Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:57

OzodDayjest: Томорқага қандай ишлов берилаётгани дронлар воситасида назорат қилинмоқда


Қорақалпоғистонда томорқаларга қандай ишлов берилаётганини дронлар ёрдамида текшириш амалиёти жорий этилди.

ЎзАнинг хабар беришича: “Амударё туманида дронлар ёрдамида фуқароларнинг томорқа ерлари ҳолати назорат қилинмоқда ва олинган тасвирлар овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган йиғилишларда муҳокама қилинаётир”.

Хабарда айтилишича, аҳолининг аксарият қисми апрель ойининг бошидаёқ томорқага экин экиш ишларини якунлагани аниқланди. Бироқ баъзи томорқа ерлари ҳамон экилмасдан қолмоқда.

“Бундай хонадон эгаларига туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва давлат солиқ қўмитасининг огоҳлантириш хатлари тақдим қилинмоқда”, дейилади хабарда.

Аввалроқ Озодлик радиоси Вазирлар Маҳкамаси 18 март куни “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилгани ҳақида хабар берган эди.

Мазкур қарорда ҳар бир туманда аҳолининг томорқадан қандай фқойдаланаётганини назорат қиладиган мониторинг гуруҳлари ташкил этилиши назарда тутилган.

Мониторинг натижасида экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланган томорқа эгасига ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи берилади.

Томорқасига белгиланган экин турлари ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар экилмаганлиги, чорва моллари сотиб олинмаганлиги, иссиқхона барпо этилмаганлиги, шу жумладан ер участкаси ободонлаштирилмаганлиги аниқланган ер эгаси эса ер солиғини уч баробар миқдорида тўлайди.

Деҳқон хўжаликларига нисбатан эса ер участкасига бўлган ҳуқуқини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади.

XS
SM
MD
LG