Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:53

OzodDayjest: Ички ишлар ходими 23 ёшли маҳбубасини ўлдирди


“Обод қишлоқ” дастури ижросида кўзбўямачилик фош бўлди. Ички ишлар ходими 23 ёшли маҳбубасини шафқатсизларча ўлдирди.Тошкент вилоят суди марҳума томонидан уй “cотилиши” жиноятига кўз юммоқда. Жорий ҳафтада маҳаллий матбуот мана шундай мавзуларни ёритди.

Янгийўлда “Обод қишлоқ” дастури ижросида кўзбўямачилик фош бўлди

Тошкент вилояти Янгийўл тумани раҳбарияти “Обод қишлоқ” дастури ижросида кўзбўямачиликлар қилаётгани фош бўлди (“Оила даврасида”, 16 август).

Мазкур дастурга кўра, туманнинг Чортоқ қишлоғидаги 800 метр газ қувури таъмирланиши ва газ тақсимлаш ускунаси ўрнатилиши, қарийб 6 км ички йўллар созланиши, 1,5 км ичимлик сув қувурлари тузатилиши, 115 та ёғоч электр таянч темир-бетонга алмаштирилиши белгиланган.

Аммо берилган ваъдалар ҳавога учган, белгиланган ишлар қўл учида бажарилмоқда. Умидлари пучга чиққан Чортоқ аҳолиси эса ҳамон муаммолар гирдобида қолмоқда.

Ички ишлар ходими 23 ёшли маҳбубасини шафқатсизларча ўлдирди

Ички ишлар тизимида бир ярим йил давомида ишлаб келган 22 ёшли Пўлат Турғунбоев қотилликка қўл урди (“Даракчи”, 16 август).

П.Турғунбоев Гулистон давлат университети талабаси бўлган Нилуфар исмли қиз билан гаплашиб юрган. Бу орада йигит қарзга “Эпика” машинасини харид қилган.

Қарзни қайтариш учун пул тополмай қолган пайтда эса “Спарк” машинасини ҳайдайдиган маҳбубаси Нилуфарни ўлдириш ва унинг автомобилини қўлга киритишни мақсад қилган.

П.Турғунбоев Тошкентга холасининг уйига келган Нилуфарни алдаб Бўстонлиқ туманига олиб борган ва таниши Бобур Умаров ёрдамида қизни аввал бўғиб, сўнг пичоқлаб ўлдирган.

Жасадни Тошкентга олиб келиб, Дамариқ каналига ташлаган. Марҳуманинг машинасини эса ўғирлаб кетган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Бахтиёр Алимовга кўра, мудҳиш жиноят бир неча кунда фош этилган.

Ички ишлар тизимида ишлаган Пўлат Турғунбоев 20 йил, унинг ҳамтовоғи Бобур Умаров 18 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Тошкент вилоят суди марҳума томонидан уй “cотилиши” жиноятига кўз юммоқда

Тошкент вилояти Зангиота туманида туғилган Муҳаммад Шермуҳаммедов 20 йилдан буён алдов ва фирибгарлик йўли билан сотиб юборилган қонуний ҳақи – уйини қайтариб ололмаяпти (“Жамият”, 10 август).

У Ибрат маҳалласидаги ота уйининг ярмини божаси А.Ҳасановга сотган, қолган ярми эса онаси номида қолган. Аммо М.Шермуҳаммедовнинг кутилмаган фожиа сабаб қамалиб кетишидан фойдаланган божаси қинғир йўл билан уйни тортиб олган.

Гап шундаки, М.Шермуҳаммедовнинг онаси 1994 йилда вафот этган. Аммо А.Ҳасанов Зангиота туман давлат нотариал идораси нотариуси Исмоил Асқаров билан тил бириктириб, ҳужжатларни сохталаштирган ҳолда 1996 йилда уйни ўзлаштирган. Яъни М.Шермуҳаммедовнинг 1994 йилда вафот этган онаси орадан икки йил ўтиб, А.Ҳасановга уйни “сотган”.

Ушбу ноқонуний ҳолат юзасидан жабрланувчи М.Шермуҳаммедов фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумани ва Тошкент вилояти судларига мурожаат қилган. Аммо судлар марҳума томонидан уй “cотилиши” жиноятига кўз юммоқда. Ўлган одам номидан уй расмийлаштирган нотариус ҳам жазосиз қолмоқда.

XS
SM
MD
LG