Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:13

OzodDayjest: Наврўз кунларида киракашлар сунъий равишда нархни ошириб юборди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Қариндошлар ўртасида никоҳнинг олдини олиш мақсадида қўшимча чекловлар жорий этилиши мумкин. 7 ёшли қизининг танасини куйдирган онага ҳукм ўқилди. Наврўз кунларида киракашларнинг кетмони учди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

7 ёшли қизининг танасини куйдирган онага ҳукм ўқилди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 7 ёшли қизи Мубина Тожибоевани муттасил азоблаб келган Дилафруз Тожибоевага ҳукм ўқилди (“Даракчи”, 22 март).

Тергов жараёнида маълум бўлишича, 26 ёшли Д.Тожибоева тирикчилик баҳонасида фоҳишалик йўлига кирган. Бу орада фарзандли бўлган. Аммо бахтсизликлари учун қизини айбдор деб билиб, уни калтаклаб келган.

Бир гал вояга етмаган қизининг оёғини ёндиргич билан куйдирган, норасида қиз дод солиб йиғлаганидан кейингина жазони тўхтатган.

“Аям уйга қамаб жазолайдилар. Баъзи пайтларда “лезва” биан қўлларимни тилиб-тилиб ташлардилар. Йиғласам оғзимга урарди. Оёғимни зажигалка билан ёққанида роса йиғлагандим. Кейин аям куйган жойга туз сепдилар. Яна йиғлагандим, оғзимга латта тиқиб, қўлимни боғлаб ташладилар” деган 7 ёшли Мубина Тожиебова.

Маҳкама судланувчи Д.Тожибоевани Жиноят кодексининг 110-моддасида айбдор деб топиб, 8 ойга озодликдан маҳрум этган. Қизча эса вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.

Халқ демократик партияси қариндошлар ўртасида никоҳ борасида қўшимча чекловларни таклиф қилмоқда

Ўзбекистон халқ демократик партияси қариндошлар ўртасида никоҳнинг олдини олишга қаратилган қўшимча қонуний чекловларни жорий этишни таклиф этмоқда (“Жамият”, 16 март).

Оила кодексига мувофиқ, фақат тўғридан-тўғри ва пастки йўналиш бўйича қариндошлар ўртасида никоҳ тузилишига йўл қўйилмайди. Ёндош қариндошлар ўртасидаги никоҳга эса монелик йўқ.

ХДП Оила кодексининг 16-моддасига ёндош қариндошлар ўртасида никоҳга йўл қўйилмаслиги ҳақида банд киритишни таклиф этмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Эшматова қариндошлар ўртасидаги никоҳдан ногирон болалар туғилса, ота-онага жавобгарлик масаласи ҳам кўриб чиқилаётганини айтган.

Жавобгарлик деганда айнан нима назарда тутилаётгани очиқланмаган. “Оила” марказига кўра, Хоразм вилоятида туғилган ногиронларнинг 40 фоизи қариндошлар ўртасида никоҳда дунёга келган.

Наврўз кунларида киракашлар сунъий равишда нархни ошириб юборди

​Наврўз байрами арафасида Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан Тошкентга қатновчи киракашлар йўл ҳақи миқдорини 2-3 баробарга оширишди (“Адолат”, 22 март).

Масалан, Навоийга одатда 35-50 минг сўмга етиб олса бўлади, байрам кунлари эса бу шаҳарга йўл ҳақи 120 минга сўмга чиқди. Қайд этилишича, киракашлар йўловчилар кўплигидан фойдаланиб, ўзаро келишиб олиб, нархни сунъий равишда оширмоқда.

“Бу муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлмаганини мутасадди идорада ўтирганлар билмайдими? Билади. Матбуотда бу мавзуда кўп ва хўб ёзилди. Хўш, нима ўзгарди? Ҳеч нима. Киракашларнинг кетмони ҳамон учяпти, учганда ҳам жуда баландлаб” деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG