Линклар

Могерини: МО мамлакатлари кўмак қабул қилувчи эмас, иқтисодий ҳамкорларимизга айланмоқда


Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини.

Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини «Евроиттифоқ Марказий Осиё мамлакатлари билан, нафақат, бой тажрибаларини ўртоқлашиш ҳамда кўмак бериш, балки минтақани тўла қўллаб-қувватлашга, ҳар бир давлат манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр»лигини билдирди.

Бу ҳақда хабар қилган kun.uzга кўра, 10 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ташкил этилган «Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» номли халқаро конференцияда нутқ сўзлаган Федерико Могерини минтақадаги ҳамкорликка оид Евроиттифоқнинг аниқ позициясини билдирган.

«Кўп масалалар маҳаллий даражадан йирик муаммога айланмоқда. Бунинг учун, албатта, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ёруғ келажакнинг асосий омили ҳисобланади. Биз ҳамкорликнинг ҳар қандай шаклида минтақа билан биргамиз.

Аввало, ҳамкорликнинг хавфсизлик шаклига тўхталиб ўтмоқчиман. Шу ўринда Европада мавжуд ва узоқ йиллар ичида ривожланиб келган кўптомонлама, иккитомонлама дипломатик муносабатлар ютуқларини эслаш ўринли бўлади. Бишкекда ўтган йиғилишда Евроиттифоқнинг Афғонистон масаласидаги позицияси аниқ келтириб ўтилди. Ўйлайманки, мамлакатдаги турли омиллар фақат ўзаро англашув ва ҳамкорлик орқали ижобий томонга ўзгаради.

Айни пайтда, биз таҳликали ва мураккаб замонда яшамоқдамиз. Балки бу совуқ урушдан кейинги вазият энг кескинлашган пайтдир. Марказий Осиё мамлакатлари эса кўмак қабул қилувчи эмас, иқтисодий ҳамкорларимизга айланмоқда», деган Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини.

10 ноябрда Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция бошланди.

Анжуманда минтақа давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕТТБ каби нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, таниқли экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, жами 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.

Икки кун давом этадиган форумда Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, экология ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик суръатини оширишнинг аниқ йўналишлари, шунингдек, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинади.

XS
SM
MD
LG