Линклар

Шошилинч хабар
23 сентябр 2018, Тошкент вақти: 17:16

Олимлар президент Мирзиёевга: “Андрей Кубатин Ўзбекистон хоини эмас!”


Андрей Кубатин 2017 йилнинг декабрида 11 йилга қамалган.

Халқаро илмий жамоатчилик президент Шавкат Мирзиёевдан давлатга хиёнатда айбланиб 11 йилга қамалган олим Андрей Кубатин ишини ўз назоратига олишни илтимос қилди.

21 февраль куни Facebook ижтимоий тармоғи, кейинроқ эса махаллий ва халқаро интернет нашрларда эълон қилинган мурожаатда олимлар Андрей Кубатиннинг қўлга олинишига хорижлик ҳамкасбларига ўзининг ноёб китоблар нусхасига эга бўлган шахсий архивини топширгани сабаб бўлгани эслатиб ўтилади. Кубатин Тошкент давлат шарқшунослик институтининг катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган.

Олимларга кўра, ўз шахсий архивини хорижлик ҳамкасбларга тақдим этиш одатий халқаро тажриба ҳисобланади ҳамда Кубатиннинг давлатга ҳиёнат қилишда айбланишига сабаб бўла олмайди.

“Ҳурматли Шавкат Миромонович, сиздан А.В. Кубатин ишига шахсан эътибор қаратишингизни ва Кубатин ишини олиб борган барча органлар ва инстанциялар ишини шахсий назоратингизга олишингизни илтимос қиламиз”, дейилади очиқ хатда.

Мурожаатни АҚШ, Россия, Туркия, Қозоғистон, Британия, Германия, Украина, Болгария каби давлатлардан бўлган 50 нафар таниқли олим имзолаган.

Бунга қадар Ўзбекистондаги турли давлат органларига, жумладан, Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовга 2017 йилнинг апрель-май ойларидан бошлаб ўзбек олимлари бир қатор мурожаатларни жўнатган эдилар. Ўзбек олимлари мурожаатларидан энг сўнггиси, 2018 йилнинг 18 февралида президент Шавкат Мирзиёев номига ёзилган эди.

“Дунёга танилган Ўзбекистоннинг тарихчи академиклари Эдвард Ртвеладзе ва Аҳмадали Асқаров ва бошқа зиёлилар ҳам бир неча марта Кубатин Андрей Викторовичнинг айбсизлигини тушунтирувчи мурожаатлар қилган эдик. Лекин ҳеч қандай ижобий томонга ўзгариш бўлмади, ҳаттоки эътибор ҳам берилмади”, дейилади ўша мурожаатда.

Кубатин қаламига мансуб тадқиқотлардан бири.
Кубатин қаламига мансуб тадқиқотлардан бири.

“Кубатин Андрей Викторович давлат сирига эга бўлган ҳеч қандай ҳужжатни қўлга киритиши мумкин ҳам эмас. Бунинг иложи ҳам йўқ. Сабаби унда давлат сирига эга бўлиш ваколати ҳам, имконияти ҳам йўқ, бўлмаган ҳам”, деб ёзган ўзбек олимлари президент Мирзиёев эътиборини унинг Бухоро вилоятига қилган ташрифи чоғидаги маърузасида МХХни танқид қилиб, 1937 йилни тилга олганига ҳам қаратишган:

“Гўё, Кубатин Андрей Викторович чет давлатга Ўзбекистоннинг давлат сирини ошкор қилиб, хиёнат қилган эмиш. Гўё, чет эллик мутахассисга берилган китоблар «пантуркизм»ни тарғиб қилишга олиб келиши мумкин эмиш. Айнан мана шундай «пантуркист» ва «туркпараст», деган тутуруқсиз ва бемаъни айбловлар билан маърифатпарвар ўзбек зиёлилари 1937 йилдан бошлаб қамоқхоналарда ҳаётлари вайрон қилинди, Сибирга сургун қилиниб, очлик ва касалликлардан ўлиб кетишди, қолганларини эса отиб ташлашди. Аслида эса Туркология фани «пантуркизм» ёки «туркпарастлик» эмас. Бундай айбловлар мустабит Совет тизими жўш урган замонларда ўйлаб чиқарилган репрессив механизмнинг бир унсури эканлиги бутун дунё олимлари томонидан тан олинган”, дейилади мурожаатда.

Андрей Кубатин 2017 йил 1 декабрида суд ҳукми билан 11 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ҳозирги кунда у Тошкент вилояти Зангиота тумани УЯ 64/ТХ-1 жазони ўташ муассасасида сақланмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG