Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2018, Тошкент вақти: 16:31

Ўзбекистонлик бодибилдер Arnold Classic турнири ғолиби бўлди (ВИДЕО)


Arnold Classic - таниқли киноактёр ва сиёсатчи Арнольд Шварценеггер номи билан аталган нуфузли спорт турниридир

Ўзбекистонлик спортчи Михаил Волинкин АҚШнинг Оҳайо штатида бўлиб ўтган бодибилдинг бўйича Arnold Classic турнири мутлақ ғолиби бўлди. Бу ҳақда Facebook саҳифасида маълум қилган Лола Каримова-Тилляевага кўра, Волинкин "Меҳрибонлик уйи"да улғайган иқтидорли спортчилардан биридир.

Лола Каримова-Тилляева Facebook саҳифасида ёзишича, Михаил Волинкин бодибилдинг бўйича ҳаваскорлар орасида абсолют чемпионликни қўлга киритган.

"Бу ўзбек спорти тарихида унутилмас воқеа бўлди, чунки илк маротаба Марказий Осиёлик спортчи бодибилдинг бўйича профессионал харита эгасига айланди. Энди Михаил фақат энг кучли профессионал атлетлар билан беллашади", деб ёзди Лола Каримова-Тилляева.

YouTube тармоғига жойланган видеода Михаил Волинкин бу ғалабасини ўзбекистонлик мухлисларига атаганини айтди.

Arnold Classic - таниқли киноактёр ва сиёсатчи Арнольд Шварценеггер номи билан аталган ва 1989 йилда асос солинган Arnold Schwarzenegger Sports Festival спорт мусобақаларидан биридир.

Бу турнир йилда бир маротаба Оҳайода ўтказилади. Фестивалда профессионал бодибилдерлар ўртасидаги Arnold Classic турнири, фитнесс, фигура ва бикини кўргазмалари бўлади.

Arnold Classic турнири Бодибилдинг ва Фитнесс халқаро федерацияси доирасида ўтказиладиган дунёдаги иккинчи йирик турнирдир.

Лола Каримова-Тилляевага кўра, Михаил Волинкин "Меҳрибонлик уйи"да улғайган ва унинг бу ютуқларида "мазкур спорт турларини кўп йиллардан бери Ўзбекистонда ривожлантириб келаётган турмуш ўртоғим Тимур Тилляевнинг ҳиссаси катта".

Лола Каримова-Тиллаева ҳозирда Ўзбекистон Гимнастика федерацияси раҳбаридир. Шунингдек, «Sen Yolg’iz Emassan» республика жамоатчилик жамғармасининг васийлар кенгаши раиси, Осиё гимнастика иттифоқининг фахрий президентидир.

Шунингдек, Ўзбекистон Биринчи президенти Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева кўп йиллар давомида мамлакатнинг ЮНЕСКОдаги элчиси лавозимини эгаллаб келди ва шу йилнинг 2 февралида ўзининг Facebook саҳифасида элчи лавозимини тарк этаётганини маълум қилди.

Кейинги йилларда у номи Швейцарияда яшовчи пулдорлар рўйхатидан ўрин олган шахс сифатида ҳам бот-бот тилга олинмоқда.

Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эса, Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий баëнотига кўра, оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб, ҳозирда қамоқда сақланмоқда.

XS
SM
MD
LG