Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 03:12

OzodDayjest: Фарғоналик йигит синглисига шилқимлик қилган қўшнисини чавақлаб ўлдирди


“Facebook”ка ички ишлар ходими видеосини жойлаган фуқаро “профилактик суҳбат”га чақирилди. Оҳангаронда пора олган бош шифокор ашёвий далил билан ушланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Ички ишлар ходими видеосини олган фуқаро сўроққа тутилди

Тошкент вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари хатти-ҳаракатини видеога олган сурхондарёлик Адҳам Тошпўлатов профилактик суҳбатга чақирилди (“Постда”, 18 август).

ИИВ нашрига кўра, А.Тошпўлатов ички ишлар ходимлари хатти-ҳаракатини видеога олгани ва ушбу видео ижтимоий тармоққа чиқиб кетганидан афсусда эканини билдирган.

Жорий йил 22 июль куни йўл-патрул хизмати ходимлари сержант Элмурод Рўзматов ва кичик сержант Шерзод Зуҳуров Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳрида 75 С 797 HA рақамли “Нексия”ни тўхтатиб, ҳайдовчи Алишер Холёровга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган. Ҳайдовчи белгиланган йўлакдан пиёдани ўтказиб юбормаганликда айбланган. А.Холёров қоидабузарлик қилмаганини айтиб, баённомага қўл қўйишдан бош тортган.

Ҳайдовчининг ёнидаги А.Тошпўлатов эса таниши ва ИИБ ходимлари тортишувини видеога олган. Кейинроқ ушбу видео ижтимоий тармоқда тарқалган.

ИИВ нашрига кўра, бу ҳолат ижтимоий тармоқда ички ишлар идоралари ходимларига нисбатан норозилик келиб чиқишига сабаб бўлган. Видео муаллифига жазо тайинлангани ё тайинланмагани очиқланмаган.

26 ёшли йигит синглисига шаънини поймол қилган қўшнисини ўлдирди

Фарғоналик 26 ёшли йигит синглисига шилқимлик қилган қўшнисини жазолаш учун уни чавақлади (“Ҳуқуқ”, 23 август).

Бу ҳақда вилоят прокуратураси вакили Шуҳратжон Тўхтаматов маълум қилган.

40 ёшдан ўтса-да сўққабош яшаб келган эркак қўшнисини қизига бир неча бор тегажоғлик қилган. Қиз эса акасига арз қилган.

Шундан кейин қизнинг акаси ошхона пичоғини олиб шилқимлик қилган қўшнисининг уйига борган. Сўққабош эркак йигитга ҳам синглиси шаънини оёқости қилувчи сўзлар айтган. Дарғазаб бўлган йигит қўшнисини чавақлаб ўлдирган. Сўнг қилган иши ҳақида ҳуқуқ идорасига ўзи хабар берган.

Қайд этилишича, қотиликка қўл урган йигит 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар маълум қилинмаган.

Оҳангаронда пора олган бош шифокор ашёвий далил билан ушланди

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош шифокори пора билан қўлга тушди.

“Даракчи” газетасига хабарига кўра, бош шифокор Олмалиқ тиббиёт коллежини тамомлаган йигитни тиббий статист лавозимига қабул қилган ва бунинг эвазига ундан 300 доллар пора талаб қилган.

Порани келтирмаса ишдан бўшатилишини айтган. Бош шифокор порани қайта-қайта талаб қилгач, исми ошкор этилмаган ходим унинг ноқонуний хатти-ҳаракати хусусида ДХХ туман бўлимига мурожаат қилган.

Бош шифокор махсус кукун билан ишлов берилган пулни олаётганда ушланган.

Айтилишича, Жиноят кодексининг 210-моддасида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбланган мансабдор 4 йилга озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, у 2 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

XS
SM
MD
LG