Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2018, Тошкент вақти: 11:51

13 йилга қамалган имом оқланиб, озодликка чиқарилди


12 сентябрь куни Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича суди 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган хоразмлик имом Ҳикматулла Юсуповни суд залидан озод қилди. Имомнинг яқинларига кўра, судья гиёҳванд моддаларга алоқадорликда айбланиб, 2016 йилнинг 25 январидан бери қамоқда ўтирган Ҳикматулла қорини тўла оқлаган.

Ҳикматулла қори Юсуповнинг оқланиб, суд залидан озод қилингани ҳақида Озодликка унинг яқинлари хабар қилди.

“Бугун суд залидан тўғри озодликка чиқаришди. Бутунлай оқлашди. Ҳозир у Тошкентда, эрта-индин Хоразмга келади”, деди Ҳикматулла қорининг яқин қариндошларидан бири.

Ҳикматулла қорининг яқинлари унинг суд залидан озод бўлганидан сўнг тасвирга олинган суратларни ҳам Озодликка йўллади.

Юсупов 2016 йилнинг 25 январида суд ҳукми билан гиёҳванд моддаларга алоқдадорликда айбдор деб топилиб, 13 йилга қамалган эди. Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2017 йил 14 февраль кунги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилганди.

Имомнинг рафиқаси Меҳрибон Раҳматуллаеванинг мурожаатлари ортидан жорий йил август ойи бошида Бош прокуратура Ҳикматулла қори Юсуповга чиқарилган иш бўйича Олий судга протест киритиб, барча суд қарорларини бекор қилишни сўради.

Текширувларда Ҳикматулла Юсуповга сохта гувоҳ ва далиллар билан жазо тайинлангани аниқланган.

Олий суд 16 август куни имом Ҳикматулла қори Юсуповга нисбатан жиноят ишини назорат босқичида кўриб чиқди ҳамда ишни янгидан кассация тартибида кўриш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига юборди.

Маҳкамада иштирок этган Ҳикматулла қорининг яқинларига кўра, прокурор Юсуповга нисбатан айблов ҳукми чиқаришда қонун талаблари бузилгани ва имомга қўйилган айбни тасдиқловчи бирорта ҳам далил мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

Ҳикматулла қори 1993 йилдан буён Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги мадраса ва масжидларда фаолият юритиб келган.

Маҳаллий матбуот Хоразм вилояти Ҳарбий прокуратураси Ҳикматулла қорининг қамалиши ортида МХХнинг айрим ходимлари турганини аниқлагани ва уларга қарши иш очилгани ҳақида хабар қилди.

XS
SM
MD
LG