Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2018, Тошкент вақти: 14:59

Тошкентлик аёл чақалоғининг ўлимида шифокорларни айбламоқда


Иллюстратив сурат.

Президент пластик карта тизимидаги монополияга барҳам беришни буюрди. Экоҳаракат рухсат этилмаган жойга чиқинди ташлаганларга жазо жорий этишни таклиф қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Президент пластик карта тизимидаги монополия ҳолати ва бошқа камчиликларга эътибор қаратди

Ўзбекистонда монопол мавқеда бўлган “Uzcard” тизимининг бир неча кун давомида ишламай қолиши ва бундан миллионлаб одамлар азият чекиши ортидан мамлакат Президенти “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор эълон қилди (“XXI аср”, 20 сентябрь).

Қарорда банк карталари ва бошқа нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимидаги камчиликларга алоҳида эътибор қаратилган.

“Чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлиги даражасини камайтирмоқда, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграллашувига эришиш имконини бермаяпти ҳамда бир монопол тизимнинг мутлақ устун бўлишига олиб келмоқда”, дейилади қарорда.

Давлат раҳбари 2020 йилнинг 1 январига қадар маҳаллий ва халқаро банк карталари бўйича ҳисоб-китобларга кўмаклашувчи Миллий банклараро процессинг марказини ташкил этиш топшириғини берган.

Экоҳаракат: рухсат этилмаган жойга чиқинди ташлаганлар жазоланиши керак

Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб аҳоли томонидан чиқиндининг белгиланмаган жойга ташланиши авж олиб, бунинг оқибатида ноқонуний ахлатхоналар кўпаймоқда (“Жамият”, 14 сентябрь).

Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаш бўйича 13,1 минг ҳолат аниқланган.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликда рухсат этилмаган жойларга чиқинди ташлаган шахсларни жавобгарликка тортиш механизми мавжуд эмас. Шу боис Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи қонунчиликка бу борада жазо чораларини киритишни таклиф қилмоқда.

Қонунчилик палатаси спикери Борий Алихоновга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бу борада ўзгартириш киритилиши муайян натижа беради.

Экоҳаракат айнан қандай жазо тури киритишни таклиф этаётгани очиқланмаган.

Чақалоғи нобуд бўлган она шифокорлар устидан Бош прокуратурага арз қилди

Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи Элеонора Хамидуллина эмлашдан кейин нобуд бўлган икки ярим ойлик ўғлининг ўлимида шифокорларни айбламоқда (“Даракчи”, 20 сентябрь).

Ҳудуддаги оилавий поликлиника шифокорлари Э.Хамидуллинадан чақалоғини эмлатишга олиб чиқишни сўраган. У шифокорларга боласида гипоксия (кислород етишмаслиги) касаллиги борлиги, шу боис фақат полиомиелитга қарши эмлатишга розилигини билдирган.

Шифокор эса пневмококка қарши эмлатиш ҳам шартлиги, бу ҳеч қандай салбий реакция бермаслигини айтган. Бироқ эмлашдан кейин боланинг ҳарорати кўтарилиб, бош қисми кўкариб кетган.

Э.Хамидуллинага кўра, 3-шаҳар болалар шифохонаси ходимлари ҳам чақалоқ миясидаги шишни зудлик билан бартараф этмай, бир неча кунни ўтказиб юборишган. Оқибатда ҳаёт учун бир неча кун курашган чақалоқ вафот этган. Э.Хамидуллина ушбу ҳолатда шифокорларни айблаб, Бош прокуратурага мурожаат қилган.

Унга кўра, масъулиятсиз шифокорлар бошқа болаларга ҳам зарар келтирмасдан уларга қонуний чора кўриш керак.

XS
SM
MD
LG