Линклар

Калтаклаб ўлдирилган Жасур Иброҳимовнинг онаси: Адолат қарор топсин!


27 октябр куни Тошкент шаҳридаги Миробод туман жиноий ишлар судида Боровский номидаги тиббиёт коллежининг калтаклаб ўлдирилган талабаси Жасур Иброҳимов иши бўйича маҳкама бўлиб ўтди.

Суд мажлисида марҳум Жасур Иброҳимовнинг онаси Нилуфар Алиева ўғлининг ўлимига айбдорларга нисбатан суддан адолатли ҳукмни истаётганини айтди.

Жабрланувчи, суд тиббий экспертизасининг Жасур бир эмас, бир неча киши томонидан калтакланганини тасдиқлаган хулосаси прокурор томонидан инобатга олинмагани, "қўнғироқларга жавоб бермаяпти" деган важ билан коллеж педагог жамоасига нисбатан ҳеч қандай чора қўлланилмаганини қўшимча қилди.

“Ушбу жиноий иш "бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган ўта оғир жиноят" тарзида таснифланиши керак эди, деди аёл.

Жасур Иброҳимовнинг 1 июн куни оламдан ўтгани ҳақидаги хабар 3 июн куни тушдан сўнг Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар томонидан шиддат билан ёйилган эди.

Беш юзга яқин одам Жасур Иброҳимов оиласини қўллаб-қувватлаб, петицияга имзо чекканди.

17 ёшли Жасур Иброҳимовнинг яқинларига кўра, у беш марта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган, аммо шифокорлар Жасурнинг ҳаётини қутқариб қололмаган.

Марҳумнинг яқинлари унга тиббий ёрдам кўрсатиш пайсалга солинганини айтиб, коллеж маъмуриятини қотиллик изларини бостириш ва гумондорларни ҳимоя қилишга уринишда айблаганлар.

Жасур Иброҳимовнинг онаси Президент Мирзиёевга мурожаат қилиб, ундан адолатни қарор топтиришда ёрдам сўраган эди.

XS
SM
MD
LG