Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2018, Тошкент вақти: 12:31

Денов бозорида тадбиркор ўз хотинини пичоқлаб, ўлдирди


21 сентябрь куни Сурхондараё вилояти Денов туман марказий бозорида тадбиркорлик қилувчи йигит ўз дўкони олдида хотинини пичоқлади. Воқеа гувоҳларига кўра, аёл олган жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.

Воқеа тафсилотларидан хабардор деновлик йигитнинг Озодликка айтишича, ҳодиса 21 сентябрь куни эрталаб Денов марказий бозори ҳудудида содир бўлган.

“Денов бозорида эр-хотин дўконда сотувчилик қилишарди. Кеча эрталаб ўша дўкондор хотинини пичоқлаб қўйибди. Воқеа уларнинг дўкони олдида содир бўлган. Эркак хотинига 5 марта пичоқ урган. Бозорчилар “Тез ёрдам” чақиришган. Бироқ аёлнинг жароҳати оғир экан, бозорнинг ўзида жон берибди”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Бошқа бир деновликка кўра, эр-хотин ўртасидаги жанжалга пул можароси сабаб бўлган.

“Улар дўконни бозоркўмдан ижарага олишар экан. Ижара ҳақини тўлай олмай, пул устида эр-хотин жанжаллашиб қолган. Кейин эркак жаҳл устида хотинини пичоқлаб ўлдирган”, деди деновлик Озодлик билан суҳбатда.

Денов туман марказий бозори раҳбари Н.Сафаров дам олишда эканини рўкач қилиб, Озодлик саволларига жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

(Тадбиркор ва унинг марҳум хотинининг исм-шарифи Озодликка маълум. Бироқ тергов ҳаракатлари кетаётгани боис улар очиқланмаяпти. Таҳр.)

Денов туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, бозордаги қотиллик бўйича туман прокуратураси жиноий иш қўзғаган. Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари давом этаяпти.

Ўзбекистонда оилавий жанжал оқибатида эр хотинини она фарзандларини сўйиб қўйгани холатлари ҳақида Озодлик аввал ҳам бир неча бор хабар берган.

Жумладан, 5 сентябрь куни Фарғона вилояти Данғара тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш - ФҲДЁ (ЗАГС) биносида 26 яшар йигит ўз хотинини пичоқлади. Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, аёл олган жароҳатлари боис, шифохонада оламдан ўтган.

Қурбон ҳайити куни Янгийўлда эр хотинини пичоқлаб ўлдирди. Ҳодиса Янгийўлдаги "Шердор" тўйхонасига яқин маҳалладаги хонадонлардан бирида содир бўлди. Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича, 35 ёшли фермер жаҳл устида хотинини бўғизлаган, бир неча пичоқ зарбидан аёл воқеа жойида жон берган.

Янгийўлда Қурбон ҳайити куни эр хотинини пичоқлаб ўлдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:35 0:00

Ўтган йил Хоразмда аёл 7 ва 10 ёшли фарзандини пичоқлаб ўлдирган эди.

2017 йил августида Самарқанднинг Тойлоқ туманда эса эр хотинини ўлдириб, жасадини ҳали қуриб битказилмаган дўкон учун тайёрланган хонанинг бурчагида бир метр чуқур қазиб, кўмгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Хоразмнинг Шовот туманида эса ўтган йил ноябр ойида 36 ёшли эркак ўз турмуш ўртоғини қишлоқ чеккасидаги далага олиб бориб, пичоқлаб ўлдириб, кейин устига бензин сепиб ёқиб юборганди.

Самарқанднинг Булунғур туманидаги Пастки Қўштамғали қишлоғида аёл пиёниста эрини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида ҳам Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2017 йилда оилавий жанжал оқибатида эр хотинини, хотин эрини ўлдиргани билан боғлиқ етмишдан зиёд холат қайд этилган.

Шулардан 61 тасида эр хотинини, 10 тасида эса, хотин эрини ўлдирган.

XS
SM
MD
LG