Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 03:24

Россия расмийлари яна Тошкентдаги собиқ авиация заводига "оғиз солди"


Тошкентнинг Чкалов номидаги собиқ авиасозлик заводи, 2010 йил

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев ва Россия ҳукумати раиси ўринбосари Д. Рогозин ўртасидаги музокараларда мудофаа саноатини тиклашда Россиянинг Ўзбекистонга маслаҳатчилик қилишига келишилди. Шунингдек, Дмитрий Рогозин Тошкентдаги собиқ ТАПОиЧ авиация заводини МС-21 самолётларига техник хизмат кўрсатадиган базага айлантириш эҳтимолини тилга олгани хабар қилинди.

Россия Ҳарбий-саноат комиссияси Ўзбекистонда мудофаа саноатини тиклашда маслаҳатчилик ёрдамини берадиган бўлди.

Podrobno.uz агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Бош вазири Абулла Арипов билан Россия Федерацияси ҳукумат раиси ўринбосари Дмитрий Рогозин ўртасида ўтган музокараларда шундай келишувга эришилган.

Дмитрий Рогозин Россия "қуролсозлик саноати раҳбари" - Россия Федерацияси Ҳарбий саноат комиссияси коллегияси раиси ҳамдир.

Агентлик Россия вице-премеридан келтирган иқтибосда: "Ҳарбий саноат комиссияси ҳарбий мақсадда ишлаб чиқарилган маҳсулот нархини белгилаш тизимини тузиш, қуролланишни ривожлантиришга оид узоқ муддатли дастурни шакллантириш ва саноатни ишга тушириш каби масалаларда Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам беради", дейилади.

Шунингдек, бу учрашувлар чоғида Тошкентдаги собиқ ТАПОиЧ - Чкалов номидаги авиация заводи, 2012 йилдан эса "Тошкент механика заводи"ни МС-21 русумидаги самолётларга техник хизмат кўрсатадиган минтақавий марказга айлантириш масаласи тилга олингани хабар қилинмоқда.

Podrobno.uz агентлигининг хабар қилишича, Россия ҳукумати мулозими Рогозин заводни бориб кўрган ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати МС-21 самолётларидан фойдаланган тақдирда бу заводда бутун минтақага техник хизмат кўрсатадиган эҳтиёт қисмлар базасини очиш мумкинлиги ҳақида гапирган.

МС-21 - "Магистральный самолёт XXI века» (21 асрнинг магистрал самолёти) - Россиянинг Иркутск авиация заводида ишлаб чиқарилган ва шу йилнинг 28 майида илк парвозни амалга оширган янги йўловчи ташувчи самолётдир. Ишлаб чиқарувчилар унинг Boeing-737 MAX и Airbus A320neo самолётларига рақиб бўлишига умид қилмоқда. Бу самолёт бортида 160тага қадар йўловчи ташиши мумкин.

2010 йилнинг 30 сентябрида Ўзбекистон ҳукумати ўзи 76,6 фоиз акциясига эгалик қиладиган Тошкент авиация бирлашмасини банкрот, деб эълон қилган эди.

2012 йилдан эса у "Тошкент механика заводи" дея қайта номланиб, 2015 йилдан "Ўзбекистон Темир йўллари" давлат акциядорлик ширкати тасарруфига ўтказилган.

Россия томони 2000 йиллар бошидан бери Тошкент авиация заводини Россиянинг Бирлашган авиасозлик корпорациясига қўшиш таклифини илгари суриб келади, аммо марҳум президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистон томони бу таклиф қабул қилмай келаётган эди.

27 октябр куни амалий сафар билан Тошкентга борган Россия расмийси бу масаласини яна бир бор кўтариб, янги президент Мирзиёев ҳукуматига таклиф қилди. Аммо, расмий матбуотда Ўзбекистон томонининг бу таклифга нисбатан муносабати ҳақида ҳозирча бирор маълумот берилгани йўқ.

Шарҳларни кўринг (6)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG