27 сентябрда Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Душанбе шаҳрида буюк ўзбек шоири Алишер Навоий номи берилган боғнинг очилиш маросимида иштирок этдилар.
“Низомиддин Алишер Навоий” боғи майдони¸ айтилишича¸ 2,23 гектарни ташкил этади.
Янги боғда тожик ва ўзбек халқлари дўстлиги рамзи сифатида ўрнатилган Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши бўлиб ўтди.
Куннинг биринчи ярмида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон МДҲ Давлатлари раҳбарларининг кенгаш мажлисида иштирок этиш мақсадида Душанбега келган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан мулоқот қилди.
Тожикистон президенти матбуот марказининг хабар беришича, икки қўшни давлат раҳбарлари учрашувида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга оид масалалар муҳокама қилинган.
Мулоқотда қисқа муддат ичида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муаммолар ҳал бўлгани ва икки давлат орасида сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликлар тобора ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Икки давлат раҳбарлари Тожикистон шимолидаги Зарафшон дарёсида Ўзбекистон билан бирга икки гидроэлектростанция қуриш ва Ўзбекистондаги машҳур “Артель” ширкати билан Тожикистонда қўшма корхоналар бунёд этиш тожик ва ўзбек халқлари манфаатларига хизмат қилишини таъкидладилар.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра¸ Шавкат Мирзиëев Раҳмон ҳамроҳлигида Турсунзода туманидаги “Боғи сомон” деҳқон хўжалигига борган ва бу ерда асли олтиариқлик узумчи фермер Камол ҳожи Мадумаровга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Captiva автомашинасини совға қилган.
Айни тумандаги «Ватан» деҳқон хўжалигига ҳам борган Тошкент раҳбари, фермер Неъмат ҳожи Усмоновга ҳам автомашина совға қилган.
Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилда Тожикистонга қилаëтган иккинчи ташрифидир.
Март ойида Мирзиёевнинг давлат ташрифи чоғида икки давлат ўртасида Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома, Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисидаги битим, шунингдек, турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган жами 27 ҳужжат имзоланган эди.
Жумладан, фуқаролар борди-келдиси учун 30 кунгача визасиз тартиб жорий этилди. Шунингдек, президент Мирзиёев Ўзбекистон Тожикистоннинг энергетика соҳасида, жумладан, Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этишини айтган эди.