Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2018, Тошкент вақти: 00:58

Жээнбеков: Ўзбекистон Қирғизистон орқали Европа бозорига чиқиши мумкин


Қирғизистоннинг 5-президенти Сўўрўнбай Жээнбеков.

Лавозимига киришганига юз кун тўлгани муносабати билан 6 март куни оммавий ахборот воситалари раҳбарлари билан учрашган Қирғизистоннинг 5-президенти Сўўрўнбай Жээнбеков учрашув давомида Ўзбекистон билан муносабатлар масаласига ҳам тўхталди.

Жээнбеков 2017 йилда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги назорат ўтказиш пунктлари очилгани ва чегаранинг 85 фоизи аниқлангани тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланганини тилга олар экан, айни пайтда икки давлат ишчи гуруҳлари чегаранинг қолган 15 фоизи бўйича келишувга эришиш масаласида тиғиз ишлаётганини тилга олди.

-Бизнинг асосий йўналишимиз узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши деган принципга амал қилишдир, -деган Сўўрўнбай Жээнбеков Ўзбекистон билан яқин келажакда амалга ошириладиган иқтисодий муносабатларга алоҳида тўхталди.

-Экспортга чиқиш масаласида сўзлашувларни олиб бордик. Европа Иттифоқи Қирғизистонга Европа ҳудудига маҳсулотларни олиб киришга жуда катта имтиёзларни берган. Мана шу имтиёздан Ўзбекистон билан ҳамкорликда фойдаланмоқчимиз,- деди президент.

2016 йилнинг январида Европа Иттифоқи Қирғизистонга 6 минг маҳсулот турини иттифоқ ҳудудига бож тўловларисиз олиб кириш ҳуқуқини берган эди. Президент “имтиёз” деганда мана шу ҳолатни назарда тутди.

Жээнбековнинг айтишича, яқин кунларда Ўзбекистон Қирғизистондан олиб қирилган гўшт ва сут маҳсулотларига акциз солиғини камайтириши ёки бекор қилиши мумкин.

-Қирғизистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларига Ўзбекистонда жуда катта акциз солиғи белгиланган. Ўзбекистонда Қирғизистонда ишлаб чиқарлиган гўшт ва сут маҳсулотларига акцизни камайтириш ёки олиб ташлаш масаласи кун тартибига қўйилди. Бу масалада ҳам олға силжишлар кузатилмоқда, -деди президент.

Сўўрўнбай Жээнбеков учрашувда бошқа масалаларга ҳам тўхталди. Жумладан, у Қирғизистоннинг энг катта ютуғи сўз эркинлиги эканини айтиб, президент сифатида бу эркинликни барча имкониятларни ишга солган ҳолда таъминлашини билдирди. Шунингдек, Жээнбеков коррупцияга қарши курашда даҳлсизлар бўлмаслигини, кимлигидан қатъий назар коррупцияга аралашган одам жазоланишини таъкидлади.

Сўзи сўнггида Сўўрўнбай Жээнбеков ҳокимиятга қариндошларини аралаштирмаслик фикрида қатъий эканини айтиб, 6 йиллик муддати якунланганидан сўнг ҳокимиятни топширишига шама қилди:

-Мен Бакиев билан Акаевнинг тақдирига ўзим гувоҳ бўлдим. Мен уларнинг тақдирини такрорламоқчи эмасман. Олти йилдан кейин ёруғ юз билан одамлар орасида юришни хоҳлайман. “Бир жойга киришдан олдин қандай чиқишни ўйла”, деган мақолни унутганим йўқ, -деди Жээнбеков.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG