Линклар

20 феврал 2018, Тошкент вақти: 08:48

OzodDayjest: Ўзбек матбуоти биринчи марта сайловдаги кўзбўямачилик ҳақида ёзди (ВИДЕО)

  • Озодлик

“Сайлов жараёни юқори савияда, шунингдек, ҳар томонлама шаффоф ташкил этилганига ишониш қийин”, деб ёзди 24 декабрь куни Тошкент шаҳрида ўтган халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлари сайловини кузатиб борган Kun.uz сайти.

Нашрга кўра, Тошкент шаҳар учтепа туманидаги 26-оилавий поликлиника биносида ташкил этилган, 10-Заковат сайлов округига қарашли 24-сайлов участкасида мутассадилар сайлов қонунчилигини очиқ-ойдин бузилишига йўл қўйган.

“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида шундай дейилади: “Ҳар бир фуқаро - сайловчи бир овозга эга”. Аммо, ҳавола этилган манзарада сайловчилар яқин қариндошлари ёки дўстларининг номидан ҳам сайлов бюллетенини саватчага ташлашини, қўлида бир нечта фуқаролик паспорти билан кириб келаётганини кузатиш мумкин. Қолаверса, сайлов участкасига кираверишда турган МФЙ вакили «​2-номзод, Жамолов Ғофур»​га овоз бериш кераклигини уқтирмоқда”, дейилади мақолада.

Kun.uz нашрига кўра, Тошкент автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи биносида ташкил этилган 3-Завқий сайлов округига қарашли участкада ҳам қонунчилик бузилгани кузатилган.

Шунингдек, сайтда сайлов участкасида овоз бериш қутисига бир киши бир неча дона овоз бериш варақчасини ташлаётгани тўғрисидаги видео ҳам жойлаштирилган.

Kun.uz сайтидаги видео:

Аввалроқ Тошкентда 24 декабрь куни биринчи марта ўтказилган шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловда, дастлабки маълумотларга кўра, 1 миллион 188 минг 851 нафар сайловчи иштирок этди. Бу эса умумий сайловчилар сонининг 76,2 фоизини ташкил этгани шаҳар сайлов комиссияси маълум қилган эди.

Расмийлар мазкур сайловнинг ўзгачалиги қаторида, унда биринчи марта сайловчиларнинг Ягона электрон рўйхати ахборот тизими ҳуқуқий тажриба сифатида қўлланигани ва бу тизим бир сайловчининг бошқа-бошқа сайлов участкаларида икки ёки уч марта қайта овоз беришининг олдини олиши ҳақида айтишган. Бундан ташқари бу тизим сайловчилар сонини электрон тарзда ҳисоблаб бориш имкониятини ҳам пайдо қилди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG