Линклар

Шошилинч хабар
17 январ 2021, Тошкент вақти: 03:00

Ўзбекистон хабарлари

Каримов ҳайкалини ясаëтган британиялик скульптор ўзини ҳимоя қилди

Ислом Каримовнинг илк бюсти Туркманистонда очилди.

Британиялик ҳайкалтарош Пол Дэй (Paul Day) Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов ҳайкалини ясаши хусусидаги танқидларга муносабат билдирди.

Британиядаги The Times газетасининг ëзишича¸ Дэй санъаткор сифатидаги ўз вазифаси сиëсатчилар фаолияти устидан ҳукм чиқариш эмас¸ ўзига пул тўловчи мижозлари буюртмасини сидқидилдан бажариш эканини билдирган.

Британиялик скульптор халқаро майдонда инсон ҳақларини поймол қилиб келган диктатор сифатида танилган Ислом Каримовга Москвада ўрнатиладиган ҳайкални ясашга рози бўлгани учун танқидга учраган.

Россия пойтахтининг Ислом Каримов номи берилган хиëбонига келаси йил ўрнатиладиган ҳайкал буюртмачиси марҳум президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаевадир.

Бу ҳақда Каримова-Тиллаева май ойида ўз Instagram саҳифасида хабар қилган эди.

Мустақил Ўзбекистоннинг 1-президенти хотирасини абадийлаштириш учун қабул қилинган дастур доирасида Ислом Каримовга Тошкент ва Самарқандда ҳайкал ўрнатилди.

2017 йилнинг 7 март куни Туркманистонда биринчи бўлиб марҳум ўзбек президенти бюсти тантана билан очилган эди.

Кун янгиликлари

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат аҳолиси сони 34,5 миллиондан ошганини эълон қилди

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 34,5 миллион кишини ташкил этмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, аҳоли сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 653,7 минг кишига кўпайган. Аҳолининг ўсиш суръати 101,9 фоизга тенг бўлди.

Қўмита маълумотида мамлакат аҳолиси ҳар ойда ўртача 54,5 минг кишига кўпайгани айтилади.

2020 йилнинг ҳар бир кунида доимий аҳоли сони ўртача 1,8 минг кишига ошган.

ИИВ расмийси: Ўзбекистонда қўшфуқароликка руҳсат йўқ

Агар Ўзбекистон фуқароси бошқа давлат фуқаролигини олган бўлса у икки фуқароликдан бирини танлаши керак бўлади.

Чет элга чиқиб кетган Ўзбекистон фуқароси мамлакат фуқаролигидан чиқмаган ҳолда чегарадан чет давлат паспорти билан кириб келса, у Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилшодбек Муродбеков Тошкентда ўтказилган брифингда таъкидлади.

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонунга биноан, агар шахс ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса, у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотади.

Берилган муддат давомида шахс чет эл фуқаролигидан воз кечмаса, унинг Ўзбекистон фуқаролиги президент фармони билан тугатилади. Ушбу ҳолатда шахс ҳеч қандай маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилмайди", - деди Муродбеков.

Ҳозирда ўз ватанига айнан фуқаролик, ОВИР ва янги биометрик паспорт масалалари билан ватанига қайтолмаган миллионлаб ўзбекистонликлар борлиги тахмин қилинади.

Улар орасида чет эл ватандошлигини олганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Мирзиёев: Жиззахда қулаган уйни қурганлар қонун олдида жавоб беради!

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 январ куни Тошкентда фаоллар билан учрашувда Жиззахда қулаб тушган уй масаласига тўхталиб, уни қурганлар қонун олдида жавоб бериши кераклигини айтди.

Президент, шунингдек, ўз чиқишида Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосарига чора кўришни талаб қилди.

Аввалроқ бу амалдорнинг қариндошлари қурилишлар бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани ҳақда маҳаллий матбуотда хабар қилинганди.

"Давлат идораларига талаб бундан ҳам қаттиқ бўлади. Мана, мен яқинда икки вазирни ишдан олдим. Яна қатор вазирлар, вазир ўринбосарлари қаттиқ огоҳлантириш олди. Нимага десангиз, аравани тортиш керак, бўлмаса кетиш керак.

Жиззахдаги уй қурилишига йўл қўйганлар қонун олдида жавоб беришлари керак. Бу масала албатта назоратда бўлиши керак", – деди Мирзиёев.

Президент ўз чиқишида Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосарини ўз сиёсатига хиёнат қилганликда ҳам айблади.

"Унинг бутун тўдасига қонуний жазо белгиланиши керак. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, барибир эски замонни қўмсаган ноинсофлар ҳам бор. Улар эркинлик, очиқлик сиёсатини тушунмайди", – деди Шавкат Мирзиёев.

Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Акрам Раҳмонқуловнинг қариндошлари ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини қуриш бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани, унинг қариндошлари ютган тендерларда комиссия раҳбари сифатида қатнашгани маҳаллий матбуотда хабар қилинганди.

10 январь куни Жиззах шаҳридаги Зилол маҳалласи Мустақиллик кўчасида янги қурилаётган, 6 қаватдан иборат кўп қаватли уй қулаб тушганди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.

Қурилиш вазири: “Жиззахдаги бинони ўғрилик қулатди”

10 январь куни Жиззахда қулаб тушган кўп қаватли бино

15 январь куни оммавий ахборот воситалари учун брифинг ўтказган Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Ботир Зокиров Жиззах шаҳрида қулаган бино пудратчиларининг "хаёли ўғриликда бўлгани"ни таъкидлади.

“Пудратчи ташкилотнинг хаёли ўғрилик бўлган... Қурилиш конструкцияларида ишлатиладиган бетон маркаси 250-300-400 бўлади. Бу ҳолатда бетон маркаси 3-4 бараварга туширилган. Шунинг учун устунларнинг кўтариш имкони йўқ» деди вазир.

Матбуот анжуманида қурилиш бўйича талаб-меъёрларнинг бузилиши, ҳатто бино қулаганидан сўнг ашёларнинг майдаланиб кетгани ҳолатидан ҳайратини яширмаган вазир пудратчи ва буюртмачи келтирилган зарарни тўлиқ ўз ҳисобидан қоплашини таъкидлади.

Вазирнинг таъкидича, буюртмачи ва пудратчига бинонинг орт томонига 10 минг куб тупроқ тўкиб, бинога тираш ва уни демонтаж қилиш мажбурияти юкланган.

Келтирилган каттагина зарар суммасини тадбиркорнинг ўзи қоплайди.

Шу йил 10 январида Жиззах шаҳридаги Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди.

Жиззах вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Абдураҳмоновга кўра, бино хусусий тадбиркор томонидан қурилган. Бинонинг дастлабки 2 қавати дўконлар ва қолган 4 қавати яшаш учун мўлжалланган.

Расмийлар бино қулаши оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини билдирган.

15 январь куни Бош прокуратура бинонинг қулаши юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Россия ҳукумати вакили Ўзбекистоннинг ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлишига ишонмоқда

ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилот Олий иқтисодий кенгашининг видеоконференция тарзида ўтган саммитида

Россия Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига тўлақонли аъзо бўлиб киришига ишонади.

Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук 15 январда Москвада бошланган анъанавий "Гайдар Форуми"да баёнот берди.

.«Биз Ўзбекистонни иттифоқ аъзоси сифатида кўришга ишонамиз ва барча аъзолар бунда кўмак беради. Россия ҳам бу масалада Ўзбекистонга ёрдам беради», — деди Россия бош вазири ўринбосари.

Унинг сўзларидан иқтибос сифатида келтирган “Интерфакс”га кўра, Оверчук ўтган йили Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олган Ўзбекистон яқин истиқболда иттифоқнинг тўлақонли аъзоси бўлишига умид қилмоқда.

2020 йил майида Олий Мажлис Ўзбекистоннинг ЕОИИ фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этишини маъқуллаганди.

Евросиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ)нинг 2020 йил 11 декабрда ўтган саммитида Ўзбекистон ва Кубага кузатувчилик мақоми берилди.

Ўтган йил 29 декабрида парламентга мурожаатида президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг "ЕОИИ бозоридаги тўлақонли иштироки" ҳақида гапирган. Ўтган йил бошида у ташкилотда фақат кузатувчи мақомида иштирок этиш ҳақида сўз бораётганини айтиб, Ўзбекистон "мустақиллигини қўлдан бой бериши" ҳақидаги хавотирларни аритишга уринганди.

"Ўзбекистон яқинда Евросиë иттифоқида кузатувчи мақоми олди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъëрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириши зарур”, деган президент парламентга сўнгги мурожаатида.

Ўзбекистонда “самосуд” учун жавобгарлик кучайтирилади

Хоразмнинг Қўшкўпир туманида 2020 йил 9 июнь кечаси содир этилган "самосуд" видесидан скриншот

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида “самосуд” учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда 15 январь куни ўтказилган Ахборот ва оммавий коммуникациялара агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.


Хусусан, Ўзбекистон Репсубликаси Бош прокуратураси масъул ходими Шокир Назировга кўра, “самосуд” натижасида кимгадир тан жароҳати етказилса, бу ҳолат Жиноят Кодексининг 104-, 105- ва 109-моддалари бўйича чора кўрилишига олиб келади.


ИИВ вакилига кўра, бу жараён видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилса, Жиноят Кодексининг 130-моддаси, яъни зўравонлик ва ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маълумотларни тайёрлаш, уни тарқатиш ёки жойлаштирганлик учун жавобгар бўлади, яъни 22 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилади. Башарти, киши бундан аввал шундай қилмиш учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса.


“Самосуд" пайдо бўлишининг асосий сабаби нима? У шахсларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлиги эмас, қонунларни билмаслиги ёки била туриб менсимаслигидан келиб чиқмоқда.
Тергов жараёнларида шу нарсага гувоҳ бўлдикки, одамлар жаҳл устида ёки ўз хатти-ҳаракатлари қонуний жавобгарликни келтириб чиқаришини билмаган ҳолда самосудга йўл қўяди”, - деди матбуот анжуманида Бош прокуратура вакили.


Тошкентлик ҳуқуқшунос Азамат Олимовга кўра, Бош прокуратура вакилининг бу гапи ҳақиқатага тўғри келмайди. “Самосуд”ларнинг кўпайиши давлат ҳокимияти бўғинларининг заифлиги ва тузумнинг ўзгариши билан боғлиқдир.
“Эслаб кўринг, мустақилликнинг дастлабки йилларида самосуд ва рэкетлар авж олганди. Ҳатто 1994 йилгача амал қилган Жиноят кодексида рэкет ва самосуд учун 165-модда бор эди. Ҳукумат бу жиноятларни жиловлаб олгач, моддаси “Товламачилик” деб ўзгартирди. Ҳозир ҳам ҳукумат самосудларга чек қўя олишга қодир бўлиши лозим”, - дейди ҳуқуқшунос.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг декабрдаги қўшма сессиясида Сенатнинг мудофаа ишлари ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси мамлакатда "самосуд"ларнинг ортиб бораётгани хавфли тенденция эканини таъкидлаган. Исми сир қолишини истаган ИИВ мулозимига кўра, тизимда жиноятларни қайд қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келган. Муаммонинг илдизи — "самосуд"ларнинг ошиб бораётгани ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари назоратининг сусайгани ва фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларига ёппасига эътибор қаратилаётгани нишонасидир.


“Масалан, бирор жиноятни қайд қилиб, уни оча олмасангиз, прокуратура дарҳол “укритые дело” деб ишдан олади. Ҳамма жиноятларни очиш имконияти ҳам чегараланган. Моддий техник база қашшоқ. Милициянинг қўли боғлиқ бўлгач, албатта самосуд кўпаяди-да”, - дейди мулозим.


Сирдарёлик социолог Ашраф Алиевга кўра, самосудларнинг каттагина қисмини маиший жанжаллар ва хулқий оғишиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил қилмоқда.


“Жинсий ориентацияси бошқача бўлган шахсларга нисбатан жамиятнинг чидамсизлиги ёки милиция кириб бора олмайдиган оддий маиший қўйди-чиқдилар ҳам "самосуд"ларнинг субъектидир. Бунинг устига, технология ва ижтимоий тармоқлар ривожланиб кетди”, - дейди социолог.


Озодлик "самосуд"лар билан боғлиқ бир қанча материаллар эълон қилган. Уларда жумладан, жинсий ориентацияси ўзгача бўлган шахсларга тажовуз ва ўзаро муносабатларни мустақил равишда ҳал қилишга уриниш жиноятлари акс этган эди.

Энди суд тизими харажатлари фақат бюджетдан қопланади

Ўзгаришдан кўзланган мақсад суд ҳокимиятининг "тўла мустақиллигини таъминлаш" экани айтилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 15 январдаги Фармони талабига асосан, яқин келажакда Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи судлар судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг иш ҳақлари ва қўшимча тўловлари тўлиғича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Шу йилнинг октябрига қадар тизим таъминоти учун Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳам йўналтирилади, аммо октябрдан бошлаб тўлиқ давлат бюджети таъминотига ўтилади.

“Мазкур амалиётдан кўзланган мақсад суд ҳокимятининг тўла мустақиллигини таъминлаш ва тизимнинг қайсидир молия манбаларига қарамлигини бартараф қилишдан иборатдир”, - деди Судьялар Олий кенгаши вакили Озодликка.

Шу пайтга қадар судлов тизимининг айрим институтлари, судларнинг моддий техник базаси ва тизим вакилларини рағбатлантириш айрим молиявий жамғармалар ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистонда омбудсман алмашди, Муҳаммадиев ўрнини Эшматова эгаллади

Феруза Эшматова

Қонунчилик палатасининг 15 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида депутатлар томонидан Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) лавозимига Феруза Эшматова номзоди маъқулланган. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

41 ёшли сенатор Ф. Эшматова 2000 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган, юридик фанлар доктори илмий даражасига эга.

У омбудсман лавозимига маъқуллангунига қадар Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Ф. Эшматова 2015-2020 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган. 2002 йилдан 2015 йилгача эса у Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ишлаган.

Феруза Эшматова 2015 йилдан бери Олий Мажлис инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўлароқ фаолият юритиб келган Улуғбек Муҳаммадиев ўрнини эгаллади.

Фарғонада олий маълумотли шахматчилар етиштирилади

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида шахмат бўйича таълим йўналиши очилади. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев томонидан шу йил 14 январида имзолаган “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилган.

Қарорда қайд этилишича, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб бошқа олий таълим муассасаларида шахмат йўналишига зарур эҳтиёждан келиб чиқиб, Ўзбекистон шахмат федерациясининг тавсиясига асосан алоҳида қабул квоталари белгиланади. Шунингдек, педагог ходимлар ўртасида шахмат бўйича “Энг яхши инновацион ўқув методик қўлланма” танлови ташкил этилади, қўлланмани оммалаштириш ва жойларга етказиш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Қарор билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон шахмат федерациясига мазкур бандда назарда тутилган вазифалар ижросини тўлиқ ва сифатли таъминлаш вазифаси юклатилган.

Президент қарорида Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби негизида ташкил этилган Халқаро шахмат академияси Ўзбекистонда шахмат спорт тури бўйича ўқув-методик ва тайёрловнинг асосий базаси ҳамда шахмат спорт тури бўйича ўқув-методик қўлланмалар ва дарсликларни ишлаб чиқувчи ва марказлашган ҳолда тарқатувчи муассаса бўлиб ҳисобланиши айтилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Шахматни оммавийлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этиш вазифаси ҳам топширилган.

МБ: Ўтган йили ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 10 фоизга қадрсизланди

Ўзбекистон миллий валютаси бўлган сўм АҚШ долларига нисбатан 2020 йил давомида 10,1 фоизга (9501 сўмдан 10461 сўмгача) қадрсизланган. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2020 йилда ички валюта бозорида амалга оширилган операцияларга доир қисқача шарҳида қайд этилган.

МБга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида пандемия таъсирида ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг ўзгариши, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг кескин девальвацияси натижасида девальвацион кутилмаларнинг ўсиши, шунингдек, ички валюта бозорида чет эл валютасига бўлган талабнинг ўсиши каби омиллар таъсирида миллий валюта 7,2 фоизга қадрсизланган.

Йилнинг иккинчи ярмида эса сўмнинг алмашув курсида нисбатан барқарор динамика кузатилиб, 2,7 фоизга қадрсизланган.

Марказий банк жорий йилда миллий валютанинг алмашув курси ички валюта бозорида вужудга келадиган талаб ва таклиф асосида узоқ муддатли фундаментал тренд доирасида шаклланиши прогноз қилинаётганини қайд этган.

Вилоятларда ҳудудий экспорт штаблари ташкил этилади

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида доимий фаолият юритувчи ҳудудий экспорт штаблари ташкил қилинади. Бу тартиб президент Ш. Мирзиёев томонидан шу йил 14 январида имзоланган “2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда кўзда тутилган.

Президент қарорга мувофиқ, жорий йил 1 февралидан экспортчи ташкилотларга экспортолди молиялаштириш ажратилади.

2021 йил 1 апрелидан эса маҳаллий экспортчи корхоналарнинг савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, шунингдек, реклама кампанияларини ташкил қилиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларининг 50 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Ортиқхўжаевнинг салафи Раҳмонбек Усмонов транспорт вазирига муовин этиб тайинланди

Раҳмонбек Усмонов

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов транспорт вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Бунга оид Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 14 январь куни имзолаган.

Тошкент автомобиль ва йўллар институти битирувчиси бўлган 60 ёшли Раҳмонбек Усмонов пойтахтнинг амалдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан олдин, яъни 2011 йилдан 2018 йил апрелигача Тошкент шаҳар ҳокими вазифасида ишлаган.

Шундан сўнг бир неча ой Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги бошлиғининг ўринбосари Раҳмонбек Усмонов 2018 йил октябрида Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинланган.

Шу йил 4 январь куни Вазирлар маҳкамасида бўлиб ўтган мажлис ортидан бошқа мулозимлар қатори транспорт вазирининг ўринбосари Даврон Деҳқонов ишдан олингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

ФВВ Қайроққум сум омбори ёрилганига оид маълумотларни рад этди

Қайроққум ГЭСи (архивдан олинган сурат)

Тожикистон ҳудудида жойлашган Қайроққум сув омбори бузилганига оид аҳоли орасида тарқалган маълумот ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий Телеграм-канали орқали маълум қилди.

ФВВнинг “Тожикистондаги фавқулодда вазиятларга масъул идорадан олинган аниқ маълумотлар”га таянган ҳолда қайд этишича, Қайроққум сув омбори бузилмаган ва нормал ҳолатда ишламоқда.

Ижтимоий тармоқларда 14 январь куни Қайроққум сув омборининг ёрилиши натижасида сув тошқини содир бўлганлиги тўғрисида тарқалган хабарларнинг ёлғонлиги ҳақида Сирдарё вилоят ҳокимлиги ҳам расмий маълумот тарқатган.

Ҳокимлик матбуот хизмати бу хабар тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин каби туманларда жиддий ваҳима уйғотгани, айримлар ўз яшаш ҳудудини тарк этишга ошиққани, бундан хабар топган вилоят ҳокими Ғ. Мирзаев туманларга етиб борганини маълум қилган.

“Ғофуржон Мирзаев бу каби хабар тарқалишига ҳеч қандай асослар мавжуд эмаслигини билдирди. Аҳолини ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва саросимага тушмасликка чақирди”, дейилган Сирдарё вилоят ҳокимлиги хабарномасида.

Тўғон ёрилгани ҳақидаги миш-миш Сардоба сув тўғони яқинида яшайдиган аҳоли орасида жиддий ваҳима уйғотгани Озодликка етиб келган хабарлардан ҳам англашилади.

Маҳаллий вақт билан соат 00.10 да юборилган видеода ярим тунда кўчада юрган одамлар ва машиналар шовқини эшитилади. "Мана шу аҳвол, мана, Навбаҳор қишлоқ фуқароларидан, деярли 90 фоиз халқ кўчага чиқиб кетган. Саволга жавоб берадиган одам борми? Катталардан сўраб қоламиз" , - дейди видеодаги одам.

Қайроққум - Тожикистоннинг Сирдарё бўйидаги тупроқ тўғони ҳисобланади. Сув омборидан қишлоқ хўжалик ерларини суғориш ва гидроэлектр станцияларида фойдаланилади. Қайроққум тўғони қурилиши 1952 йилда бошланган ва 1956 йилда тўғондаги икки генератор ишга туширилган. 1957 йилда яна тўрт генератор қўшилган гидроиншоот қурилиши 1959 йилда ниҳоясига етказилган. 126 МВт электр энергияси ишлаб чиқарадиган электростанция Тожикистоннинг давлат энергетика ширкати - "Барқи тожик" томонидан ишлатилади.

Адлия вазирлиги TikTok тармоғида ўз саҳифасини очди

Ўзбекистон Адлия вазирлиги TikTok ижтимоий тармоғида “Huquqiy axborot” саҳифасини очди.

Вазирлик маълумотига кўра, мазкур саҳифа “аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш, хусусан ёш авлод вакилларининг ҳуқуқий билим ва тушунчаларини ошириш мақсадида” ташкил этилган.

“Сиз tiktok.com/@huquqiyaxborotuz ҳаволаси орқали мамлакатимизда қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, янги тартиб-қоидалар, ҳуқуқий янгиликлар акс этган қизиқарли видеолавҳалар билан танишиб боришингиз мумкин”, дейилган хабарномада.

Хитойнинг “ByteDance” ширкатига тегишли TikTok қисқа видеолар сервисининг халқаро версияси 2018 йилдан ишга тушган. Бу платформа сўнгги пайтларда ўзбекистонлик ёшлар орасида ҳам жуда оммалашганини аввалроқ Озодликка SММ-менеджер Ноила Қутлиева эътироф этганди.

Баъзи тенгдошларим ҳатто сайт нималигини ҳам билмайди. Улар TikTokда вақт-умр ўтказишади. Икки йил олдин TikTok йўқ эди, биз Инстаграм ва Однода эдик. Бугун TikTokдамиз. Мен шахсан 6 та тармоқда фаолман. Булар ФБ¸ Ютюб¸ Инста¸ Твиттер¸ Телеграм ва TikTok”, деганди Н. Қутлиева.

Айни пайтда ўзбек расмийларида TikTok сервисида ёйинланаётган видеоконтент ёшлар онгига салбий таъсир этиши мумкинлигига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги TikTok фойдаланувчиларини ва уларнинг ота-оналарини “фуқароларнинг осойишталигини, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш майда безорилик ҳисобланиши ва 15 суткагача қамоқ билан жазоланиши” тўғрисида огоҳлантиргани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Шунга қарамай, ИИВ вакилларининг ўзлари ҳам мазкур платформа хизматидан фойдаланиб туришади.

ХТВ USAID билан ҳамкорликда танқидий тафаккурни ўз ичига олган таълим стандартларини ишлаб чиқади

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари учун синфлар ва фанлар бўйича ўзлаштиришнинг янги стандартларини жорий этяпти. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳар бир синф даражасида ўқувчилар билимини аниқ талаблар асосида белгилаш ХТВга керакли кўникмаларни ўргатадиган ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмаларни ишлаб чиқиш имконини беради.

“Бу Ўзбекистон иқтисодиётида муваффақиятли бўлиши учун зарур бўлган танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва амалий кўникмаларга эга бўлган мактаб битирувчиларини етиштириб берадиган сифатли таълим тизимини яратишнинг фундаментал элементларидан биридир”, дейилган хабарномада.

Жорий йилнинг 14 январидан 1 февралгача бўлган даврида таълим соҳасининг 60 дан ортиқ мутахассиси Халқ таълими вазирлиги ва USAID томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури” билан ҳамкорликда ўтказиладиган таълим стандартларини тақриз қилиш бўйича семинарда иштирок этади. Семинарнинг мақсади вазирлик ходимларини она тили ва математика фанларидан (1-4 синфлар учун) ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанидан (1-11 синфлар учун) таълим стандартларининг лойиҳасини тақриз қилишга тайёрлашдан иборат.

Хабарномада USAID Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигини ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш учун 2019 йилнинг декабр ойида тўрт йиллик “Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури” нинг ижросини бошлагани қўшимча қилинган. Дастур АҚШнинг Research Triangle Institute (RTI) ва унинг ҳамкорлари бўлган Флорида давлат университети ва Миссиссиппи давлат университети томонидан амалга оширилади.

Маданият вазири дабдабали тўйлар ўрнига пулни фарзандларни ўқитишга сарфлаш тарафдори эканини айтди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков фуқаро сифатида ихчам тўйларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Назарбеков Дарё.уз нашри мухбири билан суҳбатда “беш йил Россияда юриб, қора меҳнат қилиб, ўша ерда касал орттириб, лекин топганини бир кунлик тўйда йўқ қилиш ва ишлагани яна хорижга кетиш ҳолатларига шахсан гувоҳ бўлган”ини айтган ва катта тўй қилиш ўзбекистонликлар учун бир мажбуриятдек қабул қилиниб қолганига эътибор қаратган. Вазирга кўра, одамлар зиммасида бундай мажбурият йўқ.

Қурби етмаса ҳам қарз олиб, дабдабали тўй қилгандан кўра, одамлар топган пулини фарзандларини ўқитишга, илм олишига ва шу каби нарсаларга йўналтирса, ўйлайманки, ўзлари учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам фойдали бўлади”, деган маданият вазири.

Пандемия туфайли Ўзбекистонда ўтган йил мартидан киритилган карантин чоралари доирасида аввалига тўй-тантаналарни тақиқлаш, кейинроқ эса тўй ва бошқа маросим иштирокчилари сонини 30 кишигача чеклаш тартиби жорий қилинган эди.

Мазкур тартибга ҳар вақт ва ҳамма жойда амал қилинганини айтиб бўлмаса-да, бу чеклов ортидан Ўзбекистонда тўйлар аввалгидан кўра ихчамлашганини кузатиш мумкин.

Коронавирусга чалинган кишилар сони 77777 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 13 январь ҳолатига кўра, 77 777 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 61 нафар киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда кеча кун давомида Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 79 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 76 276 нафарни ташкил қилган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 883 нафарни ташкил этиб, улардан 158 нафарининг аҳволи оғир, 32 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Бу орада Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони, ССВ маълумотига кўра, 618 нафарга етган.

Равшан Эрматов сўнгги ўн йилликдаги энг зўр футбол арбитрлари рейтингида 16-ўринни эгаллади

Равшан Ирматов рейтингда белгиланган 141 баллдан 33 балл олган.

Футбол тарихи ва статистикаси бўйича халқаро федерация – IFFHS 2011 йилдан 2020 йилгача бўлган энг зўр футбол арбитрлари рейтингини эълон қилди.

Ўзбекистонлик футбол ҳаками Равшан Эрматов мазкур рейтингда 16-ўринни эгаллади. У рейтингда белгиланган 141 баллдан 33 балл олган.

Германиялик ҳакам Феликс Брих 141 балл билан рейтингдаги биринчи ўринни эгаллаган. Иккинчи ўринда эса 140 балл билан туркиялик ҳакам Гюнейт Чақир бормоқда. Рейтингда жами 19 футбол ҳаками номи келтирилган.

Равшан Эрматов 2020 йилнинг февралида Ўзбекистон президентининг махсус қарори билан жисмоний тарбия ва спорт вазирига биринчи ўринбосар лавозимга тайинланган.

Равшан Эрматов 2003 йилда 25 ёшида ФИФА ҳаками сифатида фаолият бошлаган.

2008-2011 йилларда беш маротаба Осиёнинг энг зўр ҳаками сифатида тан олинган. 2013 йилда Халқаро футбол статистикаси федерацияси томонидан дунёнинг энг зўр ҳакамлар ўнлигига киритилган. Учта Жаҳон чемпионатида 11 маротаба ҳакамлик қилган Равшан Эрматов бу соҳада рекордсмен саналади.

У “Ўзбекистон Ифтихори”(2010), “Эл-юрт ҳурмати” (2014) орденлари соҳиби. 2011 йилда Равшан worldreferee.com портали томонидан оламнинг энг яхши ҳаками сифатида эътироф этилган.

Ўзбекистонда яна икки вазир алмашади

Янги вазирлар (чапдан ўнгга) Шерзод Ҳидоятов ва Абдуқодир Тошқулов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 14 январь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига Абдуқодир Тошқулов ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимига Шерзод Ҳидоятов номзодини маъқуллади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига тасдиқланган Абдуқодир Тошқулов бунга қадар Термиз давлат университети ректори ҳамда Сенат аъзоси эди. Абдуқодир Тошқулов 2016 йил сўнгидаги сайловлар арафасида президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятидаги ишончли вакили бўлганди.

Абдуқодир Тошқулов 2017 йил июнидан вазир лавозимида фаолият кўрсатаётган Ином Мажидов ўрнини эгаллайди.

Бундан бир кун аввал Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимига маъқулланган Шерзод Ҳидоятов ҳозирга қадар қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Номзодлар президентнинг тегишли фармонидан кейин ўз лавозимларига тайинланишади.

Никоҳдан ўтмоқчи бўлган ёшлар “оила қадриятлари”га ўқитилади

Ўқув машғулотлари Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида ўтказилади.

ФҲДЁ органларига никоҳни қайд этиш учун ариза берган ёшлар 16 соатдан кам бўлмаган дастур асосида оилавий қадриятлар бўйича бепул ўқитилади.

Ҳукумат қабул қилган “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 820-сон қарорда белгиланишича, бепул ўқитиладиганларнинг ёши 30дан ошмаган бўлиши ва улардан ўқув машғулотларида қатнашиш учун розилиги олинган бўлиши шарт.

Ўқув машғулотлари Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида ўтказилади. Мазкур марказлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида ташкил этилади.

Марказларга замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда “Оила – муқаддас”, “Соғлом оила - соғлом жамият”, “Оила - жамият ва давлат ҳимоясида” ва “Фаровон оила - жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини никоҳланувчилар онгига сингдириб бориш вазифаси юкланади.

Учта туманда ишсизликни камайтириш учун боғлар яратиш режалаштирилмоқда

8 220 гектар ғалла майдони қисқартирилиб, боғ ва токзорлар ташкил қилинади.

Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида аҳоли ишсизлигини камайтириш учун туман ҳокимликлари захирасидаги яхлит 300-500 гектар майдонларда плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, лизинг асосида 7 йил муддатга аҳолига берилади.

“Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида мана шу ҳақда гап боради.

Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида 2021–2022 йилларда 8 220 гектар ғалла майдони қисқартирилиши назарда тутилган.

Қисқартирилган майдоннинг 1 850 гектарида замонавий интенцив боғ, 1 300 гектарида токзор ташкил этилади.
Бундан ташқари 1 440 гектар ерга сабзавот, 960 гектар ерга картошка, 1 510 гектар ерга дуккакли ва 1 160 гектарга мойли экинлар экилади.

Мазкур туманларда сертификатланган сабзавот, дуккакли ва мойли экинлар уруғларини ҳамда мевали дарахт ва ток кўчатларини етиштирувчилар томонидан тўланадиган ер солиғи 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилади.

Икки вазирликда биринчи ўринбосарлар лавозимидан озод этилди

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Вазирлик матбуот хизмати маълумотига кўра, мулозим “бошқа ишга ўтгани муносабати билан” ишдан бўшатилган.

Ў. Саломов мазкур лавозимга ўтган йилнинг 29 июнида тайинланганди. Унинг қайси ишга ўтганига аниқлик киритилган эмас.

Айни пайтда сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Рўзибоев ҳам ишдан олинган. Бу ҳақда Газета.уз нашри ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Б. Рўзибоев сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари лавозимига 2018 йил 8 майида тайинланган эди.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги вазирининг икки нафар ўринбосари лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берган эди.

“Ўзавтосаноат” таркибидаги 20 дан зиёд корхона хусусийлаштиришга ҳозирланади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда машинасозлик соҳасидаги рақобат муҳитини ривожлантириш учун “Ўзавтосаноат” компанияси таркибидаги эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган 23 та корхонани хусусийлаштиришга тайёрлаш лозим. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни машинасозлик тармоғини трансформация қилиш ва соҳада рақобатни ривожлантириш масалаларига бағишланиб ўтказилган йиғилишда билдирилган.

Президент матбуот хизмати қайдича, Ўзбекистонда барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилмоқда. Йиғилишда шу масалага эътибор қаратилиб, хорижий мутахассислар иштирокида “Ўзавтосаноат” фаолиятини трансформация қилиш офисини ташкил этиш бўйича топшириқ берилган.

“1 июлга қадар тармоқ таркибидаги 40 та корхонани трансформация қилиш бошланади. Тармоқда рақобат муҳитини ривожлантириш учун компания таркибидаги эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган 23 та корхонани хусусийлаштиришга тайёрлаш лозимлиги қайд этилди. “Ўзавтосаноат”нинг асосий фаолиятига боғлиқ бўлмаган 14 та ташкилотдаги улушларини сотувга чиқариш вазифаси юклатилди”, дейилган хабарномада.

Ш. Мирзиёев йиғилишда локализация даражасидан келиб чиқиб, машинасозлик соҳасида ишлаб чиқарувчилар учун бир хил шарт-шароит жорий этиш бўйича кўрсатма берган. Бунда автомобилларни саноат усулида йиғиш, йилига 50-60 мингта ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш зарурлиги таъкидланган.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ислоҳ қилиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилган. Мутасаддиларга корхоналарнинг бўш ер майдонларини оптималлаштириш, техникалар таннархини 30 фоизгача тушириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Шунингдек, ҳамёнбоп техникалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шу йил якунигача уларнинг локализациясини 30 фоизга, келгуси йилда эса камида 45 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Энергетика вазирлиги Афғонистонга узатилаётган электр энергияси қаердан олинаётганини очиқлади

Ўзбекистондан Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси қўшни давлатлар энерготизимларидан қўшимча импорт қилинган электр энергияси ҳисобидан қопланмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида электр энергиясини етказиб бериш юзасидан имзоланган ҳукуматлараро келишувга мувофиқ, 2 миллиард 200 миллион киловатт соат электр энергиясини етказиб бериш кўзда тутилган.

Мазкур келишув доирасида етказиб берилаётган электр энергияси ички бозорга салбий таъсир кўрсатмаслигини таъминлаш мақсадида, қўшни давлатлар энерготизимларидан ҳам қўшимча импорт қилиниб, Афғонистонга унинг бир қисми экспорт қилинмоқда”, дейилган Энергетика вазирлиги баёнотида.

Хабарномада Марказий Осиё мамлакатларининг ягона энерготизими Афғонистон энерготизими билан фақатгина Ўзбекистон орқали боғлангани, яъни ягона энерготизим мамлакатларида ишлаб чиқарилган электр энергияси фақатгина Ўзбекистон орқали экспорт қилиниши мумкинлиги таъкидланган.

Вазирлик бу масала юзасидан ижтимоий тармоқларда кузатилаётган “музокаралар айрим ҳолларда нотўғри рақамлар ва фактларга асосланган”и ва “ҳақиқий ҳолатни акс эттирмаётгани”ни иддао қилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилаётган электр энергияси ҳажмини 400 мегаваттгача оширганига оид хабарлар ортидан ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозаралар бошланиб кетган, ўзбекистонлик кўплаб фойдаланувчилар мамлакатда энергетик коллапс кузатилаётган бир пайтда Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш кўпайтирилгани юзасидан норозилик изҳор қила бошлашган эди.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг икки муовини ишдан бўшатилди

Қишлоқ хўжалик вазирининг собиқ ўринбосари Саидкамол Хўжаев

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги вазирининг икки нафар ўринбосари лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда Газета.уз нашри вазирлик матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, Қишлоқ хўжалиги вазирининг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича ўринбосари Саидкамол Хўжаев бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод қилинган. У мазкур лавозимда 2020 йил сентябридан бери ишлаётган эди. Ундан аввал эса С. Хўжаев вазирнинг молия ишлари бўйича ўринбосари лавозимида (2018 йил июлидан) фаолият юритган. Хўжаев Марказий Банк бошқаруви раиси Файзулла Муллажонов вафот этган 2017 йилда бир муддат МБни ҳам бир муддат бошқариб турган.

Айни пайтда қишлоқ хўжалиги вазирининг фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш буйича ўринбосари Ботиржон Сулаймонов ҳам лавозимидан бўшатилган. У ҳам мазкур лавозимга 2020 йилнинг сентябрь ойида тайинланган эди. Б. Сулаймонов вазир муовини бўлиб ишлаш билан бирга Тошкент давлат аграр университети ректори вазифасини ҳам бажариб келаётганди. Мулозимнинг ректорлик лавозимида қолиши айтилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG