Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2018, Тошкент вақти: 10:44

Хорижга ишга кетаëтган ўзбекистонликларга билет олиш учун имтиëзлар берилди


Ақтўбеда 52 ўзбек муҳожири автобусда ëниб кетганидан сўнг¸ Ўзбекистон президенти транспорт соҳасидаги муаммоларга эътибор қарата бошлади.

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига шарҳ берган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига кўра¸ президент қарори меҳнат муҳожирларининг манзилига етиб боришда хавфсизликни таъминлаш учун қулай шароитлар яратиш ва йўл-транспорт халокатларининг олдини олишга қаратилган.

Шу мақсадда¸ хориж¸ асосан¸ Россияга темир йўл ва самолëт билетларининг қимматлигидан келиб чиқиб 1 апрелдан бошлаб “Ўзбекистон темир йўллари” ва Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатлари “вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга плацкарт ва умумий вагонларга темир йўл чипталари ҳамда иқтисодий (эконом) класс авиачипталар нархларига 20 фоизгача чегирма тақдим этади.

Айни пайтда¸ меҳнат муҳожиратига кетаëтган ҳар бир фуқарога темир йўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун бир йилда бир марта 300 минг сўм миқдорда беғараз тўлов ажратилади.

Бундай кредитни беришга ваколатлантирилган “Алоқабанк” давлат бюджети ва Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасидан 100 миллиард сўм берилади¸ дейилади президент қарорига берилган расмий шарҳда.

Меҳнат вазирлигининг қайд этишича¸ жорий йилнинг 1 июнигача ўзбекистонликлар энг кўп қатнайдиган Россия ва Қозоғистон шаҳарларига янги темир йўл йўналишлари жорий қилиш¸ мавжудларидаги вагонлар сонини кўпайтириш¸ қолаверса¸ арзонга учадиган (лоукостер) авиакомпанияларни жалб қилишга оид таклифлар киритилади.

Айни пайтда¸ президент қароридан келиб чиқиб¸ Россия ва Қозоғистон шаҳарларига халқаро автобус йўналишларини ташкиллаштириш билан шуғулланувчи ихтисослашган компания тузилиш кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG