Линклар

Шошилинч хабар
28 июн 2022, Тошкент вақти: 05:21

Ўзбекистон хабарлари

Қозоғистонда совуқда қолган 48 нафар ўзбекистонлик қутқарилди

Қозоғистонда қиш.

Қозоқ полициячилари Самара-Шимкент йўналишидаги трассада 48 нафар Ўзбекистон ватандошининг ҳаётини сақлаб қолди.

Бу ҳақда Актўбў вилоят полицияси матбуот хизматига таянган ҳолда Sputnik нашри 16 декабрда хабар берди.

"15 декабрь куни Самара-Шимкент трассасининг Иргиз послёкасига яқин қисмида Россия Федерациясидан Ўзбекистонга кетаётган автобус бузилиб қолди. Бу воқеа фожеага айланиши мумкин эди, чунки термометр -23 даража совуқни кўрсатаётганди”, деб ёзади Sputnik нашри.

Воқеа жойига зудлик билан етиб келган полиция ходимлари йўловчиларни хавфсиз ва иссиқ жойга кўчиришга муваффақ бўлган.

Кун янгиликлари

Ўзбекистон ОАВларининг фойда солиғи тенг ярмига қисқартирилди

Жорий йилнинг 1 июлидан 2025 йилнинг 1 июлигача Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларидан олинадиган фойда солиғи 50 фоизга қисқартирилади. Бу ҳақда президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни имзолаган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилди.

Қарорда таъкидланишича, “2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди, реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилади”.

Бундан ташқари фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш ва улар ўртасида ижодий соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади.

2023 йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофотининг бош совриндори автомобиль берилади. Биринчи ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, иккинчи ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари, учинчи ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида мукофот пули тўланади.

27 июнь — Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланади. Аввалроқ шу кун муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги қатор журналистларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлагани хабар қилинган эди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни матбуот эркин бўлмаган давлатлар қаторида баҳолайди. Жумладан, Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти бу йилги матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистонни 133-ўринга қўйди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 24 поғона юқоридир.

“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистонда блогерларга таҳдид қилиш ва уларни қамоққа ташлаш давом этаётганини таъкидлаган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фарҳод Маҳмудов 49 ёшида вафот этди

Фарҳод Маҳмудов. Фотосурат журналист Азиза Қурбонованинг телеграм каналидан олинди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси биринчи ўринбосари Фарҳод Маҳмудов 27 июнда вафот этгани тўғрисида журналист Азиза Қурбонова маълум қилди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, аввалроқ Фарҳод Маҳмудов оғир касалликка чалинган эди. Унинг ўлимига мана шу касаллиги сабаб бўлган. Маҳаллий нашрлар “оғир касаллик”нинг номини айтмаган.

1973 йил Тошкент вилояти Чиноз туманида туғилган Фарҳод Маҳмудов 1996 йил Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

У 1995 йилдан бери Миллий телерадиокомпанияда турли лавозимларда ишлаб келган. Жумладан, «Ўзбекистон 24» телеканалига раҳбарлик қилган.

2018 йилнинг сентябрида Фарҳод Маҳмудов ОАВ, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари бўйича президент маслаҳатчисига ўринбосар бўлган. 2019 йил сентябрида эса президент администрацияси раҳбарига ўринбосар этиб тайинланади.

2020 йил ёзидан Маҳмудов Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритаётганди. У 2008 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2018 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони билан тақдирланган.

Мирзиёев Матбуот куни муносабати билан қатор журналистларга унвон, орден ва медалларни улашди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан мамлакатдаги қатор журналистларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлади.

Президент сайтида эълон қилинган фармон матнига кўра, журналистлар мазкур мукофотларга Ўзбекистонда “сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган демократик ислоҳотларни амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келаётгани, глобал ахборот майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, юртимиздаги яратувчилик ва янгиланиш жараёнларида эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этишдаги катта хизматлари, шунингдек, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун” лойиқ топилган.

Фармонга мувофиқ, уч кишига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист”, икки кишига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, яна уч кишига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонлари берилган. Шунингдек, 6 киши “Меҳнат шуҳрати” ордени, 12 киши “Дўстлик” ордени, 2 киши II даражали “Соғлом авлод учун” ордени, бир киши “Соғлом турмуш” медали, 7 киши “Содиқ хизматлари учун” медали, 2 киши “Келажак бунёдкори” медали, 14 киши эса “Шуҳрат” медали билан тақдирланишган.

Тошкент ҳокимияти Қўйлиқ бозори бузилиши тўғрисидаги хабарларни рад этди

Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуотда ва ижтимоий тармоқларда Қўйлиқ бозори бузилиши тўғрисида пайдо бўлган хабарларни рад этди.

“Қўйлиқ деҳкон бозорининг тўлиқ ҳудуди давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши кўзда тутилмаган. Асосий кириш жойи олдидаги автотураргоҳ ҳудудининг бир қисми ва бир нечта вақтинча савдо қурилмаларининг ўрни қурилиш жараёнига жалб этилади. Бунда, асосий бино ва савдо расталарининг аксарияти ўз жойида қолади. Лойиҳага кўра, жалб этиладиган ҳудуднинг умумий майдони 10 минг кв.метр атрофида бўлади.

Қўйлиқ буюм бозори ҳам тўлиқ олиб қўйилмайди. Бу ерда ҳам автотураргоҳ ҳудуди ва бир нечта вақтинча қурилмаларнинг ўрни ишларга жалб этилиб, улар учун компенсация маблағлари тўлаб берилади. Буюм бозорининг ҳам асосий павильони ўз жойида қолади. Автотураргоҳ ҳудуди билан бирга ишларга жалб этиладиган умумий майдон 6,3 минг кв.метрни ташкил этади”, дейилади расмий билдирувда.

Аввалроқ Озодлик радиоси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 22 июнь куни “Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисида”ги қарорни имзолагани тўғрисида хабар берган эди.

Мазкур қарорнинг иккинчи бандида “Тошкент шаҳар, Бектемир тумани, Тошкент автомобиль ҳалқа йўли бўйлаб жойлашган TRIUMVIRAT-QURILISH” МЧЖ ва “QO`YLIQ DEHQON BOZORI” ОАЖ кўчмас мулк объектларига ўрнатилган тартибда компенсация берилганидан сўнг, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига рухсат берилсин”, дейилади.

Қарорда Қўйлиқ бозорининг 52 983 квадрат метр майдони компенсация бериладиган ҳудуд сифатида қайд этилган.

Аммо Тошкент ҳокимияти матбуот хизматининг билдиришича “ОАВда келтирилаётган жадвал фақатгина объектлар ҳақидаги умумий маълумотни акс эттирган бўлиб, улар бузилишидан далолат бермайди”.

Марказий банк: Ўзбекистон ташқи қарзи 2013 йилдан бери илк маротаба камайди

Марказий банк.

Марказий банк 2022 йилнинг 1 – чораги нисбатида эълон қилган навбатдаги ҳисоботида 2022 йил бошидан бери Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 1,8 фоизга қисқарганини билдирди. Пул миқдорида бу кўрсаткич 721,5 миллион долларни ташкил қилади.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2021 йилда Ўзбекистон умумий ташқи қарзи 39 миллиард 600 миллион доллар бўлган. Жорий йил 1 апрелида эса ташқи қарз 38 миллиард 845 миллионни ташкил қилди.

Умумий ташқи қарзнинг 23 миллиард 400 минг доллари давлат ҳиссасига, 15,5 миллиард долларга яқини эса хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.

Марказий банк Ўзбекистон ташқи қарзи 2013 йилдан бери илк маротаба камайганини қайд этар экан, буни қуйидагича изоҳлади: “Биринчи чоракда жаҳондаги нобарқарор геосиёсий вазият давлат ва хусусий секторнинг қарзларни жалб қилишини, шунингдек, асосий қарз бўйича тўловларни секинлаштирди ва бу ҳолат ташқи қарз қолдиқларида акс этди”.

