Линклар

Шошилинч хабар
24 сентябр 2018, Тошкент вақти: 10:35

Прокурор андижонлик ҳуқуқ ҳимоячисини 4 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради


Мусажон Бобожонов

26 февраль куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят, Қува тумани судида давлат айбловчиси “Бирлик” партияси ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Андижон вилояти бўлими раиси, 51 яшар Мусажон Бобожоновни 4 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. Бу ҳақда “Озодлик”ка “Эзгулик” жамияти матбуот хизмати хабар қилди.

“Эзгулик” жамиятига кўра, Мусажон Бобожоновга оид жиноят иши 2017 йилнинг ноябрида Фарғона вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан қўзғатилиб, шу йилнинг 6 февралида судда кўрила бошлаган. Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 244, 1-моддаси 2-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбланмоқда.

“2017 йилнинг 6 октябрь куни Мусажон Бобожоновнинг уйига Фарғона шаҳар Ички ишлар бўлими Терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш бўлими тезкор вакиллари бўлмиш Жавлонбек ва Акмалжон келиб, 1991 йил Қува туманида туғилган Ўринова Нилуфар Ашурали қизининг компьютер хотирасидан диний радикал адабиётлар топилганини, унинг айнан ҳуқуқ фаолига тегишли эканини айтишади” дейилади “Эзгулик жамияти хабарида.

Маълум бўлишича, Мусажон Бобожоновнинг Фарғона вилоят ИИБ томонидан мусодара қилинган компьютеридан қирғизистонлик Абдуллоҳ домланинг “Пайғамбарлар тарихи” номли мажмуаси ва унинг ичидан 24 та аудиофайл, шунингдек, “Жаннатга ошиқлар” номли рисола матни топилган. Мазкур асарлар адабиётшуносликка оид суд экспертизаси томонидан диний фундаментал адабиёт сифатида баҳоланган.

“Мен Тошкент Давлат Шарқшунослик институти ҳамда Қоҳира университетини тамомлаган мутахассисман. Умрим давомида диний радикал адабиётларнинг зарари, муқаддас динимизга салбий таъсири борасида тадқиқотлар олиб бордим. Бу борада «Йўқлик ва Борлиқни оралаб», «Исмга инган ҳукмлар» ва «Лақаб ҳақида», «Жаҳон тиллари тўғрисида» номли китобларим чоп қилинган. Вақтли матбуотда чиқишлар қилиб тураман. Энди ана шу фаолиятимни ўзимга қарши айблов сифатида ишлатишмоқда” дейди Мусажон Бобожонов.

Ҳуқуқ фаоли истиқомат қилиб келаётган Андижон вилоят, Марҳамат туман, Юқори Ровот маҳалласи фаоллари судга келиб, унинг айбсизлигига кафил бўлишини айтишган. Жамоатчилик кафиллиги суд томонидан қабул қилинмади.

XS
SM
MD
LG