Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:50

Самарқанддаги хусусий шифохонада ўнлаб гўдакнинг қасддан ўлдирилгани фош этилди


Иллюстратив сурат. Суратнинг мақолада ёзилган воқега алоқаси йўқ.
Иллюстратив сурат. Суратнинг мақолада ёзилган воқега алоқаси йўқ.

Олий суд раиси ўринбосари никоҳ ёшини оширишни таклиф қилди. Самарқанддаги шифохонада кўз кўриб қулоқ эшитмаган ваҳшийликлар содир этилган. Фарғонада бозорқўм пора билан ушланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Никоҳ ёшини эркаклар учун 18 дан 21 га ошириш таклиф қилинди

Ўзбекистон Олий суди раиси ўринбосари, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоров мамлакатда никоҳ ёшини оширишни таклиф қилди (“Даракчи”, 14 июнь).

“Амалдаги оила қонунчилигига кўра, никоҳ ёши эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш. Никоҳга кирувчи аёллар ёшини 18 ёш қилиб, эркаклар ёшини 21 ёш қилиб белгилаш мақсадга мувофиқ ва бу ҳам мустаҳкам оила қурилишида муҳим омил бўлиши муқаррар. Чунки 17 ёшда қизларнинг кўпчилиги ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан ҳали турмуш қуришга тайёр бўлмайди. Эркакларнинг никоҳ ёшини 21 ёш қилиб белгилаш эса айни шу даврда уларнинг мустақил фикрга эга бўлиши, масъулият ҳиссининг ортиши, шунингдек, оилани таъминлаш учун маълум бир касб-корга эга бўлиши билан боғлиқ” дейди Олий суд раиси ўринбосари.

Шунингдек, судья мулк низолари бўлмаслиги учун эр ва хотин ўртасида қонуний никоҳ шартномаси тузилиши лозимлигини эслатган.

“Афсуски, айни пайтда никоҳ шартномаси тузиш ҳоллари жуда кам бўлиб, “никоҳ шартномаси тузиш бизнинг менталитетимизга, шариат қоидаларига тўғри келмайди” деган хато тушунча ҳам мавжуд” дейди Х.Ёдгоров.

Самарқанддаги шифохонада кўз кўриб қулоқ эшитмаган ваҳшийликлар содир этилган

Самарқандда хусусий шифохонада кўз кўриб қулоқ эшитмаган ваҳшийликларга қўл урилгани фош қилинди (“Ҳуқуқ”, 14 июнь).

Вилоят прокуратураси вакили Асомиддин Сайфиддиновга кўра, Нигора Солихонова раҳбарлигидаги хусусий клиника асосан ҳомила тушириш билан шуғулланиб келган.

Сунъий аборт йўли билан дунёга келтирилган чақалоқлар эса сохта ҳужжатлар билан фарзандталабларга бир неча минг долларга пулланган.

Харидор топилмай қолган кезларда эса ожиз ва ҳимоясиз чақалоқлар қасддан қаровсиз қолдирилиб, нобуд қилинган.

Норасидаларнинг жонсиз танаси тиббий чиқиндилар ёқишга мўлжалланган муфель печида ёқиб юборилган.

Хусусий клиника раҳбари Н.Солихонова 13 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларига ҳам тегишли жазолар тайинлангани хабар берилган.

Фарғонада бозорқўм пора билан ушланди

Фарғона шаҳридаги марказий деҳқон бозори раиси 2000 доллар пора олаётганда ушланди (“Инсон ва қонун”, 12 июнь).

Тадбиркор аёл бозорқўмдан дўкон қуриш учун рухсат сўраган. Бозорқўм эса рухсат эвазига 2000 доллар пора талаб қилган. Тадбиркор аёл эса бу ҳақда ҳуқуқ идораларига хабар берган.

Исми ошкор этилмаган бозорқўм жиноят устида қўлга олинган. Тергов жараёнида бозор раиси аввалроқ бошқа бир тадбиркордан 6,4 миллион сўм олгани аниқланган.

Қайд этилишича, бозорқўм ушбу вазифага тайинлангунга қадар икки марта жиноятда айбланиб маҳкамага тортилган.

Икки бор жиноятга қўл урган шахс қандай қилиб раҳбарлик лавозимига тайинлангани масаласига ойдинлик киритилмаган.

XS
SM
MD
LG