Масалан, давлат биринчи чоракда 281 миллион доллар қарз олган, бу эса ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 68 миллион долларга оздир. Банкларнинг қарз олиши эса 2021 йилнинг 1 чорагига нисбатан 518 миллион долларга камайган.

Хусусий сектор 1,2 миллиард доллар қарз олган. Бу қарзнинг 389 миллиони банк, 217 миллиони тоғ-кон саноати, 171 миллион доллари нефтгаз ва энергетика саноати, 455 миллиони эса бошқа соҳалар ҳиссасига тўғри келган.

Жорий йилнинг уч ойи ичида давлат асосий қарзи бўйича 252 миллион доллар, фоизлар бўйича 127 миллион доллар тўлади.

Хусусий сектор эса асосий қарз бўйича кредиторларга 1 миллиард доллар, фоизлар бўйича 110 миллион доллар тўлаб берган.

Тошкент шаҳар ҳокими Қўйлиқ бозорини бузиш тўғрисидаги қарорни имзолади (ВИДЕО)

Тошкентдаги бозорлардан бири.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 22 июнь куни “Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорга асосан Қўйлиқ бозори жойлашган ҳудуд “Тошкент ҳалқа автомобил йўлидан кириш ва чиқиш имконини берувчи қўшимча йўл ўтказгичлар қурилиши” учун олинади.

Мазкур ҳудуддаги “олиб қўйилиши режалаштирилган кўчмас мулк объектларига белгиланган тартибда товон пули берилади”.

Қарорда қўшимча йўл ўтказгичлар қурилиши таклифини ҳукуматга шаҳар ҳокимлиги ҳамда Транспорт ва Қурилиш вазирликлари киритгани, Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 12 июлдаги 387-м-сонли махсус фармойиши билан бу таклифни маъқуллагани таъкидланган.

Қарорда бузилиш ва қурилиш ишлари қачондан бошланиши, бу ишларни қайси ширкат олиб бориши тўғрисидаги маълумотлар қайд этилган эмас.

Озодлик радиоси Қўйлиқ бозори Ўртачирчиққа қўчирилиши режалаштирилаётгани, аммо бу иш қачон амалга оширилиши номаълум бўлиб қолаётгани тўғрисида 2018 йилнинг 27 апрелида хабар берган эди.

2021 йилнинг 9 декабрида эса Қўйлиқ бозорининг бошқа жойга кўчирилишидан норози бўлган юздан ортиқ одам автомобил йўлини тўсиб қўйганди. Ўшанда Қўйлиқ бозоридаги савдо фаолияти 2021 йилнинг 31 декабригача бутунлай тугатилиши, 1 январдан Food city савдо мажмуасига тўла кўчиш режалангани билдирилганди. Йўл тўсган савдогарлардан 5 нафари маъмурий қамоққа олинганди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Қўйлиқ” бозорини кўчирмоқда. Бозорчилар норози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:30 0:00

ССВ Қашқадарёда икки боланинг “номаълум” хасталикдан вафот этганига оид ҳолатни ўрганмоқда

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегмантида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида икки бола “номаълум” хасталикдан вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Маълумотларга кўра, 20 июнь куни мазкур туманда 4 яшар бола жон берган, орадан уч кун ўтгач эса ўша оилага мансуб 6 ёшли қиз вафот этган. Хабарларда врачлар уларга ташхис қўёлмагани айтилган.

Бунга муносабат билдирган Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати 23 июнь куни мазкур ҳолатни ўрганиш ва вазиятга аниқлик киритиш мақсадида вазирлик томонидан малакали профессор-шифокорлардан иборат маxсус тиббий бригада тузилиб, зудлик билан Ғузор туманига юборилгани ҳақида маълум қилди.

Ғузордаги ҳолат вазирлик назоратига олингани урғуланган хабарномада ССВ вакиллари “ўрганиш натижалари ҳақида батафсил маълумот бериш”ни ваъда қилишган.

Афғонистонга гуманитар ёрдам учун ташкил этилган Термиз логистика марказига халқаро хаб мақоми берилди

Афғонистонга Термиз орқали гуманитар ёрдам юк машиналарида етказилади. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги фотоси.

Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатиш учун ташкил этилган Termez Cargo Center`га халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби мақомини бериш тўғрисидаги қарорни имзолади.

21 июнь куни имзоланган ПҚ-288-сонли қарорга асосан Termez Cargo Center нафақат Афғонистонга, балки халқаро миқёсда гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро хабга айлантирилди.

Халқаро хабдан фойдаланувчи халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакилларига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Халқаро хаб ҳудудида божхона, солиқ, фитосанитария, ветеринария, транспорт, банк хизматлари, сертификатлаштириш хизматлари, валюта айирбошлаш, мобил алоқа, тиббий ва меҳмонхона хизматлари, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва бошқа хизматларни “бир дарча” тамойили асосида, шунингдек, интерактив шаклда кўрсатиш жорий этилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2021 йилнинг октябрида Афғонистонга гуманитар ёрдамни Термиз орқали етказиб бериш қарорини қабул қилгани хабар қилинганди. Шундан сўнг октябрь ойининг охирларида Термизга БМТ учта самолётда инсонпарварлик ёрдамини етказган, аммо Толибон ҳукумати бу юкни Афғонистонга олиб ўтишга рухсат бермаган.

Фақат 2021 йилнинг 15 декабрь куни Толибон ҳукумати рухсати билан Термиз орқали иккита юк машинасида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига илк гуманитар ёрдам жўнатилган.

Мазкур марказ орқали Афғонистонга яна гуманитар ёрдам жўнатилгани тўғрисида бошқа маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд эмас.

22 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги зилзила оқибатларини бартараф этиш йўналишида Толибон ҳукуматига кўмак беришга тайёрлиги тўғрисида баёнот берди.

Афғонистон шарқидаги Пактика ва Хўст вилоятларида 22 июнга ўтар кечаси юз берган зилзилада, Толибон ҳукумати вакиллари маълумотига кўра, камида 920 киши нобуд бўлган, йўқ деганда 600 киши тан жароҳати олгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Сурхондарё вилоят ҳокимиятидаги йиғилишда коррупцияда гумонланган 8 киши қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Сурхондарё вилоят ҳокимиятида ўтказилган бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларига барҳам бериш ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган йиғилиш пайтида 8 нафар давлат хизматчиси ДХХ томонидан қўлга олинди. Бу ҳада ЎзА хабар берди.

Расман билдирилишича, қўлга олинганлардан 1 нафари банк ходими, 7 нафари эса турли давлат ташкилотлари ходимларидир.

ЎзА қамоққа олинганлар тўғрисида қуйидагича маълумот берган:

“Жорий йил май ойида «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖга қарашли «Алпомиш» ун тегирмони собиқ раҳбари Д.А. ва омбор мудири Ф.А. қиймати 12 млрд. 87 млн. сўм бўлган 2 минг 884 тонна дон маҳсулотини талон-торож қилгани аниқланди.

Тергов ҳаракатлари давомида Д.А. ўзи томонидан талон-торож қилинган 616 тонна дон маҳсулоти учун етказилган зарарни, яъни 2 млрд. 607 млн. сўмни тўлиқ қоплагани учун унга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чораси «гаров»га ўзгартирилган.

Шунингдек, мазкур жиноят иши доирасида «Музработ дон қабул қилиш шохобчаси» собиқ мудири О.И. «Алпомиш» ун тегирмони собиқ раҳбари Ё.О.лар катта миқдордаги дон маҳсулотларини талон-торож қилгани аниқланган. Натижада уларга нисбатан ҳам «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бундан ташқари, ун тегирмони собиқ раҳбари (Ё.О)нинг қиймати 4 млрд. 886 млн. сўмлик 1 минг 166 тонна дон маҳсулотини талон-торож қилгани аниқланди. Тергов жараёнида собиқ раҳбарга тегишли бўлган қиймати 5 млрд. 400 млн. сўмлик кўчмас мулк объектлари хатловга олинган. Шу сабабли унга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чораси ҳам «гаров»га ўзгартирилди.

Шунингдек, омбор мудири Ф.А. ҳамда тегирмон катта таҳлилчиси Х.Ж.лар томонидан жиноий йўл билан топилган 2 та «Жентра» русумли енгил автомашина ҳам тегишли тартибда хатланди.

Яна бир ҳолат: 2021 йилда Шўрчи туманидаги “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖ тасарруфидаги 1376 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган. Амалда технология 142,7 гектар майдонда барпо этилиб, пудратчи “Agro new drip” МЧЖ томонидан ишлар тўлиқ якунига етказилмаган. Ҳисоботларда эса ишларнинг тўлиқ бажарилгани кўрсатилган. Бу эса катта миқдордаги субсидия маблағларининг ажратилишига сабаб бўлган.

Ўрганишлар давомида «Аму-Сурхон» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Т.А. ва ушбу бошқармада фаолият юритиб келаётган айрим масъул шахслар давлат бюджетидан субсидия маблағлари ажратилиши ҳақидаги имкониятдан қасддан фойдаланиб, юқоридаги 142,7 гектар майдондан ташқари, қўшимча 993 гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузган”.

Оқибатда “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖга 6 млрд. 747 млн. 640 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағлари асоссиз ажратилган ва иқтисодиётга катта миқдорда зарар келтирилган. Мазкур ҳолат юзасидан Т.А.га гумонланувчи сифатида «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳозирда эса “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖ масъул шахслари томонидан келтирилган 6 млрд. 747 млн. 640 минг сўмлик зарарнинг давлат фойдасига ундирилиши таъминланди. Шу муносабат билан унга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чораси «гаров»га ўзгартирилди".

ТИВ Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрган афғон халқига ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди

Пактика вилоятида вайрон бўлган уйлар, 2022 йил 22 июни

Афғонистоннинг Пактика ва Хўст вилоятларида рўй берган зилзила оқибатида кўплаб инсон қурбон бўлгани ва жароҳатлангани, шунингдек, жиддий вайронгарчиликлар келиб чиққанига оид хабарлар Ўзбекистонда чуқур қайғу билан қабул қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 22 июнь куни тарқатилган баёнотда айтилган.

ТИВ қўшни мамлакатдаги табиий офат чоғида ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган.

“Ўзбекистон ҳукумати табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр”, дейилган ТИВ баёнотида.

Афғонистон шарқидаги Пактика ва Хўст вилоятларида 22 июнга ўтар кечаси юз берган зилзилада, Толибон ҳукумати вакиллари маълумотига кўра, камида 920 киши нобуд бўлган, йўқ деганда 600 киши тан жароҳати олгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Боёвут қишлоқ хўжалик бўлими етакчи мутахассиси иш хонасида ўзини осиб қўйди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоят прокуратураси Боёвут туман қишлоқ хўжалиги бўлими етакчи мутахассиси Т. Б., иш кабинетида осилган ҳолда топилгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни тасдиқлади.

Вилоят прокуратурасининг 22 июнда хабар беришича, воқеа 13 июнь куни бўлган. Т.Б.,нинг жасади қишлоқ хўжалиги бўлими маъмурий биносининг иккинчи қаватидаги бўш хонада топилган. Прокуратуранинг билдиришича, у “иши билан боғлиқ бўлмаган ва ҳозирда аниқлик киритилаётган шахсий муаммолари сабабли ўзини хона эшигининг тўсинига сиртмоқ билан бўйин қисмидан осиб, ўз жонига қасд қилган”.

Мазкур ҳолат юзасидан Боёвут туман прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Боёвут туман қишлоқ хўжалиги бўлими етакчи мутахассиси Т.Б.,нинг ўз жонига қасд қилишишига онлайн қимор ўйинларида катта миқдорда пул ютқазиб қўйгани сабаб бўлган, деган таҳминлар илгари сурилган эди.

Бундан аввал Ўзбекистон маҳаллий матбуотида Ўзбекистон ёшлари орасида онлайн қиморга муккасидан кетганлар тобора кўпайиб бораётгани тўғрисидаги мақолалар пайдо бўлган эди.

Мақолаларда қиморда катта пул ютқазиш оқибатидаидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳам таъкидланган. Жумладан, Фарғона давлат университети ўқитувчиси, 30 ёшли Р.Б., онлайн қиморда ютқазгач, ўз жонига қасд қилган.

Расман: Тўпаланг ГЭСдаги аварияга модернизация жараёнидаги сув қувури шикастланиши сабаб бўлди

Иллюстратив сурат.

Тўпаланг ГЭСдаги аварияга модернизация жараёнида босимли сув қувурига ўрнатилган вақтинчалик тиқиннинг шикастланиши сабаб бўлгани тўғрисида Энергетика вазирлиги 22 июнь куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, тиқиннинг шикастланиши оқибатида сониясига 40 куб метр сув сизиб чиққан. “Таъкидлаш керакки, дарёнинг сув ўтказиш қобилияти сониясига 600 куб метрни ташкил этади. Сув сизиб чиқиш вақтида сув сарфи сониясига 160 кубометргача кўтарилган”,-дейилади билдирувда.

Вазирлик ҳозирда босимли қувурдан сув сизиб чиқиш тўхтатилганини, бу ҳолат тўғон ҳолатига ҳеч қандай таъсир қилмаганини ва Тўпаланг сув омбори тўғонига шикаст етмаганини ҳам таъкидлади.

“Ўзбекгидроэнерго” ширкати бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳодиса сабабларини ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб борган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 22 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 08:14 ларда Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган Тўпаланг сув омборидан чиқаётган сув ҳажми кескин кўтарилгани ҳақида хабар берган эди. Вазирлик чиқаётган сув ҳажми кескин кўтарилишига нима сабаб бўлганини очиқлаган эмас.

“Сув омборининг мустаҳкамлигига зиён етмаган, айни вақтда чиқарилаётган сув ҳажмини камайтириш ишлари олиб борилмоқда”, дейилган вазирлик билдирувида.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тўпаланг сув омборида қурилган тўғон сув қўйиб юборгани, чор-атрофни сув босганига оид хабарлар тарқалган эди.

2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида тошқин юзага келган, расмий маълумотларга кўра, бунинг натижасида 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган эди.

ФВВ: Тўпаланг сув омборининг мустаҳкамлигига зиён етган эмас

Иллюстратив сурат

22 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 08:14 ларда Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган Тўпаланг сув омборидан чиқаётган сув ҳажми кескин кўтарилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди. ФВВ чиқаётган сув ҳажми кескин кўтарилишига нима сабаб бўлганини очиқлаган эмас.

Вазирлик қайдича, Тўпаланг ГЭС сув омбор лойиҳаси қуввати 400 миллион метр куб, амалда 378,87 миллион метр кубни ташкил этмоқда. Бу ерда сув ташлаш режага кўра секундига 70 м. кубни ташкил қилиши керак, бироқ чоршанба тонгида сув омборидан сониясига 110 м. куб сув чиқа бошлаган.

“Сув омборининг мустаҳкамлигига зиён етмаган, айни вақтда чиқарилаётган сув ҳажмини камайтириш ишлари олиб борилмоқда”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тўпаланг сув омборида қурилган тўғон сув қўйиб юборгани, чор-атрофни сув босганига оид хабарлар тарқалган эди.

