Линклар

Шошилинч хабар
01 апрел 2020, Тошкент вақти: 08:03

Йўлнома: Россияга автобусда йўл олган муҳожир азоби (ВИДЕО)


Россияга йўл олган тожикистонлик муҳожирлар, 6 октябрь, 2018 йил

Ҳар йили пул ишлаб топиш учун Россияга йўл оладиган Фарзона Саидова бу сафар чиқимни камроқ қилиш учун муҳожирликка автобусда жўнади. Тан олишича, ҳеч қачон йўл азоби бунчалик узоқ ва оғир бўлмаган.

“Йўлда ғам емайсан, дейишган эди”

Танишлари Фарзонага Москвада автобусда бориш поезд ёки учоқ харажатидан анча арзон тушишини айтган.

У эса шунга ишониб, 27 сентябрда 40 нафар мигрант билан пойтахт автовокзалидан «Asian Еxpress» компанияси автобусида йўлга чиқди.

Ўзининг айтишича, Ўзбекистон чегарасигача етиб олгач, Россиянинг “люкс” русумидаги автобусига ўтирасизлар ва йўлда маза қилиб кетасизлар, қабилидаги ваъдалар жуда қуюқ бўлган эди.

Чегарада тўзиб кетган, салони ифлос ва чанг-чунг автобусни кўриб, лол қолдик. Москвага бир ҳафта деганда етдик, йўл азоби – гўр азоби бўлди: автобус тинмай бузилар, бизнинг эса кутиб кунимиз ўтди. Қаторимизда ҳомиладор аёл ҳам бор эди, бўлари бўлди бечоранинг, тинмай йиғлади ўзиям. Ҳамроҳларимиздан бири Ўзбекистондаёқ орқасига қайтиб кетди, − дея ҳикоя қилади Фарзона.

Учоқ чиптаси нархидаги автобус сафари

​Фарзона Россия пойтахтига 3 кунда элтиб қўйишга ваъда беришганини айтади, лекин сафар бир ҳафтага чўзилиб кетган. Харажатлар эса авиачипта тўловидан ҳам ошиб тушган. 1100 сомонийдан йўл пулини тўлашганига қарамай, ҳайдовчи улардан қўшимча пул талаб қилиб турган.

‒ Автобусни ГАИ ходимлари тўхтатиши билан ҳайдовчи, менда пул йўқ, ўзларинг йиғиб тўланглар, бўлмаса, у ёғига кетмаймиз, деб туриб олар эди,‒ дейди Фарзона.

Меҳнат муҳожирлари бошидан кечирган азоб-уқубатларни ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Баҳрулло Одинаев тасвирга олиб борди. Видеода автобус Самарқандда бузилиб қолгани ва у тузатилаётгани акс этган. Ташқарида кутиб турган йўловчилар ҳайдовчидан яхшилаб тузатишни илтимос қилади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси видеоси

Баҳрулло Одинаев 6 октябрь куни муҳожирларнинг автобусдаги сафар азоблари ҳақида эшитганини ва бунга гувоҳ бўлиш учун уларга ҳамроҳ бўлганини айтди.

‒ Сафар олдидан бизни чегарада кутиб турган автобусда барча шароитлар: wi-fi, иситиш ва ҳаво айланиш тизимлари бўлади, деб ваъда беришди. Уни оғзидан бол томиб мақташди. Лекин ҳаммаси ёлғон экан: дим ҳаво, совуқ, тинмай бузилишлар, ‒ дейди суҳбатдош.

Меҳнат муҳожирлари автобусдаги сафар шароитлари ёмонлигидан биринчи марта шикоят қилаётгани йўқ.

Учоқ чипталари қимматлиги учун кўпчилик тожикистонликлар автобус сафарини танлашга мажбур: Ўзбекистон ёки Қирғизистон чегерасига етиб олгач, у ёғига яна Россиягача автобусда кетади. Муҳожирлар Тожикистон чегарасидан чиқиб кетгандан сўнг ноилож қолади ва йўлни эски-туски автобусларда давом эттиришга мажбур бўлади.

“Чегарагача борамиз, деб айтган эдик-ку”

«Asian Еxpress» компанияси вакиллари яқин вақтгача республика чегарасидан ташқарига чиқишга ҳуқуқи бўлмагани, шунинг учун йўловчиларни Ўзбекистон чегарасигача элтиб қўйганини айтади.

Шартнома бўйича Россиягача уларни олиб бориб қўйиш мажбуриятини хусусий компаниялар олган.

​«Asian Еxpress» компанияси вакили Садриддин Азизов “Озоди” радиоси билан суҳбатда шундай деди: “Биз мижозларимизни фақат чегарагача элтиб қўйишимизни, ўша ердан улар бошқа автобусга миниши кераклигини айтганмиз. Биз уларга сафарга чиқишларидан олдин вазиятни тушунтирамиз. Автобус йўловчиларни манзилга элтиб қўймаган ҳолат бўлган эмас”.

Яқинда компания йўловчиларни Душанбедан Россиягача элтиб қўйиш ҳуқуқини қўлга киритди. Азизовнинг айтишича, 8 октябрь куни бундай олис сафарга илк марта ​«Asian Еxpress» компанияси автобуси чиқади.

XS
SM
MD
LG