Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2018, Тошкент вақти: 14:54

Бепул Wi-Fi ҳудудини шакллантираётган ширкатларга солиқ имтиёзлари берилди


Иллюстратив сурат.

Президент Шавкат Мирзиёев жамоат жойларида бепул Wi-Fi ҳудудини шакллантираётган ширкатларга қатор имтиёзлар берди. Бу ҳақда Podrobno.uz нашри хабар қилди.

Қарорга биноан бепул Wi-Fi ҳудудини яратмоқчи бўлган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик субъектларининг солиқни шакллантирувчи базасидан, жумладан, ягона солиқ тўловларидан Wi-Fi ҳудудини шакллантириш учун сотиб олинган ускуна ва жиҳозларга сарфланган маблағ чегириб ташланади.

Бундан ташқари уларга ўзлари яратган бепул Wi-Fi ҳудудида 18 квадрат метрдан катта бўлмаган реклама баннерларини ҳақ тўламасдан ва маҳаллий ҳокимият идораларидан рухсат олмасдан туриб жойлаштириш ҳуқуқи берилди.

Шакллантирилган бепул Интернет ҳудудларидаги хизмат сифати Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологияларини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан текшириб борилади.

Президенти Шавкат Мирзиёев 9 январь куни ўтган ахборот-коммуникация технологиялари масаласига бағишланган йиғилишда Интернет нархини кескин арзонлаштириш, тезлигини камида 4 баробарга ошириш тўғрисида кўрсатма берган эди.

Йиғилишда МДҲ давлатлари бўйича Интернетнинг ўртача тезлиги Ўзбекистондагидан 10 марта юқорилиги таъкидланган.

Ахборот-коммуникация ривожланиш индекси рейтингдаги 176 та мамлакат ичида Ўзбекистон 95-ўринни эгаллаб турибди.

XS
SM
MD
LG