Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2018, Тошкент вақти: 16:03

Тошкентдаги муз саройи қурилишида ишчи баландликдан йиқилиб ҳалок бўлди


12500 ўринли муз Тошкент шаҳрининг Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишмасидаги 9 гектар майдонда қурилмоқда.

Тошкентдаги Humo Arena муз саройи қурилишида ҳалок бўлган 30 ёшли ишчи Муҳиддин Ҳолиқовнинг яқинлари қурилишни олиб бораётган ширкатдан товон пули талаб қилмоқда. Уларга кўра, Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани Қишлик қишлоғидан бўлган Муҳиддин Холиқов 21 июль куни муз саройи гумбази темир устунидан йиқилиб тушган ва бир ҳафта ўтиб касалхонада ҳушига келмай жон таслим қилган.

Яқинларидан бири Муҳиддин Ҳолиқовнинг фожиали ўлимидан 20 кун ўтиб на ҳукумат ва на қурилиш ширкати марҳумнинг оиласига товон пули берганини айтади.

- Икки қизи етим қолди. Оиласига ким тавон тўлайди, ҳукуматми ё қурилишни олиб бораётган ширкатми?, - дея нолиди Озодлик суҳбатлашган марҳумнинг исмини айтмаган қариндошларидан бири.

Тошкентдаги Humo Arena муз саройи қурилишида ҳалок бўлган 30 ёшли ишчи Муҳиддин Ҳолиқов.
Тошкентдаги Humo Arena муз саройи қурилишида ҳалок бўлган 30 ёшли ишчи Муҳиддин Ҳолиқов.

Муҳиддин Ҳолиқов яқинлари адолат талаб қилиб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилмаганликларини айтди.

Humo Arena муз саройи комплексини қуриш бўйича бош пудратчи ҳисобланган Сингапурнинг Enter Engineering ширкати суриштирув натижаларига қараб марҳумнинг оиласига товон пули белгиланишини айтди.

- Ҳозир биз бу ҳодисага нима сабаб бўлганини билмаймиз. Ишчи баландликка чиққанида хавфсизлик камаринибоғлаганми? Лекин товон бериш масаласи кўриляпти, - деди Enter Engineering ширкатининг Озодлик суҳбатлашган кадрлар бўлими ходими.

Лекин, Муҳиддин Холиқовнинг ҳамкасбларидан бири уни ичмайдиган, интизомли ишчи сифатида таърифлади.

- Ота-онасининг ягона ўғили эди. Муҳиддинни ўзини эса икки қизи бор. Унақа ичадиган бола эмас эди. Эхтиётсизлик қилган бўлиши мумкин, лекин бу уни айби эмас-ку, - деди Озодликка гапирган марҳумнинг исмини айтмаган ҳамкасби.

12500 ўринли муз Тошкент шаҳрининг Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишмасидаги 9 гектар майдонда қурилмоқда.Комплекс қурилиши 2018 йилнинг кузида якунига етиши маълум қилинган.

Муз комплекси қурилиши февраль ойида бошланган эди. Бу ерда қишки спорт турлари (хоккей, шорт-трек, фигурали учиш ва кёрлинг) бўйича мусобақалар ўтказиш, концерт, кўргазма ва форумлар ташкил этиш режалаштирилган.

"Ҳумо қуши" муз комплексининг макети.
"Ҳумо қуши" муз комплексининг макети.

Enter Engineering гуруҳи тури мураккабликдаги саноат ва технологик объектларни қуришга ихтисослашган бўлиб, Россиянинг "Газпромбанк"и унинг акциядорларидан ҳисобланади.

Баъзи манбаларга кўра, муз саройи қурилишини келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик олигарх Алишер Усмонов молиялаштирган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG