Линклар

Шошилинч хабар
08 апрел 2020, Тошкент вақти: 17:26

Ўзбекистон хабарлари

"Дўстлик оқшоми"да қатнашадиган 100 дан ошиқ ўзбек санъаткори Душанбега келди

Тожикистон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг илк ташрифига катта тайëргарлик кўрмоқда.

9 март куни Тожикистон пойтахтида ўтказиладиган “Дўстлик оқшоми” концертида иштирок этиш учун 100 дан ортиқ ўзбекистонлик санъаткор Душанбега келди.

Ўзбек санъаткорлари гуруҳида Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров ва Озодбек Назарбеков каби таниқли қўшиқчилар бор.

Душанбедаги энг катта концерт қасри -“Кохи Борбад”да бўлиб ўтадиган бу коншертда ҳар иккала давлат президентларининг қатнашиши кутилмоқда.

Тожикистон Маданият вазирлиги маълумотига кўра, ўзбек ва тожик санъат юлдузлари иштирокидаги қўшма концертда Нигина Амонқулова, Давлатманд Холов каби юздан ортиқ тожик қўшиқчи, раққоса ва мусиқичилари ҳам иштирок этади.

Мазкур концерт Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 март куни Тожикистонга бошлайдиган давлат ташрифи доирасида ўтказилаëтган йирик маданий тадбирдир.

Ўзбек президентининг Душанбега қиладиган илк ташрифи чоғида қўшнилар ўртасидаги савдо-иқтисодий¸ маданий-маърифий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 25 дан ошиқ келишувнинг имзоланиши кутилмоқда.

Кун янгиликлари

Тошкент, Бухоро ва Андижон коронавирус юқтирганлар сони бўйича олдинда бормоқда

Тошкентда беморлар сони бир кунда 13 кишига кўпайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, 8 апрель, соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганларнинг даволаниш жойи бўйича статистикани Тошкент шаҳри ва вилоятлар кесимида эълон қилди.

Маълумотда айтилишича, Тошкентда 207 нафар бемор даволанмоқда. айни пайтда пропискаси бўйича ҳисоблаганда, уларнинг 196 нафари тошкентлик. 7 апрелдаги маълумотда пойтахтда коронавирусга чалинганлар сони 194 нафар эди.

6 апрелда 19 нафар бемор Бухорода аниқланган эди. Орадан бир кун ўтиб уларнинг сони 84 нафарга етган. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, улардан фақат 20 нафари Бухоро пропискасига эга.

Вазирлик тақдим этган статистика билан қуйида таниша оласиз.

Коронавирусга чалинганларнинг даволаниш жойи бўйича:

1. Тошкент шаҳри 207 та

2. Бухоро вилояти 84 та

3. Андижон вилояти 77 та

4. Фарғона вилояти 71 та

5. Наманган вилояти 51 та

6. Хоразм вилояти 18 та

7. Қорақалпоғистон Республикаси 16 та

8. Қашқадарё вилояти 6 та

9. Навоий вилояти 2 та

10. Самарқанд вилояти 1 та

11. Жиззах вилояти 1 та

ЖАМИ: 534 та

Яшаш жойи бўйича статистика:

ТИВ: Россияга меҳнат муҳожирлари масаласида нота юборилди

Россияда 2 миллиондан кўп ўзбекистонлик муҳожир борлиги айтилади.

Ташқи ишлар вазирлиги Россияга меҳнат патенти тўлови муддатини узайтириш ва мажбурий ишсизлик сабабли патент тўловини амалга ошира олмаган ўзбекистонликларни маъмурий жавобгарликка тортмасликни илтимос қилиб нота жўнатди.

Бу ҳақда АОКада 7 апрелда ўтган матбуот анжуманида Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Авазбек Ҳожиматов маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путин бир неча кун аввал коронавирусга қарши кураш доирасида “ишланмайдиган кунлар” муддатини 30 апрелгача узайтирган эди. Бу муддатда фуқаролар ишламай, “ўзини яккалаш” шароитида яшашлари лозим. Бунинг ортидан Ўзбекистондаги меҳнат муҳожирлари ҳам вақтинча ишсиз қолган.

“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу вазият сабаб Россия томонига меҳнат патенти бўйича тўловлар муҳлатини ишланмайдиган давр тугаб, меҳнат бозори тиклангунича кечиктириш, шу вақт мобайнида меҳнат муҳожирларини маъмурий жавобгарликка тортмасликни сўраб, расмий нота юборди. Ҳозирги пайтда мазкур масала Россия Федерациясининг ваколатли органлари томонидан кўриб чиқилмоқда”, — деди Авазбек Ҳожиматов.

Брифингда вазирлик расмийси хорижда қолган ватандошларни ватанга қайтариш масаласи ҳам муҳокама қилинаётганини айтган.

Унга кўра, Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган хориждаги талабалар рўйхатлари шакллантирилиб, маълумотлар чартер рейсларни ташкиллаштириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссияси, масъул вазирлик ва идораларга киритилган.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 16 мартдан бошлаб Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан барча халқаро авиа, авто ва темир йўл қатновларини вақтинча тўхтатилган эди.

Бухорода хориждан қайтганлар ҳисобига бир кунда беморлар сони кескин кўпайди

Жанубий Кореядан Бухорога қайтганлар орасида 66 бемор аниқланган.

Бухорога хориждан қайтган ватандошлар орасида коронавирусга чалинганлар аниқлангани ортидан мазкур вилоятда беморлар сони кескин кўпайди. Бу ҳақда 8 апрель куни АОКАда ўтган брифингда Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.

Бухоро вилоятида 6 апрель ҳолатига қараганда 19 нафар бемор бўлган. 7 апрелда эса вилоятда беморлар сони 84 нафарга етган.

Нурмат Отабековга кўра, Бухорога учта давлатдан чартер рейслар орқали ватандошлар олиб келинган. Жанубий Кореядан олиб келинган 239 киши Бухорога учишдан олдин Истанбул аэропортида 8 соат ҳимоя воситаларисиз қолиб кетган.

“Ўзбекистонга келганларидан сўнг текширувлар натижасида уларнинг 66 нафарида касаллик аниқланган. Бундан ташқари, Бухоро вилоятига Россия Федерациясидан ҳам 2та рейсда 530 нафар фуқаро олиб келинган. Улар орасида ҳам коронавирусга чалинганлар бор. Улар 2 кундан 5 кунгача ҳеч қанақа ҳимоя воситаларисиз битта жойда яшашган. Улар эпидемиологик нохуш ҳудудда бўлганлари ҳолда ўзларини ҳимоя қилишмаган", - деди Нурмат Отабеков.

Бош санитраия инспектори Бухорода айни пайтда ҳам вирус юққанларни аниқлаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

МБ: Коронавирус туфайли эълон қилинган кредит таътилида ҳам фоиз ҳисобланаверади

Марказий банкнинг бош офиси.

Кредит таътиллари давомида кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этавериши Марказий банк баёнот берди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонига мувофиқ, молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича тўловларни амалга ошириш муддати 1 октябрга қадар кечиктирилган эди.

Марказий банкка кўра, "шунга қарамай... кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этади ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг тўланилиши лозим".

МБ келгусида қарз олувчиларда қарз суммаси ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Марказий банк жорий давр учун кредит бўйича тўловни амалга оширишга молиявий имконияти бўлган қарздорларга ўз кредитларини кредит шартномаларида белгиланган муддатларда сўндиришни давом эттиришни тавсия этган.

ЕТТБ пандемия оқибатларини юмшатиш учун Ўзбекистонга молиявий кўмак кўрсатади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бўлган таъсирини юмшатиш мақсадида Ўзбекистондаги тўртта тижорат банкига 220 млн доллар ажратади.

Бу ҳақда хабар қилган Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизматига кўра, 7 апрель куни инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков ЕТТБ президенти С. Чакрабарти билан ўтказган видеоконференцияда Ўзбекистон томонидан берилган сўровга жавобан кўмакнинг биринчи босқичи муҳокама қилинган.

ЕТТБ томонидан шакллантирилган Бирдамлик пакети (Пакетнинг умумий миқдори 1 млрд доллар) ҳисобидан тўртта ўзбек тижорат банкига умумий қиймати 220 млн доллар бўлган кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит линиялари ва савдони молиялаштириш линиялари тақдим этилади.

Шу билан бирга, аҳоли ва корхоналар томонидан тўлаб бориладиган коммунал тўловлар тушумларини пасайиши оқибатида қийинчиликка дуч келган ҳудудий коммунал корхоналарнинг айланма капиталини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама этилган. ЕТТБ ушбу йўналишга 100 млн доллар миқдоригача бўлган молиялаштиришни тақдим этиш масаласини кўриб чиқишини маълум қилди.

Коронавирусга чалинган учинчи бемор вафот этди

Ўзбекистонда 8 апрель ҳолатига кўра 534 бемор бор.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 8 апрелда билдиришича, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Ш., ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этди.

Расмий хабарда айтилишича, 40 ёшли Ш., 30 март куни тез тиббий ёрдам орқали оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. 31 март куни беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган. Зудлик билан амалга оширилган лаборатор таҳлил натижаси унда коронавирус инфекцияси борлигини тасдиқлаган.

40 ёшли бемор ушбу клиниканинг реанимация бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.

“Бироқ қатор соҳа мутахассисларининг ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан кеча оқшом беморнинг аҳволи кескин ёмонлашган.Етакчи реаниматолог ва бош торакал хирург Ш. Худойбергенов бошчилигидаги мутахассислардан керакли тавсиялар ҳам олинган. Берилган тавсияларни тўлиқ бажарилишига қарамасдан бемор Ш.да юрак ва ўпка етишмовчилиги сабаб юрак фаолияти тўхташи кузатилган”, дейилади хабарда.

Бу билан коронавирусдан вафот этганлар сони 3 нафарга етди.

Туман ва қишлоқларда автомашиналар учун стикер талаб қилинмайди

Махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади.

Ўзбекистоннинг туман ва қишлоқларида автомобилда ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома талаб этилмайди. Агар ички ишлар ходимлари бундай рухсатномани талаб қилса, прокуратурага мурожаат қилиш лозим.

Бу ҳақда 8 апрель куни АОКАда ўтган брифингда Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов маълум қилди.

Расмий “Чирчиқ шаҳрида яшаймиз. Кеча ўғлим автомашинада нон ва фармацевтика воситалари сотиб олиш учун кўчага чиққанди. Уни ДАН ходими тўхтатиб, карантин қоидаларини бузганликда айблади ва автомашинани жарима майдонига жойлаштирди. Шу ҳолат қонунан тўғрими?” деган саволга:

"Республика махсус комиссияси қарорига кўра, махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади. Қарор қишлоқларга, туман марказларига ТААЛЛУҚЛИ ЭМАС. Бу масалада яшаш жойингиздаги ИИБ ёки прокуратура органларига мурожаат қилишингиз мумкин", деб жавоб берган.

Коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари фақат махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкин.

Президент тиббиётга оид янги қарорни имзолади. Чет тилини биладиган талабалар рағбатлантирилади

Ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар улуши 2 баробарга қисқартирилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар улуши 2 баробарга қисқартирилади.

Бу меъёр президент Мирзиёев 7 апрель куни имзолаган “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда белгилаб қўйилди.

Қарорга асосан клиник ординатурага (резидентурага) мақсадли қабул қилинган талабаларнинг битирув курсини вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларида ташкил этиш тизими йўлга қўйилади.

Бундан ташқари таълим босқичидан қатъи назар чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган талабаларга (мутахассислик фанларни “қониқарли” баҳога ўзлаштираётган талабалардан ташқари) Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик стипендиясига базавий стипендия миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилади.

Қарорда Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities каби халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингидаги тиббиёт йўналишида биринчи 200 ўринни эгаллаган олий таълим муассасаларида клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган, шунингдек, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган ходимлари лавозим маошига қўшимчалар қўшилиши ҳам қайд этилган.

Жумладан, клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган ходимга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг етти бараварига тенг миқдорда, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган ходимга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн беш бараварига тенг миқдорда устама ҳақ тўланади.

Коронавирусга чалинганлар 14 нафарга кўпайди, беморлар сони 534 киши

Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш доирасида велосипедда юриш ҳам тақиқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича,8 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 534 нафарни ташкил қилмоқда.

Беморлар сони 7 апрелга нисбатан 14 кишига кўпайган. 7 апрель Тошкент вақти билан соат 23:59 ҳолатига кўра, вирусни юқтириб олганлар сони 16 кишига ошиб, 520 нафарга етгани маълум қилинганди.

7 апрелга ўтар кечаси беморлар сони бир кун ичида 115 нафарга кўпайиб, 457 нафарга етгани хабар қилинган эди. Бу Ўзбекистонда коронавирус борлиги аниқланган 15 мартдан бери рекорд даражадаги кўрсаткич бўлди.

Шу кунгача беморларнинг 30 нафари соғайди, икки нафари вафот этди.

Тиббиёт коллежлари Абу Али Ибн Сино номидаги техникумларга айлантирилади

Жами 47 тиббиёт коллежи энди техникум бўлади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги 47 та тиббиёт коллежи Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 апрель куни билдирди.

Расмий билдирувда айтилишича, бу иш президентнинг “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилади.

Мазкур техникумларда тиббий-санитария мутахассислари тайёрланади. Техникумларда валеология, тиббий психология, диетология, кинезиология, реабилитология каби фанлар ўқитилади.

“Яна бир аҳамиятли жиҳати, мазкур техникумларнинг муваффақиятли битирувчилари тиббиёт олий таълим муассасаларида имтиҳонсиз, суҳбат орқали бакалавриатнинг 2-курсидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади”, дейилди хабарда.

Президент Мирзиёев Абу Даби валиаҳди билан коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилди

Президент пандемия оқибатларини енгиб ўтишда кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, президент Шавкат Мирзиёев ва Абу Даби Амирлиги валиаҳди, Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг телефон орқали мулоқоти 7 апрель куни бўлиб ўтди.

Суҳбатда “Коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик ва ушбу глобал хатарга самарали қарши курашиш борасида мамлакатларимизда амалга оширилаётган мисли кўрилмаган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади расмий хабарда.

Президент пандемия оқибатларини енгиб ўтишда кўрсатилаётган кўмак учун Бирлашган Араб Амирликлари раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

Коронавирус тарқалишининг икки томонлама ҳамкорлик суръатига, шу жумладан бугунги кунда БААнинг етакчи компания ва банклари иштирокида саноат, инфратузилма, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга салбий таъсирини камайтириш мақсадида ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиришни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Турли даражаларда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаол мувофиқлаштириш лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари кўп қиррали Ўзбекистон-БАА муносабатларининг долзарб масалалари, шунингдек, амалий ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий, инвестиция, банк-молия, ёқилғи-энергетика, транспорт-коммуникация ва бошқа устувор соҳаларида янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Тошкентда ниқобсиз юрганини видеога олиб ижтимоий тармоққа жойлаган ёшлар 15 суткага қамалди

Икки йигит ва бир қиз видеони Амир Темур ҳиёбонида олгани аниқланди.

Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида, мамлакатда ўрнатилган карантин талабларига зид равишда жамоат жойида ниқобсиз юрган икки йигит ва бир қиз 15 суткага қамалди.

Олий суд матбуот хизматининг билдиришича, уларга нисбатан суд 7 апрель куни Юнусобод туман маъмурий судида бўлиб ўтган.

6 апрель куни ижтимоий тармоқларда бу икки йигит ва бир қиз Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида ниқобсиз юргани тўғрисидаги видео тарқалган эди. Видеони олаётган қиз Амир Темур ҳайкалидан “Коронавирус Ўзбекистондан қачон кетади?” деб сўрайди ва баланд овозда бақиради.

Видеодаги йигитлардан бири эса карантин вақтида эплаб кўчада ниқобсиз юрганини айтган.

Аниқланишича, мазкур видео 2020 йил 1 апрель куни тахминан соат 18:00 да Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида олинган.

“Юнусобод туман маъмурий судида 7 апрель куни мазкур фуқаролар — 1998 йил Тошкент шаҳрида туғилган К.М., 1993 йил Тошкент шаҳрида туғилган У.Ҳ. ва 1990 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) асосида маъмурий иш кўриб чиқилган.

Юнусобод туман маъмурий судининг 2020 йил 7 апрелдаги қарорига кўра, К.М., У.Ҳ. ва О.Р. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54, 183-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) тартибида узил-кесил 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди”, дейилади Олий суд хабарида.

Мудофаа вазирлиги шаҳарлар кўчаларида пайдо бўлган ҳарбий техника юзасидан тушунтириш берди

Ўзбекистон армияси танки.

Мудофаа вазирлиги ҳар куни Тошкент шаҳар, вилоят ва туман марказларида ҳарбий техникадан фойдаланилган ҳолда коронавирусга қарши тарғибот ишлари олиб бормоқда.

Бу ҳақда 7 апрель куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - АОКАда ўтган брифингда Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров маълум қилди.

Унга кўра, аҳоли яшаш пунктларида фуқароларни карантин қоидаларига риоя қилишлари, бесабаб кўчаларга чиқмасликлари бўйича ҳарбий техникалар ёрдамида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Матбуот котибининг айтишича, айрим фуқаролар мазкур техникани БТРлар билан адаштириб, турли “салбий фикрларни билдирмоқда”.

“Маълумот учун, тарғибот ишларига жалб қилинган БРДМ-2 зирҳли техника базасидаги ЗС-82 овоз узаткичли мослама айнан тарғибот ва мунозаралар ўтказишга мўлжалланган. Унинг овоз узатиш қуввати 6 км масофагача етади. Шаҳар ва аҳоли яшаш пунктларида ҳар бир кўчага кириб чиқиш каби ишларни енгиллаштириш мақсадида ушбу техникалар жалб қилинмоқда”, деди матбуот котиби.

Баҳром Зулфиқоров алоҳида жойларда ва блокпостларда кичик бўлинмалар ўз таркибидаги ҳарбий техникалар ва ўзларига бириктирилган шахсий ҳимоя воситалари, анжомлари ва бириктирилган қуроллари билан хизмат ўтаётганини ҳам билдирди.

Коронавирус юқтирган 504 кишининг 212 нафари эркак, 292 нафари аёл

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони кундан кунга кўпаймоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича,7 апрель ҳолатига кўра коронавирусга чалинган 504 беморнинг 212 нафари эркак, 292 нафари аёл.

Беморларнинг ёши:

0-9 ёшгача – 20 нафар (4%);

10-19 ёшгача – 29 нафар (5,8%);

20-29 ёшгача – 84 нафар (16,7%);

30-39 ёшгача – 132 нафар (26,2%);

40-49 ёшгача – 137 нафар (27%);

50-59 ёшгача – 72 нафар (14,3%);

60-69 ёшгача – 22 нафар (4,4%);

70-79 ёшгача – 7 нафар (1,4%);

80 ёшдан юқори бўлганлар 1 нафар (0,2%)ни ташкил этмоқда.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 194 нафар бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Шунингдек:

Қорақалпоғистон Республикасида 16,

Андижон вилоятида 61,

Бухоро вилоятида 84,

Наманган вилоятида 51,

Фарғона вилоятида 70,

Хоразм вилоятида 18,

Қашқадарё вилоятида 6,

Навоий вилоятида 2,

Самарқанд вилоятида 1,

Жиззах вилоятида 1 нафардан

бемор ҳудуддаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналарда даволанишмоқда.

Шу кунга қадар 30 нафар бемор ушбу касалликдан бутунлай соғайган.

Расман: Самарқандда кучли ёмғир оқибатида 52 хонадонни сув босди (ВИДЕО)

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари сув босган хонадон эгаларидан бирини олиб чиқмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 7 апрелда билдиришича, 6 апрель куни Самарқандда сув босган 52та хонадон сувдан тозаланди.

Хабарда айтилишича, 6 апрель куни кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида шаҳарда сув тошқинлари юз бергани, ўнлаб хонадонлар сув остида қолган.

“Самарқанд шаҳри «Кулолон» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Чашма» коллекторига оқова сувлари сиғмасдан шаҳарнинг Регистон ва Даҳбед кўчалари кесишмасида тўпланган. Шунингдек, Сиёбча каналида ҳам худди шундай вазият кузатилиб, оқибатда автотранспорт воситаларининг қатновида қийинчилик юзага келган”, дейилади хабарда.

Вазирликнинг билдиришича, сув босган уйларни сувдан тозалаш учун 84 нафар ходим ва 11 та махсус техника, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, тегишли идора ва ташкилотлардан 83 нафар ходим ва 12 та техника жалб қилинган.

Бундан ташқари, ёмғир сувлари шаҳар ҳудудидаги қатор маҳаллалар ва кўчалардаги аҳоли хонадонларининг ҳовли ва ертўла қисмларига ҳам кирганлиги аниқланган.

Ҳозирча кучли ёмғир оқибатида сув босган хонадонларга келтирилган зиён миқдори ҳақида маълумот берилмади.

Жаҳон банки Ўзбекистонга $1,2 млрд маблағни оператив ажратиш масаласини кўриб чиқмоқда

Жаҳон банки "Стратегик тайёргарлик ва жавоб дастури" нинг бир қисмини (тезкор молиялаштириш глобал пакетининг ҳажми 14 миллиард АҚШ долларини ташкил этади) Ўзбекистоннинг инқирозга қарши дастурини қўллаб-қувватлаш учун сафарбар этади. Банк раҳбарияти ҳозирги вақтда соғлиқни сақлаш тизимини, ижтимоий ҳимоя институтлари ва муассасаларини ва бюджет кўмагини молиялаштириш учун 1,2 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағларни оператив ажратиш масаласи фаол кўриб чиқмоқда.

Бу ҳақда Европа ва Жаҳон банкининг Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти С.Мюллер Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковга 6 апрелда ўтказилган видеоконференция давомида билдиргани тўғрисида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

"Томонлар аҳолини коронавирусдан ҳимоя қилишга, корхоналарни, биринчи навбатда, кичик ва ўртача тадбиркорлик субъектларини, қишлоқ хўжалик махсулотлари ишлаб чиқарувчиларини ва хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган биргаликдаги истиқболли чораларни муҳокама этишди. Шу қаторда, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга коронавирус глобал пандемияси кўрсатган таъсирини юмшатишда Жаҳон банки кўмагининг имкониятлари ва механизмлари келишиб олинди", дейилган расмий хабарда.

Видеоконференция якунлари бўйича С.Мюллер Ўзбекистонга молиявий кўмак кўрсатиш масаласи устувор тартибда кўриб чиқилишига ишонтиргани, томонлар бундай видеоконференция алоқаларни доимий равишда ўтказишга келишиб олгани хабар қилинди.

1 июндан Ўзбекистонга импорт қилинадиган тамаки маҳсулотларига акциз солиғи солинади

Ўзбекистон. Жазирама иссиқдан юзини ниқоб билан тўсган аёл сигарета сотмоқда. (Озодлик архивидан)

1 июндан Ўзбекистонга импорт қилинадиган қиздириладиган тамаки маҳсулотлари, чекиладиган, чайналадиган, ҳидланадиган шимиладиган (снюс), чилим учун тамаки, никотинли тамакисиз снюс, таркибида никотин мавжуд суюқликларга акциз солиғи киритилади.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, бу чора Ўзбекистон президенти 6 апрелда имзолаган "Тамаки маҳсулотлари бозорини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгилаб қўйилган.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари қўшимча позициялар билан тўлдирилади.

Унга кўра, қатор тамаки маҳсулотларининг акциз солиғи ставкалари миқдорлари белгиланди.

Жумладан, 2020 йил 1 июндан чекиладиган тамакининг 1 килоси учун 25 АҚШ доллари миқдорида акциз солиғи солинади.

Коронавирусга чалинганлар сони 472 нафарга етди

Беморлар сони 15 нафарга кўпайди.

2020 йил 7 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 472 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

7 апрелга ўтар кечаси беморлар сони бир кун ичида 115 нафарга кўпайиб, 457 нафарга етгани хабар қилинган эди.

6 апрель куни эрталаб соат 10даги маълумотда беморлар сони 390 нафарга етгани билдирилганди.

6 апрель тунидан 7 апрель тонгигача беморлар сони яна 15 нафарга ошган.

Нью-Йоркда яна бир ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди.

АҚШда коронавирусга чалинган 300 мингдан ортиқ одамнинг деярли ярми Нью-Йоркда.

Нью-Йоркда 51 ёшли яна бир Ўзбекистон фуқароси коронавирусдан вафот этди.

“Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, 2020 йил 6 апрель куни 1969 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Р.Х. коронавирус инфекциясини юқтириб олиш натижасида маҳаллий клиникада вафот этди”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги 7 апрель куни тарқатган расмий маълумотда.

Вазирликнинг билдиришича, 22 март куни Р.Х.да касалликнинг биринчи аломатлари қайд этилган эди, унинг соғлиғи кескин ёмонлашиши муносабати билан 2 апрель куни у касалхонага ётқизилиб, ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланган ва сунъий комага туширилган. “Ушбу даврда Бош консулхона унинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб турган” дейилади хабарда.

Вазирлик Бош консулхона диаспорал ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари билан биргаликда унинг дафн маросими билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилиш билан шуғулланаётганини таъкидлаган.

Ижтимоий тармоқларда АҚШда яшаётган ўзбекистонликлар Нью-Йоркда 6 апрелда вафот этган шахс Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист бўлганини ёзмоқдалар.

АҚШда яшовчи, асли ўзбекистонлик бўлган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишларича, АҚШга 2008 йилда келган бу хонанда ресторанларда қўшиқ айтиб юрган.

Озодлик “Америка овози” радиосига таянган ҳолда 5 апрель куни 3 апрелда Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган З.Ҳ. ва Ҳ.С. маҳаллий шифохоналарда коронавирусдан вафот этганини 6 апрел куни тасдиқлади.

Тошкент ИИББ коронавирусга қарши курашда Хитой Хавфсизлик вазирлиги тажрибасини ўрганмоқда

Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг расмий вакили Лю Тунпин билан Тошкент ИИББ раҳбарлари 6 апрелда учрашди.

Тошкент шаҳар ИИББ коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича Хитой полициясининг тажрибасини ўрганди. Бу ҳақда 6 апрель куни Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Расмий билдирувда айтилишича, Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг расмий вакили Лю Тунпин раҳбарлигидаги делегация билан учрашиб, касалликнинг тарқалишига қарши ташкил этилган тадбирларга жалб қилинган Жамоат хавфсизлиги вазирлиги, идоралар ва жамоат ташкилотларининг ҳаракатлар режасини ўрганган. Учрашув Тошкент ИИББ раҳбарияти ташаббуси билан ўтказилган.

Учрашув пайтида “Карантин шароитида фуқароларга бўлган талабларга алоҳида урғу берилди. Ўзни яккалаш тартиби жорий қилиниб, Ухан шаҳри аҳолисига ҳар бир хонадондан фақат бир киши уч кунда бир марта кўчага озиқ-овқат ва дорилар учун чиқишига рухсат берилган, бунинг учун махсус йўлланма ҳам жорий қилинган”и тўғрисида маълумот олинган.

Расмий маълумотда айтилишича, Хитой делегацияси Ўзбекистонда коронавирусга қарши ҳаракатларга ижобий баҳо берди. “Хусусан, жамоат транспорти фаолияти тўхтатилиши, эпидемиология ҳолатига алоқадор одамлар ва автотранспорт ҳаракатини тақиқлаш, шаҳардаги ҳолат, зарарланганлар сони ҳақида аҳолига мунтазам маълумот бериш, шунингдек аҳолининг ижтимоий заиф қатламини қўллаб-қувватлаш ва ОАВ билан ўзаро алоқа йўлга қўйилиши шулар жумласидандир”.

Хитой делегацияси коронавирус пандемиясини тўхтатишга қаратилган бир қатор тавсияларни ҳам берган.

Маҳаллаларда одамларни 24 соат назорат қилувчи гуруҳлар ташкил этилди

6 апрелдан бошлаб одамларнинг заруратсиз кўчага чиқиши тақиқланди.

Пойтахт Тошкентнинг 11 та туманидаги 514 та маҳаллада 6 апрелдан бошлаб “Маҳалламизни коронавирусдан асраймиз” шиори остида “Жамоатчилик назорати маскани” ташкил этилди.

Тошкент шаҳар ИИББнинг билдиришича, “Жамоатчилик назорати маскани” таркиби маҳалла раиси, ҳудудга қарашли профилактика инспектори ва унинг ёрдамчиси, Фидокор ёшлар гуруҳи аъзолари ҳамда маҳалла фаолларидан иборат.

“Ҳар бир гуруҳнинг бош вазифаси – карантин шароитида маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқароларимизнинг ўта зарурат юзага келгандагина (керакли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон сотиб олиш) кўчага чиқишларини ҳамда ниқоб тақмасдан ҳаракатланмасликларини тўлиқ назорат остига олишдир”, - дейилади расмий маълумотда.

“Жамоатчилик назорати маскани” аъзоларига “туну–кун маҳаллаларда юриб, фуқароларнинг заруратсиз ташқарига чиқмаслиги ва карантин тартиб-қоидаларига амал қилишини таъминлаш” ваколати ҳам берилган.

ССВ "1 бемор 52 кишига касал юқтиргани"га оид вазир гапига аниқлик киритди

Алишер Шодмонов бу ҳақда "Ўзбекистон 24" телеканалида гапирган эди.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг бир шахс 52 нафар шахсга касалликни юқтиргани тўғрисидаги гапи “оғзаки англашилмовчилик”. Вазир аслида “касалликка чалинган шахс масъулиятсизлиги сабаб 52 нафар шахс билан яқин мулоқотга киришганлиги”ни айтмоқчи бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Алишер Шодмоновнинг 6 апрель куни “Ўзбекистон 24” телеканалида жонли эфир орқали қилган чиқишида “Тошкент вилоятида яшовчи коронавирусга чалинган шахс ўзида касаллик белгилари бўлишига қарамай (йўтал, тана ҳароратининг кўтарилиши ва ҳансираш), жамоат жойларига бориб, 52 кишига касалликни юқтиргани” тўғрисидаги гапига мана шундай тузатиш берди.

Вазир телеканал орқали юқоридаги гапни айтгани ортидан Тошкент вилоят ҳокимлиги раддия берди. Унда айтилишича, вилоятда бир киши 52 одамга касал юқтирмаган, 6 апрель соат 19:00 ҳолатига қадар вилоят ҳудудида коронавирусга чалинган 18 нафар бемор аниқланган. Аммо кейинроқ вилоят ҳокимлиги сайтидан бу раддия олиб ташланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ўз тузатишида “Тошкент вилоятида касалланганлар сони 2020 йилнинг 6 апрель соат 12:00 ҳолатига 29 нафарни ташкил этган”, деб билдирган.

7 апрелга ўтар кечаси Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар 457 нафарга етди. Улардан 30 нафари соғайган, 2 бемор вафот этган. Коронавирусга чалинганлар сони бир кунда 115 нафарга кўпайган. Бу Ўзбекистонда шу кунгача бир кунда аниқланган беморлар сони бўйича рекорд ҳисобланади.

Жисмоний шахсларга кредит таътили берган банклар сони 21тага етди

Марказий банк биноси.

Жисмоний шахсларга кредит таътили бераётган банклар 21тага етди. Бу ҳақда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - АОКА матбуот хизмати хабар берди.

Агентлик кредит таътили бераётган банклар рўйхатини ҳам тақдим этган. Рўйхатдан қуйидаги банклар жой олган:

1. Ўзсаноатқурилишбанк;

2. Асакабанк;

3. Туронбанк;

4. Алоқабанк;

5. Ҳамкор банк;

6. Миллий банк;

7. Агробанк;

8. Микрокредит банк;

9. ZiraatBank;

10. Халқ банки;

11. InfinBank;

12. Ипотека банк;

13. Пойтахт банк;

14. AsiaAllianceBank;

15. Ипак йўли банки;

16. ЎзАгроЭспортбанк;

17. HiTechBank;

18. Капиталбанк;

19. Orient Finans Bank;

20. Қишлоқ қурилиш банк;

21. Савдогарбанк.

“Кредит каникули юзасидан ушбу банкларга карантин даврида мурожаат қилиш шарт эмас. Ушбу Банклар масалани бир томонлама кўриб чиқади”, дейилади хабарда.

2 апрель куни тарқатилган расмий хабарда жисмоний шахсларга кредит таътили берган банклар 9та эди.

“Ушбу банклар жисмоний шахслар учун кредит шартномасига бир томонлама ўзгартириш киритишмоқда ва кредитлар бўйича 2-3 ойлик имтиёзли давр беришмоқда. Фоиз тўловлари вақтида амалга оширилмаганлиги учун пеня ва жарима ҳисобланмайди”, дейилади хабарда.

Коронавирусга чалинганлар сони 457 нафарга етди

6 апрель куни эрталаб беморлар сони 390 нафар эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 7 апрелга ўтар кечаси хабар беришича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 457 нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 апрель соат 10.00да берган маълумотда беморлар сони 390 нафарни ташкил этган эди.

Беморларнинг 31 нафарида пневмония кузатилмоқда.Шундан 9 нафарининг аҳволи нисбатан оғир. 2 нафарининг аҳволи эса ўта оғир баҳоланмоқда.

6 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 390 беморнинг 188 нафари эркак, 202 нафари аёллардир.

Ёш жиҳатдан қаралса, беморларнинг 123 нафари 40-49 ёш, 111 нафари 30-39 ёш оралиғида.

Қишлоқ хўжалик вазирлиги 15 апрелдан картошка тақчиллигига барҳам берилишини билдирди (ВИДЕО)

Картошка можароси: Нарх икки баравар ошгани сабаб сотувчи ва харидорлар жанжаллашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00

Қишлоқ хўжалик вазирлиги “ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида картошкага бўлган талаб ортиб бораётгани, айрим жойлардаги деҳқон бозорларида маҳсулот етишмовчилиги бўлаётгани” тўғрисидаги маълумотларга муносабат билдирар экан, “бу масалада ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ”, деб баёнот тарқатди.

“Картошка тақчиллиги (45-50 минг тонна) асосан март-апрель ойларига тўғри келади. Бу даврда ички истеъмол асосан захира ва чет-элдан импорт килиш ҳисобига қондирилади”, деб билдирилади баёнотда.

Вазирликнинг маълум қилишича: “2019-2020 йиллар қиш баҳор мавсуми учун 181 минг тонна картошка заҳира қилинган бўлиб, хозирги кунда 133 минг тоннаси савдога чиқарилган. Бир кунда омборлардан ўртача 1800 тонна картошка бозорга чиқарилмоқда. Бу кунлик истеъмол талабига (4,5 минг т) нисбатан ўртача 40 фоизни ташкил этади”.

Вазирлик баёнотидан келиб чиқилса, бир кунда омборлардан бозорга чиқарилаётган 1800 тонна картошка истеъмол талабидан камида 60 фоизга оздир. Вазирлик яқин 10 кунда ўзбекистонлик деҳқонлар эртаки картошкани бозорга чиқариши билан, картошкага бўлган талаб ва таклиф тенглашишини билдирган:

“Айни пайтда Хусусан, март ойи охирги ўн кунлигидан бошлаб республикамизнинг жанубий вилоятларидан ички бозорларимизга эртаки картошка маҳсулотлари чиқарила бошлайди. 15 апрелдан бошлаб ички бозорларимизга катта микдорда картошка кириб кела бошлайди, жумладан апрель ойида 70 минг тоннага яқин, май ойида эса 85 минг тонна”, - дейилади баёнотда.

30 март куни Озодлик радиоси Ўзбекистонда картошканинг бир килоси нархи 3500 сўмдан 7000 сўмгача қимматлагани ҳақида хабар қилган эди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва солиқ ходимларидан иборат ишчи гуруҳ расмийларидан олинган маълумотга кўра, шанба ва якшанба кунлари мамлакат бозорларида нархларнинг кескин кўтарилиб, кетишига, асосан, тадбиркорлар сабабчи бўлган.

Расмийларга кўра, мамлакат бозорларида нархларни асоссиз оширган тадбиркорлар жазога тортилди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG