Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2018, Тошкент вақти: 07:44

Самарқандда бузилаëтган уй ҳиссадорлари "амнистия" талаб қилмоқда


Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги Мироншоҳ кўчасида тиклангани ортидан бузилаëтган 7 қаватли уйдан квартира сотиб олган ҳиссадорлар қўмита тузиб¸ президентдан бу жойни бузмай сақлаб қолишни талаб қилишди. Ҳиссадорлар қўмитаси раиси Мавлуда Каримова 2 август куни Озодлик билан суҳбатда “агар уй бузиладиган бўлса, ҳиссадорлар Самарқанд шаҳар ҳокимининг уйини ишғол қилиб кириб оламиз” дея билдирди:

- Мен шу бузилаëтган уйдан иккита квартира сотиб олганман. Лекин, ҳужжати тўлиқ эмас деб, бинони бузишмоқчи. Болаларимиз чет элларда хардек (эшакдек-тахр ) ишлаб юборган пулига квартира олмоқчи эдик. Уй тўйи қилмоқчи эдик. Тўйимиз азага айланди. Ўзбекистон президенти ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан "амнистия" эълон қилиш тўғрисидаги фармонни апрель ойида имзолади¸ раҳмат у кишига¸ лекин шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов бизнинг пешона теримиз эвазига қурилган уйни бузиб, бизни кўчада қолдирмоқчи. Агар уйсиз қолсак, ҳоким Фурқат Раҳимовнинг уйига бориб яшаймиз ҳаммамиз¸ - дейди ҳиссадорлар қўмитаси раиси Мавлуда Каримова.

Самарқанддаги бузилаëтган уй ҳиссадорлари уй учун “амнистия” талаб қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:09 0:00

Ҳиссадорлар исëни

Унга кўра¸ уйи бузилганидан норози бўлган 26 хонадон ҳиссадорлари изнсиз қурилган уйни "амнистия" қилиб сақлаб қолиш талаби билан Ўзбекистон президентига чиққанлар.

Бундан олдин улар Самарқанд шаҳар ҳокимлиги биноси олдида пикет ташкил қилган эди.

Озодлик суҳбатлашган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бўлими мулозимига кўра¸ "ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган ҳудудда қурилган бу уйнинг бузилиши ҳақида узил-кесил" қарор қабул қилинган ва "Барча эътироз уй қурилишини амалга оширган тадбиркор Умар Ражабовга" қаратилиши зарурлиги билдирилган.

25 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Озодлик саволига жавоб берган Маданият вазири Бахтиëр Сайфуллаев ҳам Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудида уч қаватдан баланд қурилган барча бинолар бузилишини билдирган эди.

Вазирга кўра¸ самарқандлик тадбиркор Умар Ражабов қурган 7 қаватли "уй бузилади ва бу қадимий ҳудудда ўзбошимча уй қурмоқчи бўлган бошқа тадбиркорлар учун сабоқ бўлади".

Кўзимда сўнгги ëш қолди

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов¸ Маданият вазири Сайфуллаев каби юқори лавозимли амалдорлар диққат марказида қолаëтган 7 қаватли уйни қурган 55 яшар самарқандлик тадбиркор Умар Ражабов бир ойлик иккиланишдан кейин "бор ҳақиқатни Озодликдан чиқиб айтишга" қарор қилди.

Самарқанддаги бузилаëтган уй ҳиссадорлари уй учун “амнистия” талаб қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:56 0:00

2 август кунги Озодлик билан суҳбатда¸ Ражабов кейинги икки ойда мутлақ банкрот бўлгани ва саломатлигидан ажраганлигидан шикоят қилди.

- Пичоқ бориб бўғзимга қадалди. Бир ой ичида миллиардларимдан ҳам, соғлигимдан ҳам айрилдим. Мироншоҳ кўчасидаги етти қаватли уй қурилиши учун собиқ ҳоким Туроб Жўраев мендан "илтимос" қилган баъзи хизматларни бажариб берасиз деб. Бу уйга рухсат беришлари учун Самарқанд шаҳрида Президент қабулхонаси қуриб бердим. Каримов мақбараси ëнида чойхона қуриб бердим. Ер ости йўли қуриб бердим. Бу ишларни мендан "илтимос" қилди. Илтимосни бажардим. Бир тийин олмасдан! Ўз кучим билан! Албатта, бу ишларни "бажарганлари" учун давлат бюджетидан кимлардир қанчалар маблағни ишлатилди, деб "ишлатиб" юборгандир, у ёғи менинг ишим эмас. Фақат шуни айтишим лозимки, бу ишларга миллионлаб пулим кетди. Майли, мен фақат қисман изн олиб уй қургандирман. Лекин Самарқанд қадимий ҳудудида кўп қаватли бино қурган бошқа мулозимларга оид иморатларни нега бузишмайди? Қонун калтаги нега фақат менинг бошимда синади. Пора бериб, уй қурган меникидан ҳам баланд биноларга биров тегмаяпти-ю, мен қурган уйларни бузишга ёпишишди. Ваҳоланки, қадимий ҳудудда уй қурган, меникидан баланд қилиб қурган қурилиш фирмалари раҳабарлари орқасида қайси амалдорлар турганини ҳам яхши биламан¸ - дейди шу кунларда банкрот бўлганини айтган самарқандлик тадбиркор Умар Ражабов.

Тадбиркор Умар Ражабов
Тадбиркор Умар Ражабов

Бино қуришга ким изн берган эди?

Самарқанд вилоят ҳуқуқ тартибот органларида ишлайдиган мулозим Озодлик билан суҳбатда Ражабов муассиси бўлган "Умар" ва "Афросиёб Хосият Бегим макони" ширкатлари қурган уйлар текширилаëтгани ва аксарият қисми изнсиз қурилгани учун бузиб ташлашга қарор қилинганини айтди.

Шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бўлимида ишлайдиган мулозим эса бузиш учун суд ҳукми мавжудлигини айтди.

- Суд ҳукмига ҳокимлик аралаша олмайди. Биз ижро ҳокимияти ўлароқ суд ҳукмини ижро қиламиз. "Афросиёб Хосият Бегим макони" ширкатига Мироншоҳ кўчасида икки қаватли савдо маркази қуришгагина изн берилган қарорга олдинги ҳоким Воҳид Санақулович имзо чеккан. (2017 йилнинг 21 августида ишдан олинган Самарқанд шаҳар ҳокими Воҳид Раҳимов - таҳр.) Эътибор берсангиз, фақат икки қаватли савдо маркази қуришга изн берилди. Етти қаватли турар жой қуриш учун эмас. Шуларни инобатга олиб, Фурқат Жалолович (Самарқанд шахрининг жорий ҳокими Фурқат Раҳимов - таҳр.) 20 июнь куни қурилишни тўхтатиш борасида қарор чиқарди. 23 июнь куни Бош вазирнинг ўзи бориб бу масалани разбор қилди. Бинонинг ЮНЕСКО ҳимоя зонасида ноқоуний қурилгани ва икки қаватли магазин ўрнига етти қаватли турар жой рухастсиз қўйилганини аниқлаган Абдулла Ниғматович 23 июнда "зудлик билан бузиб ташланг!" деб буюрди. Ана шундан кейин суд ҳукм чиқарди, - дейди шаҳар ҳокими мулозими.

Вазирлик қурилишдан бехабар бўлганми?

Ҳиссадорлар қўмитаси раиси Мавлуда Каримова Озодлик билан суҳбатда: "Нега маданият вазирлиги ва шаҳар ҳокмияти етти қаватли уй қурилиб бўлгунча индамай турди¸ уй ҳавозалари кўтарилган пайтда уларнинг кўзи қаерда эди? - дея савол берди.

25 июль кунги матбуот анжуманида Озодлик мухбирининмг айни маънидаги саволига жавоб берган Маданият вазири Бахтиëр Сайфуллаев "Тадбиркорлар бизнинг "бдительность"имизни (ҳушëрлигимизни-таҳр) ухлатиб қўйди," дея жавоб қилган эди.

Вазир айтмоқчи "бдительности ухлаган" пайтда Самарқанддаги ҳали битмаган бино квартираларни 26 оила сотиб олди.

Улар бу квартираларнинг ҳар квадрат метрига 3 миллиондан 6 миллион сўмгача пул тўлашган.

Озодлик суҳбатлашган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуносига кўра¸ бу ҳиссадорларнинг пулини "Афросиёб Хосият Бегим макони" ширкати қайтаришга мажбурдир.

Орзусидан айрилганлар нидоси

Ҳиссадорлар қўмитаси раиси Мавлуда Каримова Озодлик билан суҳбатда ўзи ва бошқа ҳиссадорлар тадбиркорнинг эмас¸ балки шаҳар ҳокимиятидаги бош-бошдоқлик қурбони бўлганини айтади:

- Бизни орзумиздан айиришди. Самарқандлик учун уйидан айрилиш мусибат. Бизнинг пулимизга сифатли уй қуриб берган тадбиркорни айбламаймиз. Тадбиркорни алдаб, банкрот қилган мулозимларни айблаймиз. Агар биз уйсиз қолсак, шаҳар ҳокимини уйига бориб яшаймиз. Сўнгги чора сифатида биз Ўзбекистон президентига Озодлик орқали мурожаат қиламиз. Хурматли президент бизни орзумиздаги уйдан жудо қилманг.

Самарқанд шаҳри
Самарқанд шаҳри

Бош вазирдан тортиб оддий блогергача аралашган Самарқанд тарихий қисмидаги изнсиз қурилишлар масаласи Баҳрайн пойтахти Манамада ЮНЕСКО Шаҳрисабз тарихий марказини Умумжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўчириш масаласини кўраëтган пайтга тўғри келди.

Анжуманда 10 фоизи вайрон қилинган Шаҳрисабзнинг куни Самарқандга ҳам тушмаслиги юзасидан хавотирлар билдирилгани ортидан изнсиз қурилган уйлар ëппасига текширила бошланди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG