Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2018, Тошкент вақти: 00:13

АҚШ элчихонаси Қуддусга кўчирилди. Ғазода 60 киши қурбон бўлди


2018 йил 14 май куни ўн минглаб фаластинликлар АҚШ элчихонаси Қуддусга кўчирилишига қарши норозилик намойишига чиқди, Исроил армияси билан тўқнашувлар чоғида ўнлаб одам ўққа учди.

Исроил қўшинлари бутун Ғазо минтақасида бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишларида 60 фаластинликни отиб ўлдирди, 2700 кишини яралади. Айни дамда Исроил билан АҚШ ўша чегарадан ўнлаб чақирим наридаги ўзаро талаш Қуддус шаҳрида Қўшма Штатларнинг янги элчихонаси очилишини тантана қилди.

Бундан ташқари, кўздан ёш оқизувчи газдан бир чақалоқ нобуд бўлди.

Бу Ғазо минтақасида Исроил билан ҲАМАС ўртасида 2014 йили рўй берган қақшатқич тўқнашувлардан сўнгги энг кўп қурбон берилган кун бўлди. Ушбу тўқнашувлар Дональд Трампнинг шусиз ҳам чиппакка чиқай деб турган тинчликка эришиш режасини барбод қилиши мумкин.

Душанба кунги намойишлар Исроил билан Миср чегарасидаги қамалга барҳам бериш учун давом этаётган талашувларнинг чўққиси бўлди. Бироқ АҚШ элчихонасининг кўчирилишига фаластинликлар кўрсатган қаршиликни янада алангалатди.

Янги элчихона очилиши билан боғлиқ тантанали тадбир чоғида Ғазодаги қон тўкилиш эсланмади ҳам. Унда Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Трамп маъмурияти аъзолари: Трампнинг куёви ва Яқин Шарқ масалалари бўйича маслаҳатчиси Жаред Кушнер (делегация бошлиғи), унинг умр йўлдоши ва Оқ уй маслаҳатчиси Иванка Трамп, АҚШ молия вазири Стивен Мнучин, 4 нафар республикачи сенатор ва христиан руҳонийлари иштирок этди.

Трамп душанба куни Твиттерда “Исроил учун буюк кун”, деган ёзув қолдирди. Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Раж Шоҳ ҳам Ғазо минтақасида рўй бераётган воқеаларга муносабат билдирди:

− Бугун Ғазо минтақасида давом этаётган зўровонликлар ҳақидаги хабарлардан воқифмиз. Қурбонлар кескин ортиб бораётган фожиа учун жавобгарлик ҲАМАС зиммасига тушади. ҲАМАС атайлаб ва сурбетлик билан шунга ундамоқда. АҚШ давлат котиби Майк Помпео айтганидай, Исроилнинг ўзини ҳимоя қилишга ҳаққи бор.

Трамп Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олиш ҳақиқатни айтиш дея таъкидлади. Унинг фикрича, Исроил ҳукумати ўша шаҳарда жойлашган, қолаверса, кўҳна шаҳар яҳудийлар тарихи билан чамбарчас боғлиқ. У айни қарори шаҳарнинг якуний чегарасига оид бўлғуси музокараларга таъсир кўрсатмайди, дея иддао қилмоқда.

Натаняҳу тантанали маросимда, “Бугун шарафли кун, лаҳзани эслаб қолинг. Бу – тарих”, деб айтди.

Қуддусни ўз бўлажак давлати пойтахти деб ҳисоблайдиган фаластинликлар Трамп маъмурияти билан алоқаларини узди ва энди уни Исроил билан музокараларда воситачи деб ҳисобламайдиган бўлди.

Исроил 1967 йили Яқин Шарқ урушида шарқий Қуддусни босиб олган эди. Халқаро ҳамжамият уни ўшандан бери Исроил ҳудуди сифатида тан олмай келади.

Элчихонанинг Қуддусда очилишидан дарғазаб бўлган Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Трамп маъмурияти таклиф қиладиган ҳеч қандай тинчлик келишувини “қабул қилмаслиги”ни айтди.

Исроилнинг иттифоқчи бўлган Миср ҳам фаластинликлар ўлдирилишини қоралади. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича етакчиси Зейд Раад ал-Ҳусайн “ўнлаб одамнинг шафқатсиз ўлдирилиши”ни танқид қилди.

Туркия ҳукумати АҚШ ва Исроилдаги элчиларини чақириб олди ва АҚШ элчихонасининг Қуддусда очилишини “Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларини поймол қилиш” деб атади.

Исроил Ташқи вазирлигидан хабар қилинишича, фаластинликлар тарафдори бўлган Жанубий Африка ҳам ушбу мамлакатдан элчисини чақириб олди.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат масалалари бўйича комиссари Федерика Могерини Исроилни “кучдан мутаносиб фойдаланиш принципи”ни ҳурмат қилишга, ҲАМАСни эса норозилик намойишларини тинч ўтказишга чақирди.

Фаластиннинг БМТдаги доимий кузатувчиси Рияд Мансур 14 май куни БМТ қароргоҳида бўлиб ўтган матбуот конференциясида рўй бераётган воқеаларга мана бундай муносабат билдирди:

− Ушбу қирғин Америка Қўшма Штатлари Қуддусда элчихонасини ноқонуний, бир томонлама ва иғвогарона тарзда очаётган пайтда рўй беряпти. Фожиани қарангки, улар ноқонуний хатти-ҳаракатини Исроил минглаб тинч фаластинликларни ўлдираётган ва ярадор этаётган дамларда байрам қилмоқда. Фаластинликларнинг кўрган куни қурсин, кимдир элчихонани очиш тинчликка йўл очади деса, адашади, Ғазо минтақасида нималар бўлаётганига бир қаранг.

Душанба куни рўй берган воқеалар Исроил учун ҳам, Фаластин учун рамзий аҳамиятга эга. АҚШ элчихонасини Қуддусга қўчириш учун танланган сана ҳам бежиз эмас. Бундан 70 йил олдин Исроил давлати ташкил топган эди.

XS
SM
MD
LG