Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:49

Бир гуруҳ зиёлилар Гдлян ва Ивановни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни талаб этмоқда


СССР бош прокуратурасининг собиқ терговчиси Тельман Гдлян.
СССР бош прокуратурасининг собиқ терговчиси Тельман Гдлян.

Ўзбекистонлик бир гуруҳ зиёлилар Республика бош прокуроридан ўтган асрнинг 80-йилларида “пахта иши” деб аталган жиноят ишини тергов қилган москвалик терговчилар Тельман Гдлян ва Николай Ивановга нисбатан жиноий иш қўзгатишни талаб қилмоқда.

Бу борада тарихчи-публицист Шуҳрат Саломов, психология фанлари доктори Махмуд Йўлдошев, Қашқадарё вилояти ИИБ сиёсий бўлимининг собиқ бошлиғи, пенсионер Олломурод Исоқулов, заҳирадаги подполковник Шокир Долимов ва ёзувчи Акбар Мирзо томонидан имзоланган мурожаат ЎзА томонидан 3 май куни эълон қилинди.

“1. Ўзбекистонда ишларни кўриб чиқиш чоғида Т.Гдлян шахсан ўзи ва унинг тергов гуруҳи қонунларни қўпол равишда бузиб келишган, ўзбек халқига нисбатан зўравонлик, ўзбошимчалик, таҳқирлаш, ҳақоратлаш ва қадр-қимматини топташга йўл қўйган.

2. Жиноий-процессуал меъёрлар талаблари, ССРИ Бош прокурорининг буйруқлари инобатга олинмаган, бу оғир оқибатларга олиб келган, бегуноҳ фуқаролар хибсга олинган, конституцион ҳуқуқлари ғайриқонуний равишда чекланган, улар асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган”, дейилади мурожаатда.

Муаллифлар Халқаро Ҳаага судига мурожаат йўллаш ҳамда Интерпол бюроси орқали Гдлян ва Иванов гуруҳида бўлган барча айбдорларнинг экстрадициясини талаб қилиш таклифини билдирган.

1983 йилнинг февралида СССР нинг олий раҳбарий органи - КПСС МК Сиëсий бюроси “Ўзбекистон пахта саноатидаги суъистеъмолликлар” ҳақида қарор қабул қилди.

Бу қарор ортидан СССР прокуратураси Тельман Гдлян ва Николай Иванов бошчилигидаги тергов комиссиясини Ўзбекистонга юборди. Пахта иши доирасида юзлаб ўзбекистонликлар узоқ муддатларга қамалган эди.

Бу иш асосида СССРнинг собиқ раҳбари Брежневнинг куëви Юрий Чурбанов, Ўзбекистоннинг Рашидовдан кейинги раҳбари Иномжон Усмонхўжаев¸ Марказқўм котиблари Раъно Абдуллаева¸ Оқилжон Салимов¸ Эрежеб Айтмуродовлар ҳам қамоққа олинганди.

1989 йилда собиқ СССР Бош прокуратураси тергов бошқармасини бошқарган Виктор Илюхин Ўзбекистонда Тельман Гдлян ва Николай Иванов олиб борган “Пахта иши”га қарши чиққан эди.

Кейинчалик Илюхин Гдлян-Иванов гуруҳини порахўрлик ва бегуноҳ ўзбекларни ноҳақ қамаганликда айблаб, уларга қарши жиноий иш қўзғатган. Лекин Гдлян ва Иванов жазосиз қолган.

“Пахта иши” бўйича тергов 1983 йилдан 1989 йилгача давом этган эди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг бу иш бўйича қамалган кўплаб одамлар озодликка чиқарилган.

Озодлик архивидан:

Озодлик 2016 йилнинг 7 сентябрида қуйидаги мақолани ва унинг таркибида Тельман Гдлян билан суҳбатни эълон қилган эди.

Ўзбекистондаги "Ëшлар" телеканали 2016 йил, 5 сентябрь куни “Куч адолатда” деган ҳужжатли фильмни намойиш қилди. Фильмда марҳум президент Ислом Каримов Ўзбекистонда “пахта иши”, деб аталган “Гдлян-Иванов қатағонига нуқта қўйган қаҳрамон" сифатида кўрсатилди.

Олдинроқ - 2 сентябрь куни Ислом Каримов хотирасига бағишланиб Форумлар саройида ўтказилган мажлисда сўзга чиққан “Нуроний” жамғармаси вакили Анвар Иноятов Каримовни “Совет даврида Гдлян-Ивановга қарши тура олган жасорат соҳиби”, деб атаган эди.

Озодлик 7 сентябрь куни 1983 йилдан 1989 йилгача “Пахта иши” бўйича Ўзбекистонда СССР прокуратурасининг махсус тергов гуруҳига раҳбарлик қилган Тельман Гдлян билан суҳбатлашди.

Гдлянга кўра¸ “Каримов Совет давридаги “пахта иши “ доирасидаги терговга қарши бирор бир ҳаракат қилмаган ва уни қаҳрамон қилиш ҳаракатида бўлганлар ғирт ëлғон гапиришмоқда”.

Тельман Гдлян билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:44 0:00
Бевосита линк

1988 йили “Пахта иши” оқибатлари ҳақида қатор мақолалар эълон қилган журналист Анвар Усмоновнинг айтишича¸ “Пахта иши” масаласини СССР халқ депутати¸ ҳозирда марҳум Аҳмаджон Мухторов ҳаммадан олдин кўтариб чиққан:

- Аҳмаджон Мухторов СССР халқ депутатлари съезди минбаридан туриб Гдлян-Ивановлар амалга оширган қатағон ҳақида тўрт марта гапирган эди. Залда ўша пайтда Қашқадарëдан депутат бўлган Ислом Каримов ҳам бор эди ¸ аммо у киши бирор марта шу масала ҳақида минбардан гапирмаган¸ дейди Усмонов.

- СССР президенти Михаил Горбачев ташаббуси билан ўтказилган бу тафтиш ортидан “Ўзбекистонда қонунчиликка зид тарзда тергов юритган” Тельман Гдлян ва Николай Ивановлар прокуратура тизимидан бўшатилган ва уларнинг бедодлиги асосида ноҳақ қамалганлар иши қайтадан кўриш борасида кўрсатма бўлган эди. Яна такрорлайман Каримов айнан бу масалада қахрамон эмас. СССР тарқаб, Кремлда қизил байроқ туширилганидан кейин 1992 йилнинг 25 декабрида Каримов Ўзбекистон қамоқларида жазо ўтаëтган “Пахта иши”фигурантларини амнистия қилиш бўйича қарор чиқарди. Бунга мажбур бўлди десак ҳам бўлади. Бошқа тарафдан Каримов муқобил сайлов олдидан ўзига реклама сифатида ҳам шундан фойдаланди¸ дейди Усмонов.

1983 йилдан 1989 йилгача “Пахта иши”бўйича Ўзбекистонда СССР прокуратурасининг махсус тергов гуруҳига раҳбарлик қилган Тельман Гдлян "ўтмишдаги воқеаларни соҳталаштириб қаҳрамон ясаганларни виждонсиз ва тубан одамлар”, дея баҳолади.

- СССР ағдарилганидан кейин Ўзбекистонда юзага келган тизим “пахта ишидаги қийноқлар” мавзусини ўзини реклама қилиш мақсадида унумли қўллаб келди¸ дейди суҳбатдош.

Каримовни ўзи ëки яқинлари “Пахта ишига” қайсидир маънода дахлдор бўлганми, деб савол бердик ўтган асрнинг "афсонавий" терговчисига:

- Ўлган одамнинг ортидан тош отилмайди. Шу боис сукут қиламан. Терговни ўтказганлар яхши билади. Жуда яхши билади. Кўп нарсалар бўлган. Жуда кўп гаплар бўлган. Аввало Ўзбекистон тарафи мен порахўрликда айблаган кишиларни мени талатишга ташлаади. Мен бунга лойиқ эмасман. Яна бир гап: булар "Гдлян-Иванов 27 минг кишии қамади", деяпти. Бу энди пасткашлик. Биз пахта ишини эмас коррупцияни тафтиш қилдик ва бор йўғи 64 кишини қамоққа олдик. Қолганлар тақдири эса ҳозир минбардан туриб Гдлян ва Ивановларни ëмонлаëтган ярамаслар виждонига ҳавола¸ дейди суҳбатдош.

Гдлян: Каримов мен учун қахрамон эмас
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:19 0:00
Бевосита линк

Тельман Гдлян бундан 8 йил олдин Каримов ҳақида Озодликка айтган гапини яна такрорлаш истагини билдирди:

- Ўша гапни яна такрорлайман. Мустақиллик порахўр элитага янги чексиз чегарасиз ўғирлаш имконини берди. Ўғривачча ва порахўрни элита дейишга тилим ҳам бормайди. Тасодифан ҳокимият тепасида бўлган гуруҳ ўз халқини талашни бошлаб юборди. Улар Совет даврида чемоданлаб ўғирлашган бўлса¸ ҳозир вагонлаб пул ўғирлашмоқда. Бундан халққа енгил бўлдими? Ўзларинимнг қонунсизлигини бекитиш учун улар узоқ чалинадиган “Гдлян-Иванов айбдор” деган нағмани ўйлаб топишди. Мен сиз билан гаплашганимдан кўпроқ нарсани биламан. Гапнинг қисқаси - Каримов ҳеч қачон мен учун қахрамон бўлмаган¸ дейди Тельман Гдлян Озодлик билан суҳбатда.

1989 йилда собиқ СССР Бош прокуратураси тергов бошқармасини бошқарган Виктор Илюхин Ўзбекистонда Тельман Гдлян ва Николай Иванов олиб борган “Пахта иши”га қарши чиққан эди.

Кейинчалик Илюхин Гдлян-Иванов гуруҳини порахўрлик ва бегуноҳ ўзбекларни ноҳақ қамаганликда айблаб, уларга қарши жиноий иш қўзғатган

Ўша даврни эслаган журналист Анвар Усмонов “Пахта иши” хўлу қуруқ баравар ëнган қатағон эканига эътибор қаратди:

- Майли юқорида турганлар қўшиб ëзиш билан шуғулланган бўлиши мумкин¸ лекин оддий бригадирлар¸ колхозчилар айбсиз айбдор қилинди¸ таланди¸ қийноққа солинди¸ ўз жонига қасд қилишга мажбур қилинди. Бу бедодлик ўз навбатида Аҳмаджон Мухторов каби депутатлар қаршилигини уйғотди¸ дейди суҳбатдош.

“Пахта иши” ҳақида

1983 йилнинг февралида СССР нинг олий раҳбарий органи - КПСС МК Сиëсий бюроси “Ўзбекистон пахта саноатидаги суъистеъмолликлар” ҳақида қарорқабул қилди.

Бу қарор ортидан СССР прокуратураси Тельман Гдлян ва Николай Иванов бошчилигидаги тергов комиссиясини Ўзбекистонга юборди. 1983 йилда Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов оламдан ўтди. Ўзбекистондаги “Пахта иши” СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) назоратига ўтди. Бу иш асосида Брежневнинг куëви Юрий Чурбанов, Ўзбекистоннинг Рашидовдан кейинги раҳбари Иномжон Усмонхўжаев¸ Марказқўм котиблари Раъно Абдуллаева¸ Оқилжон Салимов¸ Эрежеб Айтмуродовлар қамоққа олинди.

Шунингдек, Фарғона¸ Наманган¸ Тошкент¸ Сурхондарë ва Қорақалпғистондаги биринчи раҳбарлар устидан жиноят иши очилиб узоқ муддатга Озодликдан маҳрум қилинди.

Тарихга “Ўзбеклар иши”¸ “Пахта иши” деган номлар билан кирган бу жараëн ëзувчи Георгий Вайнер ва Леонид Словинларнинг “Ойнинг қоронғу тарафида”,деган романида батафсил тасвирланган.

1988 йилда ўзбек киночиси Элëр Эшмуҳаммедов “Пахта иши” ҳақида “Шок” деган бадиий фильмни суратга олди.

Фильм финалида одамларни ҳақсиз қаматган раҳбарнинг пировардида адолат пешвоси бўлгани кўрсатилади.

XS
SM
MD
LG