нақд сотиб олиш имкони берилмади. Аммо, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳукумат жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб, жисмоний шахсларга чет эл валютасини нақд сотишга рухсат беришини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG