Ғарб мамлакатлари иттифоқчилари кимёвий қуролларни тақиқлашга рози бўлган 192 та мамлакат учун БМТнинг махсус сессиясини чақириш таклифи билан чиқди. Бундан мақсад кимёвий қуроллар тақиқи учун янги механизмни яратишдан иборатдир, чунки БМТнинг ушбу масала юзасидан ўтган йилги саъй-ҳаракатлари самарасиз якун топган эди.
«Афсуски, шу пайтгача кимёвий ҳужумларнинг бошида турган шахсларни жавобагарликка тортиш учун етакчи халқаро ташкилотлар бирор чора кўрмади”, дейилади 18 май куни Париждаги учрашувда қабул қилинган расмий ҳужжатда. Унга Ғарб мамлакатларининг Европа, Африка, Осиё, Шимолий ва Жанубий Осиёдаги 33 та иттифоқчиси имзо чекди.
Ушбу мамлакатлар вакиллари “Жазосиз қолишга қарши кураш” ташаббуси доирасида учрашди. Жорий йилнинг январь ойида Франция ушбу ташаббус билан чиққан, унинг мақсади кимёвий қурол билан ҳужум қилиш ҳоллари исботларини сақлаб қолиш, бунинг учун ким жавобгар эканини аниқлаш ва унга қарши санкциялар жорий қилишдан иборатдир.
Франция қароргоҳи Ҳаага шаҳрида жойлашган Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига (КҚТТ) тақиқланган ўқ-дорилардан фойдаланиб, ҳужум қилганлик учун айбдор деб топиш ҳуқуқини бериш механизмини яратиш таклифи билан чиқди. Айни пайтда КҚТТнинг фақат кимёвий қурол билан ҳужум қилганлик ёки қилмаганликни аниқлаш ваколати бор, холос. Ҳужумни ким уюштиргани эса аниқланмай қолаверади.
Ушбу ташаббусга Сурия ҳукумати қўшинларининг мамлакатда давом этаётган фуқаролар уруши вақтида бир неча марта заҳарли газни қўллаганига оид гумонлар ва март ойида Англияда собиқ рус жосусининг асабни фалажловчи газ билан заҳарлангани сабаб бўлди.
Сурия билан Россия кимёвий қурол қўллаганини инқор қилиб келади. Россия ўтган йили Суриядаги кимёвий ҳужум учун ушбу мамлакат ҳукуматини айблаш тўғрисидаги БМТ қарорига вето қўйди. Расмий Москва 18 май куни Франциянинг зикр этилган ташаббусига ҳам қарши чиқди.
Одатда КҚТТнинг қарорлари 41 ўринли ижроия кенгашида овоз бериш йўли билан қабул қилинади, аммо Россиянинг мухолиф позицияга ўтиб олгани кимёвий қуролларни ким қўллаётганини аниқлаш масаласини очиқ қолдирмоқда.
Россияга позициясини ўзгартириш таклиф қилинмоқда
Парижда қабул қилинган ҳужжатга қўл қўйган 33 та мамлакат Россиядан ўзининг мухолиф позициясини ўзгартиришни талаб қилмоқда.
Россия, Эрон, Сурия ва бошқа бир қанча мамлакатларнинг қаршилиги қарор қабул қилиниши учун зарур бўлган 2/3 овоз олинишига тўсқинлик қила оладими, йўқми, бу ҳали аниқ эмас.
Франция сўнгги ойларда ушбу таклифни энг яқин иттфоқчилари Британия, Қўшма Штатлар ва Германия билан муҳокама қилиб, гапни бир жойга қўйди.
Кимёвий қуроллар ва асабни фалажловчи газлар қўллангани гумон қилинаётган бир қанча фожиали ҳолатлар бунинг учун жавобгарлик механизмини яратишни талаб қилмоқда. Ушбу қуролларни қўллаш йигирма йилча олдин тақиқланганига қарамай, ҳамон тақиқ бажарилмай қолмоқда.