Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2018, Тошкент вақти: 09:59

Ўзбекистон Бишкек, Ўш ва Қораболтада очишни режалаган 9та корхонанинг айримлари иш бошлади


Ўзбекистоннинг "Artel Engineering" ширкати Ўшда ташкил этган кир ювиш машиналарини ишлаб чиқариш заводи.

Қирғизистоннинг Бишкек, Ўш ва Қораболта шаҳарларида Ўзбекистон 9та корхона очади. Расмий маълумотда айтилишича, Ўшда Ўзбекистоннинг "Artel Engineering" ва Қирғизистоннинг "Л.Т.Б" ширкати кир ювиш машиналарини йиғиш заводини, MediaPark кўнгилочар марказини Ўзбекистоннинг Perfect Plast ва Қирғизистоннинг Имзо ЛТД ширкатлари пластик ҳамда алюминий профилларни ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этади.

Ўзбекистон Бишкек, Ўш ва Қораболтада очишни режалаган 9та корхонанинг айримлари иш бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:53 0:00

Қораболта шаҳрида "ЎзАвтоСаноат" ва Қирғизистондаги "АвтоОндооЗавод" қишлоқ хўжалик техникаси ва тракторларни йиғиш заводини очади.

Бишкекда эса "ЎзАвтоСаноат" автобусларни йиғиш ва транспорт хизматларини кўрсатиш, енгил автомобиллар йиғиш заводи ва дилерлик маркази очишга келишиб олган.

Ўш шаҳар мэри ўринбосари Замир Аскаровнинг айтишича, Ўшда очилиши режалаштирилган корхоналарнинг айримлари иш бошлаган, айримлари эса энг сўнгги тайёргарлик ишларини олиб бормоқда.

- Аниқ қилиб айтадиган бўлсам, “Артель” ширкатининг кир ювиш машиналарини ишлаб чиқариш заводи иш бошлади. "ЎзАвтоСаноат"нинг Ўшдаги автосалони очилди, -деди Замир Аскаров.

Қирғизистон Инвестицияларни жалб этиш ва ҳимоя қилиш агентлигининг билдиришича, Бишкек ва Қораболта шаҳридаги корхоналарни очиш масаласи ҳозирча меморандум даражасида қолмоқда. Бироқ бу корхоналарни қуриш 2018 йил охиригача якунланиши келишиб олинган.

Тадбиркорлар 2016 йил охиридан бошлаб Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг илиқлаша бошлагани ортидан савдо-иқтисодий алоқаларда кескин ривожланиш бўлгани кузатилаётганини эътироф этмоқдалар.

Жалолободлик тадбиркор Бейшенбек Бегматов икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқлар янада ривожланишига темир йўл тарифларининг қимматлигича қолаётгани ҳалақит бермоқда, деб ҳисоблайди.

-Ҳозир юклар Жалолободга асосан Бишкек -Ўш автомобиль йўли орқали келмоқда. Агар темир йўл тарифлари арзонлаб, ёнилғи ва юклар темир йўл орқали ташиладиган бўлса, таннарх арзонлаб, савдо-сотиқ янада ривожланади. Ўтган йили Ўзбекистон темир йўл транзит нархини Тожикистонга 40 фоизга арзонлатган эди. Биз ҳам мана шундан умид қилиб турибмиз, - дейди тадбиркор.

Расмий маълумотларга қараганда, 2016 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида товар айрибошлаш 150 миллион доллар атрофида бўлган. 2017 йилнинг 11 ойида эса бу кўрсаткич 260 миллион долларни ташкил қилди.

Тошкент ва Бишкек жорий йилда товар айрибошлаш кўрсаткичини 500 миллион долларга етказишни режалаштирган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG