Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 13:03

Коррупцияга қарши шикоят ёзган андижонлик фаол туҳматда айбланиб бир йилга қамалди


Муҳаммадқодир Отахонов 2005 ва 2013 йилларда ҳам қамалган эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти фаоли, 55 яшар Муҳаммадқодир Отахонов бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ҳақда Озодликка 8 сентябрда етиб келган хабарда айтилишича, ҳукм Андижон вилояти Марҳамат тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан 31 июль куни ўқилган.

“Ўзини ҳуқуқ ҳимоячиси деб атаб, Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудири М. Шоматов устидан турли идораларга туҳмат шикоятлар ёзган Муҳаммадқодир Отахонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси (Туҳмат) билан айбдор деб топилди ва бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У ҳозирда Ангрендаги манзил колонияда жазо муддатини ўтамоқда”, деди суд вакили Озодликка.

Маълум бўлишича, ҳозирда иккига бўлинган, бир қисмига таниқли адвокат Руҳиддин Комилов, иккиничи қисмига Марат Зоҳидов етакчилик қилаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг Марҳамат тумани бўлими раҳбари бўлган Муҳаммадқодир Отахонов Андижон воқеалари туфайли 2005 йилда 5 йил муддатга, 2013 йилда эса фирибгарлик жинояти билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

“Мен бу одамни ташкилотдан чиқарганман. Эҳтимол, Зоҳидов билан биргадир. Аммо айтишим керакки, Отахоновни муқаддам ҳимоя қилганман. Ташкилот фаоли бўлган”, деди Озодлик билан суҳбатда Руҳиддин Комилов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Андижон бўлими раҳбари Мусажон Бобожоновга кўра, ҳуқуқ фаоли Муҳаммақодир Отахонов ҳақиқатан ҳам коррупция ва порахўрлик устидан Президент девони, Бош прокуратура ва бошқа органларга шикоятлар қилиб келган.

У қамалганидан сўнг у ёзган факатлар исботланиб, Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудири М. Шоматов лавозимидан четлатилган.

“Ҳуқуқ ҳимоячисининг қамалгани ҳақида афсуски бирорта оммавий ахборот воситаси хабар қилмади. Ҳолбуки, Муҳаммадқодир ўз вақтида таниқли ҳуқуқ фаоли ва яхшигина ижодкор ҳам эди”, дейди Мусажон Бобожонов.

Суд ҳукмига кўра, Муҳаммадқодир Отахонов белгиланган жазо муддатини манзил колонияда ўтайди. У ва унинг ҳимоячилари юқори инстанция судларига мурожаат қилмаган.

XS
SM
MD
LG