Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 18:22

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги Учтепа қишлоғида янги газ кони топилди ва мазкур ҳудудга техник қурилмалар ўрнатилиб, тумандаги айрим маҳаллаларга газ берила бошланди. Бу тўғрида “Ўзтрансгаз” ширкатига таянган ҳолда Kun.uz 28 ноябрда маълум қилди.

Газ 1080 метр чуқурликдан 100 атмосфера босимида соатига 2300-2400 кубометр миқдорида қазиб олинмоқда. Хабарда айтилишича, конда газни филтрлаб тозаловчи ускуналар ўрнатилган.

“Газ конининг ер остида қанча захирага эга экани ҳудудда қазилаётган яна иккита қудуқ ишлари якунига етгач маълум бўлади. Ҳозирда чиқаётган табиий газ босими эса коннинг катта миқдордаги захирага эга эканлигидан дарак бериб турибди”, - деб ёзди Kun.uz.

Хабарда айтилишича, шу кунгача Фарғона водийсида газ конлари топилмаган эди. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига табиий газ Қамчиқ довонидан қувур орқали етказилади. Булоқбоши туманида топилган кон биринчиси бўлди.

XS
SM
MD
LG