2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида тошқин юзага келган, расмий маълумотларга кўра, бунинг натижасида 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган эди.

UNICEF Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликлардан ташвиш билдирди

Ўзбекистондаги зўравонлик ҳолатларидан бири.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари акс этган қатор видеолар тарқалгани ортидан UNICEF хавотир билдирди. Ташкилот баёнотида айтилишича, айрим ҳодисалар, жумладан, гўдаклар билан боғлиқ бўлганлари, жамоатчилик кўз ўнгида ва кузатувчилар иштирокида содир бўлаётгани алоҳида ташвиш уйғотмоқда.

“Аёллар ва болалар, айниқса қизлар, ҳар куни зўравонликдан азият чекмоқда ва бунга, афсуски, мақбул, нормал, йўл қўйиш мумкин бўлган ҳолат ва “оиланинг иши” деб қаралади. Зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мумкин. Зўравонликка барҳам беришда ҳар кимнинг ўрни бор. Одамларнинг зўравонликка муносабатини ўзгартириш, жазосиз қолишига чек қўйиш, ижобий тажриба меъёрлари ва амалиётини тарғиб қилиш, жабрланганларга малакали ёрдам кўрсатиш зарур”, - деди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Минур Мамедзаде.

Ташкилотнинг таъкидлашича, жаҳонда ҳар тўрт боладан бири зўравонликка дучор бўлади ва ҳар беш боладан бири зўравонликнинг турли шакллари туфайли вафот этади.

UNICEF баёнотида айтилишича, айни пайтда ташкилот Вазирлар Маҳкамаси Таълим ва соғлиқни сақлаш котибиятининг Болаларни ҳимоя қилиш бўйича янги сектори, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ва Болалар омбудсмани билан ҳамкорликда болаларга нисбатан зўравонликни аниқлаш ва уларга жавоб бериш бўйича стандарт процедураларни ишлаб чиқмоқда.

Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари жамиятнинг асосий қатлами томонидан “одатий ҳолат” сифатида қабул қилинаётгани халқаро ташкилотларнинг ташвишларига сабаб бўлиб келади.

Биргина июнь ойининг биринчи ярмида ижтимоий тармоқларда камида учта зўравонлик ҳолати -куёвнинг никоҳ кечаси келиннинг бошига мушт туширгани, она-бола бир аёлни самосуд қилаётгани ва гўдак боласини калтаклаётган аёл акс этган видеолар тарқалган. Бу видеоларда зўравонлик ҳолатлари кўплаб гувоҳлар олдида амалга оширилганини кўриш мумкин. Лекин улардан бирортаси бу зўравонликни тўхтатишга ҳаракат қилмаган.

Сўнгги 30 йил ичида илк йўловчи поезд Душанбедан Тошкентга келди

Иллюстратив сурат.

Душанбе шаҳридан “Тошкент-Марказий” темир йўл вокзалига 30 йил ичида биринчи марта йўловчи поезд етиб келди, деб хабар берди 21 июнь куни “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати.

Хабарда таъкидланишича, мазкур поездни кутиб олиш учун тантанали тадбир ўтказилган. Ширкат биринчи рейс йўловчиларини кутиб олиш маросими ва бошқа тафсилотлар тўғрисида кейинроқ маълумот берилишини билдирди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2 июнь куни Тошкентга расмий сафар билан келган эди. Мазкур сафар доирасида икки давлат президентлари Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналишидаги поезд қатновини йўлга қўйишни келишиб олишганди.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг билдиришича, поезд ҳар душанба куни Душанбедан йўлга чиқади ва сешанба куни Тошкентга етиб келади. Тошкентдан ҳафтанинг ҳар сешанба куни жўнаб кетиб, чоршанба куни етиб Душанбега боради. Икки шаҳар орасидаги масофа 916 километрга тенг. Поезд бу масофани 21 соатда босиб ўтади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG