Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 13:14

МХХ ва прокуратура Тошкентдаги ноқонуний “лирикачи”ларни қўлга олди


Ўзбекистон МХХ ва прокуратураси ходимларидан тузилган махсус гуруҳ томонидан ўтказилган оператив амалиëт натижасида Тошкентда “Лирика” ва “Трамадол” психотроп моддаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди¸ деб хабар қилди “Ëшлар” телеканали 12 октябрь куни.

Мазкур амалиëт¸ Озодликнинг 15 сентябрь кунги “Тошкентда “Лирика” психотроп дорисини топиш осонми? “ деб номланган журналистик суриштируви ва 13 сентябрь куни чоп этилган “Тошкентда "Экстази"га пули етмаган бангилар "Лирика"га ружу қўйди” деб номланган мақола ва видеоматериалларидан уч ҳафта ўтиб-ўтмай амалга оширилди.

“Ëшлар” телеканали намойиш қилган видеохабарда айтилишича¸ фарғоналик илгари бир неча бор судланган она-ўғил ва уларнинг шериги 1208 дона “Лирика” ва 1000 дона “Трамадол” наркотик воситасини 14 миллион сўмга сотиш жараëнида қўлга олинган.

Амалиëт натижасида умумий қиммати 80 миллион сўмдан кўпроқ бўлган 5208 дона Лирика¸ 1043 дона Трамадол препарати мусодара қилинган.

Ноқонуний дори воситаси савдоси билан шуғулланганликда айбланаëтганларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) ва 251-моддаси (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Озодлик ўтказган журналистик суриштирув давомида¸ Тошкент аптекаларидан ҳеч қандай рецептсиз “Лирика” препаратининг бир донасини 15 минг сўмга бемалол сотиб олиш мумкинлиги аниқланган эди.

6 октябрь куни Тошкентдаги 1-юридик коллежининг бир-бири билан пичоқлашган ўқувчилари ҳам¸ айрим тахминларга кўра¸ “Лирика” препарати таъсири остида бўлган. Бу пичоқлашув оқибатида коллежнинг 3-босқич ўқувчиси Асадбек Парпибоев кучли қон кетиши ортидан нобуд бўлди.

XS
SM
MD
LG